Мўминнинг меърожи

12:00 23.07.2019 1455

Хуросон подшоҳи Абдуллоҳ ибн Тоҳир одил киши эди. Кунлардан бирида миршаблар уч ўғрини тутишди. Волийга келтириш вақтида улардан бири қочишни уддалади.

Шу кунларда ҳиротлик бир темирчи Хуросонга келган эди, миршаблар уни ўғри деб ўйлаб, бошқа ўғрилар қатори волийнинг олдига олиб боришди. Волий уларни зиндонга ташлашни амр қилди. Зиндонга тушган темирчи дарров таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиди-да, дуога қўл очди: “Эй Роббим! Менинг ўғри эмаслигимдан, мазлум эканлигимдан фақатгина ўзинг бохабарсан, айбсиз эканимни бировга исботлашга имконим йўқ, мени бу жойлардан чиқарадиган ягона Зот ўзингсан”, дея дуо қила бошлади.

Уйқуга кетган волий туш курди, тушида тўрт паҳлавон келиб, тахтини парча-парча қилмоқчи бўлганда, уйқудан уйғонди ва таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиди. Яна уйқуга бош қўйган эдики, аввалги ҳолат такрорланди, уйғониб, бировга ноҳақ зулм этганини тушунди. Зиндон қоровулини чақириб:

– Зиндонда мазлумга ўхшаган бири борми? – деб сўради.

– Волийим! У ер шундай жойки, ким мазлум, ким золим ажратиб бўлмайди, лекин бугун келганлардан бири фақат намоз ўқиб, дуо қилмоқда.

Волий темирчини чақиртириб, унга баъзи саволлар бериб, айбсиз эканини, ноҳақ зулм кўрганини англади.

 – Мени кечиргин, билмасдан сенга зулм қилдим, мана бу минг дирҳамни узр сифатида қабул қилгин ва қандай ҳожатинг бўлса тортинмасдан эшигимга келавер, – деди волий.

Темирчи:

– Волийим сизни кечирдим, майли, ҳадиянгизни ҳам қабул қиламан, лекин ишим тушганда сизнинг олдингизга келишни қабул қила олмайман.

– Нима учун?

– Менинг каби бир қулининг гапини қилиб, бир волийнинг хатосини билдирган Зотни қўйиб, сизнинг эшигингизга юзлансам, мендек бир қулга ярашадими? Роббим мени намозларим ва дуоларим билан қанча балолардан, хафаликлардан қутқарди, қанчадан-қанча орзуларимга етказди. Бунинг барчаси очиқ-ойдин кўриниб тураркан, қандай қилиб Роббимдан бошқанинг эшигига бораман? Ғаний сифатли Роббим ниҳояси бўлмаган раҳмат хазинаси эшигини барча халойиққа очган экан, қандай қилиб бошқасига бораман? Ундан ким нимани сўрадики, У бермади? Кимнинг қўли ундан бўш қайтди? Сўрашни билмасангиз, ололмайсиз. Ҳузурига адаб билан чиқмасангиз, раҳматига эришмайсиз. Шунинг учун мени Ўз соҳибим билан қуйинг, сиз ўз ишингни қилиб, ҳеч қачон адолатдан айрилманг, бундан сўнг мазлумни ранжитманг. Менинг мурожаат жойим Роббимнинг эшигидир, шунинг учун Роббим менга ҳар кун беш вақт намозни берган, намозни шундай билинг: у мўъминнинг меърожидир.

Туркчадан Дилшод АЛИЕВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!