Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Москва фаоллашмоқда: Россия Африкада қандай мақсадларни кўзлаган?

1914

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг ўтган ойда Африкага амалга оширган турнеси РФнинг нафақат қитъа давлатлари билан муносабатини, балки АҚШ, Европа, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва бошқалар билан Африка учун курашдаги ўйин қоидаларини ўзгартириб юбориши керак эди.

Кўпчилик таҳлилчилар Лавровнинг Миср, Конго республикаси, Уганда ва Эфиопияга сафарини Украина можароси контекстида баҳолади. Хусусан, Guardian колумнисти Жейсон Бурка буни қуйидагича изоҳлайди:

“Лавров Африка етакчилари ва оддий одамларни Россиянинг низода ва озиқ-овқат инқирозида айблаб бўлмаслигини ишонтиришга ҳаракат қилди”.

Аммо бошқа тарафдан Москва каттароқ мақсадни кўзлаган.

Африканинг геостратегик аҳамияти ҳеч кимга янгилик эмас. Ғарб ҳукуматлари, ақл марказлари ва ОАВ узоқ йиллар давомида Африкани Хитой ва Россиянинг ташқи сиёсий муваффақиятлари фонида ёритиб келди. Ғарб кўп йиллар Москва ва Пекин билан қитъага таъсир ўтказиш бўйича рақобат қилиб келди.

2019 йил майида The Economist журналида “Африка учун янги кураш” мақоласи эълон қилинади. Унда бутун дунё давлатлари “қора қитъа”га янги имкониятлар илинжида интилаётгани ҳақида сўз боради. 2010-2016 йилларда бутун қитъада 320 та янги элчихона очилган. Мақола муаллифи буни “тарихдаги энг йирик элчихоналар қурилиши” деб баҳолаган.

Хитой одатда фақатгина иқтисодий имкониятлар излайдиган давлат сифатида кўрилса-да, унинг Африка давлатлари билан муносабатларида бунинг аксини кўриш мумкин. Турли маълумотларга кўра, ХХР Саҳройи Кабир жанубида жойлашган давлатларга энг кўп қурол етказиб берадиган давлат ҳисобланади. Унинг мудофаа технологиялари эса бутун қитъага тарқалган. 2017 йилда Пекин Жибутида Африкадаги илк ҳарбий базасига асос солди.

Россиянинг ҳам ҳарбий таъсири геометрик прогрессда ўсиб боряпти. Москва асосан Шарқий Африкада Франция, АҚШ ва бошқа давлатлар билан рақобат қилмоқда.

Аммо АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларига нисбатан Россия, Хитой ва Ҳиндистон эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда. Улар ҳарбий иштирок, иқтисодий ҳамкорлик ва сиёсат ўртасида мувозанат ушламоқчи.

Масалан, Африка ва Хитой ўртасида савдо 2021 йилда рекорд даражани  қайд этди. 2 254 миллиард долларни ташкил қилиб, 2020 йилга нисбатан 35 фоизга ўсди.

Эндиликда коронавирус чекловлари юмшатилган бир пайтда икки томонлама товар айирбошлаш янада юқорига кўтарилиши тахмин қилинмоқда. Ғарбдаги иқтисодий рецессия ҳам Пекинга қўл келиши ва у иқтисодий экспансияни янада кучайтириши мумкин. Эътиборли томони, Хитой ҳозирнинг ўзида Африканинг энг йирик савдо ҳамкори саналади.

Россиянинг қитъа билан қалин алоқалари сиёсий дивидендлар ҳам келтирмоқда. Масалан, БМТнинг 2 март куни Москванинг Украинадаги ҳаракатларини қораловчи резолюциясида бетараф турган давлатларнинг ярми Африкага тўғри келади. Эритрея эса унга бутунлай қарши чиқди. Бу Россиянинг қитъада янги альянслар ярата олиш имкониятини кўрсатади. Шу билан бирга жорий геосиёсий рақобатда Москванинг асосий ҳамкори Хитойнинг таъсирини ҳам кўриш мумкин.

Аммо Африка позициясида ҳарбий техника ва савдодан кўра муҳимроқ омил бор. Бу тарих фактори.

“Африка учун илк кураш”да Европа уни босиб олиб, мустамлакага айлантиради. Унинг оқибатида юзага келган ҳодисалар замонавий тарихнинг энг қонли саҳифаларидан бири.

The Economist “Африка учун иккинчи кураш” деб атаган босқич “совуқ уруш” йилларига тўғри келади. Ўшанда Собиқ Иттифоқ мавжуд мустамлака ва неоколониализм тузумларини йўқ қилиб, уларнинг ўрнидаги давлатларни ўз таъсир доирасига олишга ҳаракат қилган эди.

Собиқ Иттифоқнинг парчаланиб кетиши бу жараённинг ўзгаришига, Россия маълум вақт чекинишга ва яна Ғарбнинг таъсири кучайишига олиб келди. Аммо бу узоқ давом этмади, аввал Хитой, кейинчалик Россия, Ҳиндистон ва Туркия, араб давлатлари ва бошқалар Ғарбни аста-секин суриб чиқара бошлади.Лавров ва унинг африкалик ҳамкасблари ушбу ҳолатни жуда яхши англайди. Россия коммунистик давлат бўлмаса-да, Лавров ўз чиқишларида совет даври ҳақида кўп гапирди, шу орқали у Москва ва Африка ўртасидаги ўзига хос муносабатларни кўрсатишга ҳаракат қилди. Масалан, Конгога ташрифи арафасида Россия бош дипломати “Россиянинг Совет Иттифоқи давридан буён Африка билан яхши муносабатлари бор”лигига урғу берди.

Бу шунчаки гаплар эмас. Бу Москванинг Пекин билан бирга Африкада узоқ муддатли геосиёсий қарама-қаршиликка тайёрланаётганидан далолат беради.

Оғир мустамлака ўтмиши ва Россия билан тарихий алоқалар ҳисобига кўплаб Африка давлатлари Ғарб гегемонияси панжаларидан чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқчи.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

431 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1059 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1644 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1302 19:36 06.02.2023

Россия ва Эрон Татаристонда дрон ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда

486 18:10 06.02.2023

Муфтий ҳазратлари Туркия халқига ҳамдардлик билдирди

582 17:41 06.02.2023
« Орқага