Мубашшир Аҳмад ўзбек қўшиқчиларининг нашида айтишига фикр билдирди

10:30 07.06.2018 6818

Куни кеча журналист Жасур Ҳамроев ва Azon.uz таъсисчиси Мубашшир Аҳмад домла ўртасида ижтимоий тармоқларда жонли мулоқот бўлиб ўтди.

Жасур Ҳамроев тармоқ фойдаланувчиларидан келган саволларни ўқиб эшиттирди. Жумладан, у қўшиқчиларнинг нашида айтиши бўйича қуйидаги саволни берди.

«Рамазон бошлагандан бери бир неча қўшиқчилар Исломий қўшиқлар айтишни бошлашди. Санъаткорларнинг мана шундай қўшиқ айтишини қандай изоҳлайсиз? Бу уларнинг иймони уйғониб кетганидан даракми ёки уриниб кўриш ҳаракатимикан?»

Мубашшир Аҳмад домла саволга қуйидагича жавоб берди:

“Инсоннинг ичидан нима ўтаётганини билмаймиз. Бунга баҳо беришга ҳаққимиз йўқ. Буни иймони йўқ ёки иймони уйғониб кетди деб айтишга ҳаққимиз йўқ. Фақат бир нарсани айтиш мумкин бўлади, ўзининг қалбида бўлмаган нарсани кўрсатиш шариатда риёкорлик ҳисобланади. Агар ҳақиқатда қалбида иймони жўш уриб, шунақанги нашид айтишларни хоҳлаб, бундан кейин бемаза қўшиқлар айтмайман, фақат энди шу йўналишда давом этаман деса, бу таҳсинга лойиқ. Буни биз олқишлаймиз.

Лекин нашид айтиш билан ўз обрўсини кўтаришни мақсад қилиб қўйган бўлса, кўриб турганингиздек ижтимоий тармоқларда буни барча қоралаяпти”, дейди Мубашшир домла.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!