Россия ҳукумати Тожикистонда бешта мактаб қурилиши учун 150 миллион долларга яқин маблағ ажратди. ТАСС хабарига кўра, бу ҳақда Душанбегаа амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси бош вазири ўринбосари Алексей Оверчук маълум қилган.
Овурчукнинг сўзларига кўра, таълим рус тилида олиб бориладиган янги мактабларда россиялик ўқитувчилар дарс бериши, ўқув дастури эса Тожикистон учун махсус мослаштирилиши режалаштирилган.
Россия мактабларни қуриш ва жиҳозлаш ишлари ўз вақтида якунланишини, таълим муассасалари келгуси йил 1 сентябрда илк ўқувчиларни қабул қилишини кутмоқда.
“Барча бешта қурилиш объектида иш давом этмоқда, биз Тожикистон томони билан жуда яқин ҳамкорлик қилмоқдамиз, яхши жойлардан зудлик билан ер участкалари ажратилди. Бугун биз қўйган энг муҳим вазифа – бу болалар 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб ушбу мактабларга бориш имкониятига эга бўлишидир”, – деди Россия вакили.
Шунингдек, Оверчук Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон республикада рус тилини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлаб ўтди.