Молиявий инқироздан кейин исломий молияга талаб ошди, нега? 

19:30 14.05.2019 802

XIX асрда Германия ва Аргентинада муваффақиятли савдо фаолиятини олиб борган машҳур иқтисодчи С. Гезелл инсонлар эҳтиёжи ёки маҳсулотлар сифатига эмас, балки аксарият “пулларнинг баҳоси” яъни фоизлар билан боғлиқ эканини асос қилиб олган ҳолда, фоиз ундиришни қоралаган эди. Бу таклиф Австрия, Франция, Германия, Испания, АҚШ каби давлатларда қўллаб-қувватланди. Аммо, у миллий банкларнинг монополиясига хавф сола бошлагач, ушбу ташаббуслар буткул бостирилди.

Аммо, 2008 йилдаги молиявий инқироздан кейин муқобил молияларнинг ўсиши янада кучайди. Дастлаб, исломий молиявий маҳсулотлар ҳаммабоп бўлмаган бўлса-да, охирги йилларда у кўплаб мижозларни ўзига жалб этмоқда. Буни Марказий Осиё давлатларида бўлаётган ўзгаришлар, янгича қарашларда ҳам кўриш мумкин.

Яқинда юртимизда ўтказилган исломий молиялаш форумида “Исломий молия асослари” китобининг муаллифи, Ислом тараққиёт банкининг Қозоғистондаги вакили Ерлан Байдаулетнинг бу борадаги бир қатор фикрларини ёзиб олган эдик.
Жорий йилда ўзбек тилига таржима қилинган мазкур китоб уч минг нусхада чоп этилган бўлиб, унда Ислом иқтисодиёти ва молиясининг ривожланишига доир барча маълумотлар киритилган.

“Исломий молия“ атамаси кўпинча “фоизни ман этувчи“ тизимни таърифлаш учун ишлатилади, – дейди Е.Байдаулет. – Лекин мана шундай содда баён этиш нафақат нотўғри, балки қўшимча чалкашликларнинг манбаси ҳам ҳисобланади. Зеро, ислом фойда олишни рағбатлантиради, лекин соф пул фоизлари ундиришни тақиқлайди. Чунки, меҳнат асосида фойда муваффақиятли тадбиркорлик ва қўшимча бойлик яратиш рамзи ҳисобланади. Бундан фарқли равишда, фоизлар-меҳнатга асосланмаган, фаолият натижасига боғлиқ бўлмаган ҳолда барибир ҳисобланадиган ва агар тижорий йўқотишлар мавжуд бўлса, бойлик ярата олмайдиган харажатдир.

Шариатда фоизлар ундиришнинг тақиқлаш мақсадларида ёки мантиқий асослашга нисбатан турли муносабатлар мавжуд. Барча фикрлар ва матнларни инобатга олиб, шуни тасдиқлаш мумкинки, ягона сабаб моддий бойликларнинг бир гуруҳ кишиларнинг қўлида тўпланишининг олдини олиш кўзда тутилган. Яъни бойликларнинг банк ёки алоҳида шахслар қўлида жамланишига олиб келадиган йўлларни тўсишга ҳаракат қилинган.

Бироқ, бу тизимга аҳоли орасида қизиқиш йил сайин ошиб бормоқда. Мисол учун, ўтган асрда исломий молия индустрияси глобал молиявий активларнинг қарийб 1 фоизини ташкил этган. 2002-2012 йилларда йилига 20 фоизга ўсди. Албатта, исломий банк ишидаги улкан ўзгаришлар йирик анъанавий банкларнинг ҳам диққат эътиборини, “исломий дарча“ деб аталадиган муқобил маҳсулотларни тақдим этишга қаратишга туртки бўлди.

Глобал иқтисодиёт соясида қолиб кетган исломий молия энди олдинги сафларга чиқиб олди. Ҳозирги вақтда исломий молия 100 ортиқ мамлакатда ишлаб турибди. Аксарият давлатлар қонунчилигида мазкур соҳа учун меъёрий-ҳуқуқий асос яратилган. Кўпчилик ўйлаши мумкин, исломий молиялаш асосан мусулмон давлатларда деб, бу нотўғри тушунча. 

Айни вақтда дунёнинг энг ривожланган ва мусулмон аҳолиси у қадар кўп бўлмаган давлатларида ҳам бу тизим ривожланмоқда. Мисол учун, АҚШда иккита - Иллинойс штатидаги Девон банк ва Мичиган штатидаги Юниверсити банк исломий молиялаштириш маҳсулотларини таклиф этмоқда. Улар нафақат ўз штатида, балки бошқа бир нечта шаҳар аҳолисига исломий молиявий маҳсулотларни тақдим этиш рухсатномасига эга.

Бу жараённи Буюк Британия мисолида ҳам кузатиш мумкин. Бу давлатда фаолият юритаётган 22 халқаро банк исломий молиявий хизматларни тақдим этмоқда. Уларнинг олтитаси шариат талабларига тўла мувофиқ келади.

Нега, унга қизиқаётганлар сони ортмоқда. Сабаби, банк фаолияти омонатчилар учун буткул очиқ. Омонатчи банкнинг шерикларидан бири сифатида кўрилади. Чунки, бундай банклар ва уларнинг омонатчиларининг фойдаси турли лойиҳаларга киритилган маблағлар ҳисобига, воқеликдаги товар ва хизматларни яратувчи тадбиркорлик фаолияти жараёнида шаклланади. Капитал фақат савдо ва ишлаб чиқариш мақсадларида ишлатилади. Банк асосан шерик (мушорака шартномаси) ёки траст жамғармаси (музораба шартномаси) сифатида иштирок этади. Ҳар икки томон - банк ҳам , мижоз ҳам шартномага кўра, лойиҳадан келадиган фойда ва зарарни тақсимлаб олади ва шунга мувофиқ фойда олиш учун саъй-ҳаракат қилади.

Мен кўплаб давлатларда исломий молиялашни ўрганиб, кузатиб бормоқдаман. Уларга кўра, айтишим мумкинки, кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳам Ислом молиясини ривожланиши жадаллашмоқда. Аслида ҳам юртингиз Марказий Осий давлатлари орасида аҳоли сони жиҳатдан биринчи ўринда туради. Бу дегани тизимни янада ривожланишининг асосий муаммоларидан бири Ўзбекистонда Ислом молиясининг ҳуқуқий базаси тўлиқ яратилмаганидир. Шунга қарамай, кўплаб лизинг хизмати кўрсатувчи компаниялар очилмоқда. Чунки, соҳага лизинг ва ижарани татбиқ этиш осонроқ.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, исломий молиялаштиришнинг вақф йўналиши Марказий Осиёга Ислом дини кириб келган даврдан бошлаб ёйила бошлаган ва Амир Темур бобомиз даврига оид вақф ҳужжатлари ҳозирги кунгача сақланиб қолган.

Сайёра Шоева, ЎзА

Манба

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!