– Мубашшир домла, дунёда рўй бераётган турфа ҳодисаларни синчковлик билан кузатиб боришингиздан хабардормиз. Янги юз йилликда ўзга дин вакиллари зеҳниятида мусулмонлардан қўрқиш, ҳадиксираш туйғуси илдиз отди. Қолаверса, муқаддас динимизни ёмонотлиқ қилиш, аҳли мўминдан “олабўжи” ясаш авж олган. Ҳатто Ғарб расмий доираларида мусулмонлар сони ошиб бораётганидан очиқ хавотир билдирилмоқда. Cизнингча, исломофобиянинг асл сабаби нима? Бу ҳолнинг вужудга келишида худкушлик, хунрезлик сингари жиноятларга қўл ураётган айрим қибладошларимизнинг ҳам айби йўқмикан?
– Сиз санаган ҳолатлар бизнинг асримизда пайдо бўлиб қолгани йўқ. Жоҳилият араблари янги ва охирги ҳанафийлик динини қабул қилмай, унга қарши курашни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаёқ бошлаган эди. Бу қаршилик ҳозирга қадар бир кун ҳам тўхтаган эмас. Салб юришлари, мўғул вайронгарчиликлари ва мусулмон ўлкаларнинг кейинги истилолари фикримиз далилидир. Бу ҳақ билан ботилнинг, диёнат билан залолатнинг зиддияти бўлиб, у Қиёматга қадар давом этади. Мазкур қадим муноқашанинг бугунида воситалар бир оз ўзгарган, албатта. Бизнинг давримизда ўтмишдаги ҳарбий юришлар ўрнини мафкуравий курашлар эгаллаган. Бунда исломофобиядан қурол сифатида фойдаланилмоқда.
Динидан чекинган, диёнати ночор, илммаърифати ҳаминқадар ва исломи кўпроқ зоҳирда акс этган ҳозирги мусулмоннинг аҳволи эса мухолифларга қўл келмоқда. Уларнинг “мусулмон қашшоқ, жоҳил, маданиятсиз, террорчи бўлади, мутараққий инсониятга қарши чиқади” қабилидаги ғаразли фикрларига мисол бўладиган тоифалар ислом оламида кўплаб топилади. Замондош мусулмон мутафаккирлар муаммо ташхисини қўйиб, ечимлар бераётганига қарамай, афсуслар бўлсинки, аҳвол кунданкун оғирлашмоқда. Назаримда, исломофобия қўлида ўйинчоқ бўлишимизга жаҳолат, қашшоқлик, қолоқлик ва онгсизлик каби ички; нифоқ, тамагирлик ва ғараз каби ташқи омиллар сабаб бўлмоқда. Биз ўзимизга дахлдор ички омилларни муолажа қила олсак, ташқи омиллар ўз-ўзидан кучию таъсирини йўқотади.
(давоми бор)
Манба: “Тафаккур” журнали