Украинага йўналтирилган Россия ракеталари бир неча бор Молдова ҳаво ҳудудига бориб тушди. Россиянинг Украина энергетика инфратузилмасини ўққа тутиши Молдованинг энергия таъминотида узилишларга олиб келди.
Бундан ташқари, Молдова расмийлари Москванинг ўз мамлакатларига нисбатан риторикасини очиқ таҳдид деб билади ва Кремлни Молдовада давлат тўнтаришига уринишда айблайди. Мамлакатда оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда, унинг иштирокчилари Санду ҳукуматини кескин танқид қилиб, Россияни қўллаб-қувватламоқда.
Президент Майя Санду Ғарбдан ёрдам олиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Ўтган йилнинг июнь ойида Молдова Украина билан биргаликда Европа Иттифоқига аъзо бўлишга номзод давлат мақомини олди.
Айрим экспертларга кўра, ҳозирги вазиятда давлат тили номини ўзгартириш Кишинёвнинг Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси бўлган қўшни Руминия билан яқинлашиш йўлидаги навбатдаги қадами бўлиши мумкин.
Мамлакат аҳолиси бунга қандай муносабатда?
Ижтимоий тармоқлардаги бир неча минг лайкдан ташқари, ҳукумат қарори Молдова жамиятида деярли ҳеч қандай муносабат билдирмади.
Мамлакат аҳолиси учун "румин" ибораси 1990 йиллардан бери анча яхши таниш бўлиб қолган. Ўша пайтда мактабларда миллий тил дарслари аввалгидек молдован тили эмас, балки румин тили дарслари деб атала бошланди. Умумтаълим муассасаларининг дастурларида мамлакат тарихи "руминлар тарихи" деб номланган.
Руминия Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, 2009 ва 2021 йиллар оралиғида бир миллиондан ортиқ молдоваликлар Руминия фуқаролигини олди. Бу мамлакат умумий аҳолисининг 39,5 фоизини ташкил қилади.
Олдинги даврда олинган Руминия паспортларини ҳисобга олсак, бугунги кунда молдоваликларнинг камида ярми Руминия фуқаролари ҳисобланади.
Жамиятнинг аксарияти узоқ вақтдан бери Руминия билан чамбарчас боғланган, шунинг учун Молдовада давлат тили мақомининг ўзгариши мутлақо табиий ҳолат.
Ким қарши?
Майя Санду ва парламент қарорига мухолифат ва миллатчи гуруҳлар қарши.
Мухолифат — асосан социалистлар ва коммунистлар бўлиб, бу каби масалаларни ҳокимият “йўлак”ларида эмас, балки фақат халқ референдуми орқали ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлаб келади.
“Парламент комиссияларидан сўрадим: “Стефан сел Маре (15-16 асрларда Молдавия князлиги ҳукмдори) қайси тилда гапирган?” Молдаван тилида. Михай Эминеску 19 асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган шоир) қайси тилда шеърлар ёзган? Албатта молдаван тилида, чунки у Молдовадан. Димитрий Кантемир (17 асрда Молдавия князлиги ҳукмдори) молдаван тилида ёзган", деди Молдова Республикаси Коммунистлар Партияси (МРКП) раҳбари, мамлакатнинг собиқ президенти Владимир Воронин матбуотга берган интервьюсида.
Март ойи бошида, қонун лойиҳаси парламент томонидан қабул қилинганидан кўп ўтмай, Кишинёвдаги Конституциявий суд биноси ёнида тил номини ўзгартиришга қарши митинг бўлиб ўтди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, унда юзга яқин одам қатнашган.
Уларнинг айтишича, ҳокимият ҳар бир молдавияликка ммерос бўлиб қолган энг муқаддас нарса — ота-боболарининг тилига тажовуз қилган.
Руминия реакцияси
Бухарестда улар Молдова ҳукуматининг қарорига ижобий муносабатда бўлишди ва Кишинёвни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ишонтиришди.
"Мен Кишинёв парламенти томонидан Румин тили Молдова Республикасида расмий тил мақомига эга бўлган қонун қабул қилинганини олқишлайман. Тарихий ва илмий ҳақиқатнинг тан олиниши икки мамлакатнинг маданият ва тил муштараклигини тасдиқлайди”, деди Руминия Бош вазири Николай Чука.
"Мен Руминия Молдова Республикасига Европа йўналишида иқтисодиётни ривожлантириш ва унинг барча фуқаролари фаровонлигини таъминлашда сўзсиз ёрдам кўрсатаётганини тасдиқлайман ва Руминия ҳукуматининг суверенитет, ҳудудий манфаатларини, қўшни давлатнинг яхлитлиги ва барқарорлигини қўллаб-қувватлашига ишонаман”, деб ёзди у Facebook’даги расмий саҳифасида.
Москвада нима дейди
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ўзининг телеграм-каналида молдован тили Молдова аҳолисининг ўзлигини англаш рамзи эканлигини ёзди (постда Захарова мамлакатнинг совет номини ишлатади - Молдова).
"Молдова тилини рад этиш, Кишинёвдаги ҳозирги режимга савол туғдиради: ҳозирги Бессарабия (1940 йилгача Руминия томонидан босиб олинган) ва Днестр бўйидаги ерлар (1940 йилгача Украинанинг бир қисми бўлган) унда кимга тегишли? Агар улар тилини ўзгартирмоқчи бўлсалар, тарихий мантиққа амал қилиб, румин тилини молдаван тили, деб аташсин, аксинча эмас”, деб ёзди у.
Унинг сўзларига кўра, молдован тили, парадоксал равишда, расмий равишда фақат Приднестровьеда сақланиб қолган.
"Биз гаплашадиган тилни нима деб аташни ҳал қилиш бизнинг суверен ҳуқуқимиздир ва бизга тарих сабоқлари керак эмас. Биз Россия томонини мамлакатимизнинг ички ишларига аралашишга йўл қўймасликка чақирганимизни такрорлаймиз", дея жавоб берилган Молдова Ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазирлигининг баёнотида.
Румин ва Молдова: бу иккита тилми ёки биттами?
Кўпгина замонавий тилшуносларнинг фикрига кўра, румин ва молдаван бир тилнинг икки хил номлари холос. Бу фанда лингвонимлар деб аталади.
Молдаван тили анча қадимий бўлиб, у румин тилининг асосидир. Унинг адабий версияси 16—17 асрларда шакллана бошлаган ва ниҳоят 19 асрнинг иккинчи ярмида тўлиқ шаклланган.
Руминия давлатини яратиш жараёни 1859 йилда Усмонли империясининг вассал ерларида икки князлик — Молдова ва Валахиянинг бирлашиши натижасида бошланди. Бухарест сулҳ битимининг натижасида Усмонийлар империяси Молдавия князлигининг бир қисми — Бессарабияни Россия империясига беришга мажбур бўлди.
1917 йилги инқилобдан кейин Бессарабия вилояти қисқа муддат мустақил Молдова республикаси бўлиб қолди ва 1918 йилда Руминия таркибига кирди.
1940 йил 28 июнда Молотов-Риббентроп пактининг имзоланиши натижасида Руминия Бессарабия ва Шимолий Буковинани СССРга беришга мажбур бўлди, шундан сўнг Молдова кўп ўн йиллар давомида Молдавия ССР деб аталди.