Мосулдаги “Ан Нурий” масжидининг тикланиши бошланди

09:30 18.12.2018 488

Ироқнинг Мосул шаҳрида вайрон қилинган “Ан Нурий” масжидини тиклаш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда Islam-today хабар бермоқда.

Эслатиш ўринли, 2014 йилда мазкур шаҳарни эгаллаган “Исломий давлат” гуруҳининг раҳбари Абу Бакр Бағдодий ўзининг “халифа”лигини эълон қилганди.

Юз берган уруш вақтида масжид жангариларнинг асосий ҳимоя қўрғони бўлди. Улар ўзларининг мағлубиятини билганидан сўнг масжидни портлатиб юборишди.

Маълумотларга қараганда, масжидни тиклаш ишларига беш йил кетади. Бироз қия ҳолда турган минора ўрнига айнан унинг кўринишидаги каби минора қурилади.

The National томонидан берилган хабарга кўра, масжиднинг тикланиш ишларини БАА томони молиялаштиради. Шу пайтгача 50 миллион доллар ажратиб бўлинди.

XII йилда қурилган “Ан Нурий” масжиди ўзининг Мосул рамзига айланган “букри” минораси билан машҳур эди. Шунингдек, ушбу минора Ироқ миллий пул бирлигида ҳам акс эттирилганди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!