Таҳлил

Наҳотки, шундай муаззинларни етиштириш имконсиз иш бўлса?

1072

Бир нарсага бўлган иштиёқ анчадан бери мени тинч қўймайди. У ҳам бўлса, юртимнинг минораларидан ҳақиқий, чиройли, эшитган ҳар қандай инсоннинг қалбини эритиб юборадиган даражадаги азон товушини эшитиш.

Буни аввал ҳам пост қилиб қўйган эдим. Қачонгача Туркия ёки бошқа мусулмон юртлардаги азонларни оғзимиздан бол томиб мақтаб юраверамиз? Наҳотки, шундай муаззинларни етиштириш имконсиз иш бўлса?!

Менинг назаримда, бу ишнинг муҳимлиги қорилар етиштиришдан ҳам долзарброқдир. Ҳатто ўнта ўртача қори етиштиришдан кўра, битта мана шундай, қалбларни титратиб юборадиган савиядаги муаззин бизга лозимроқ! Зеро, азон умумга тааллуқли Ислом шиори бўлганидан баъзи шахсий фарзлардан муҳимроқдир.

Нима учун шундай муҳим иш умуман савиясиз, лоақал Аллоҳ лафзини тўғри талаффуз этолмайдиган одамларга топширилиб қўйилаверади?

Баъзи масжидларда азонни шунчалик қўпол чақиришадики, эшитганларда намозга иштиёқ эмас, балки ғижиниш пайдо бўлади.

“Нега идора шу ишни қилмайди?” деб ақл ўргатавергандан фойда йўқ. Амалий ишга ўтсак.

Бу иш ўз-ўзидан бўлмайди. Бундай муаззинларни тарбиялаш керак.

Ақлимда минг хил режалар...

Менимча, қилиб бўлмайдиган иш эмас бу!

Аввало, кучли истак керак.

Менинг ақлимга келган бир неча вариант бор.

Биринчиси: гўзал азон айтиш мусобақасини ташкил қилиш. Бунда энг муҳим жиҳат ким чиройли азон айтса, шунга ғолибликни беришлик эмас, балки маълум бир мукаммал чақирилган азонни намуна қилиб бериб, шунга энг ўхшата олган муаззинни ғолиб деб эълон қилиш.

Иккинчиси: тўртта лойиқ даъвогарни Истанбулга юбориб, у ердаги азон курсларида ўқитиш. Менимча, турк қардошларимиз жон деб бу ишни зиммаларига олишади. Бундай таълим олганлар кейинчалик азон мактабларида бошқаларга ҳам ўргатадилар.

Учинчиси: ўзимизда шундай азон курсини ташкил қилиб, битта муаллимни Туркиядан таклиф қилиш.

Тўртинчиси: дунёдаги энг гўзал айтилган азонлардан бирини ҳар бир масжид имомига ёзиб бериб, битта мана шундай муаззин етиштиришни уларга вазифа қилиб бериш.

Ишонаманки, шу иш амалга ошса, ҳеч қачон масжидларимиздан баралла азон айтишга тақиқ қўйилмайди! Инсонларимизда намозга, динга бўлган муносабат ижобий тарафга ўзгаради.

Ҳой фарзандига меҳрибон ота-оналар!

Болам яхши ашула айтяпти, деб дарров мусиқа мактабига етаклаб бораверманглар!

Болангиз ундан-да шарафлироқ ишларга лойиқдир!..

Шоолим Шомансуров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Чўчқа ва қўй гибридидан яратилган қўй гўшти Ўзбекистонга келди деган хабарлар ростми?

4944 17:43 12.11.2019

Бир миллион доллар эвазига Бош вазир ва ҳокимнинг имзосини қалбакилаштирганлар ким?

1363 18:41 11.11.2019

Ҳафта дайжести: «Энг сара таҳлилий мақолаларни ўқишни унутманг!»

287 18:00 10.11.2019

Ҳафта дайжести: Ўзбекистон янгиликлари

332 16:00 10.11.2019

Истанбулдан Бухоро ва Самарқандга чартер рейслар йўлга қўйилади

412 09:00 30.10.2019

Тўйларни ўтказиш тартибини бузганлар жаримага тортилиши таклиф этилди

586 11:00 26.10.2019
« Орқага