Муборак кунлардаги жудолик. Устозни хотирлаб...

17:30 16.05.2019 1266

Эрталаб телеграмдаги каналлардан бирида  Ўзбекистон халқ ёзучиси Тоҳир Маликнинг оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни ўқидиму...   Ишонгим келмади! Машҳурлар атрофида айланадиган навбатдаги “миш-миш” бўлса керак, деб ўйладим. Аммо  бундай бўлиб чиқмади. 

Яқин инсонимни йўқотгандек кўз ёшларимни тўхтата олмадим.

Айни шу кеча-кундузда устознинг  “Тафаккур гулшани ичра” номли икки томлик асарларини мутолаа қилиш билан банд эдим. 

Ҳар сафар бу асарда жамланган файласуфларнинг пурмаъно ҳикматлари, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан келтирилган намуналарни ўқир эканман, буюк ҳикматлар гулдастасини тўплаб ниҳоятда эзгу ташаббус кўрсатганлари учун устоздан ғойибона миннатдор бўлардим...

Кўпчилик қатори бу адибнинг ижодига “Шайтанат” асаридан кейин мухлис бўлганман.   Ундан сўнг “Мурдалар гапирмайдилар”, “Иблис девори”, “Жиноятнинг узун йўли” қиссаларини, хусусан “Фалак” асарини қандай катта таассурот ва туйғулар билан ўқиганим ҳалиям ёдимда..

Ўшанда вақти келиб бу ижодкор билан бир жамоада ишлаш, уларнинг шахсан ўзларидан дастхат битилган асарларини олиш, газетамизда чоп этиладиган янги асарларини “тандирдан чиқиши” биланоқ биринчилар қаторида ўқишдек, айниқса улар билан ҳамсуҳбат бўлишдек бахтга мушарраф бўлишимни билмасдим...

Тоҳир ака газетамиз бош муҳаррири эдилар, аммо соғликларидаги муаммолари туфайли охирги пайтларда таҳририятга кам келардилар.

Устозда жуда кўп инсоний хислатларнинг гувоҳи бўлганман. Уларнинг бир ажойиб одатлари бор эди. У киши ҳимматли, очиқ қалб ва очиқ қўлли инсон эдилар.

Ҳар гал  ишхонага келганларида офисдаги ходимларга  нимадир  олиб келардилар.

Тошкентнинг ўзига хос таомларидан бўлган Тошкент гуммасини ёқтириб қолишимда Тоҳир Маликнинг ҳиссалари бор, десам адашмайман. Чунки устоз бизни тез-тез иссиққина гумма билан сийлаб турардилар.

“Баъзилар гуммани хуш кўрмайди, лекин менга ёқади” дер эдилар.  Қизлар емасдан тортиниб турганини кўриб, “Ичидаги масаллиғи ҳалол-покиза. Мен ишончли гуммачилардан оламан, тортинмай олаверинглар” деб қўшимча қилиб қўярдилар.  

Охирги марта офисимизга икки ой бурун келган эдилар.

Кечагидек эсимда, ўша куни тушликка чиқишга хушимиз келмай ўтиргандик, Тоҳир ака иккита пакетни тўлдириб иссиққина сомсаларни кўтариб келиб қолдилар. Десертига бир қути шоколад ҳам бор эди. Маза қилиб еб олгадик. 

 Ўша куни  устоз турли мавзуларда қизиқарли  гурунг бердилар. Газетамизни муҳокама қилдик, янгиликлар ҳақида гаплашдик. “Кузатиб бораяпман, аёллар қамоқхонасидан” қилаётган репортажларингиз қизиқарли чиқаяпти, менда ҳам бунақа репортажлар кўп бўлган”, деб ўзлари гувоҳ бўлган жиноят билан боғлиқ  ақл бовар қилмас  воқеалар ҳақида сўзлаб бердилар. 

Эртакдек тингладик.

“Майли, мен энди борай,”  деб ўринларидан қўзғалганларида уларнинг ёнларига бориб ўтирдим ва: “Устоз, ўғилчам ҳаққига дуо қилиб қўйинг,” дедим, “фарзандим, у кишдек аҳли илм, аҳли иймон  бўлсин”,  деган ниятда.

Қўлларини дуога очиб, фарзандим ва менинг ҳақимда Аллоҳга чиройли дуо қилдилар... 

Ўша куни устоз, кетганларидан кейин бир гап хаёлимдан ўтди:

Тоҳир аканинг шунақа суҳбатларини диктофонга ёзиб қўйишимиз керак-да. Улар ҳам ғанимат...

Кўнглимдан бекор ўтмаган экан... Мана орадан икки ой ўтар-ўтмас, энди  орамизда йўқ.

Шу ўринда бир маълумотни айтгим келди. 

Таҳририятимизнинг Тошкентдаги офисида ишлайдиган ходимлар ойликдан “черный касса» ўйнашга қарор қилдик.  Тоҳир акадан бир  оғиз сўраган эдик, дарров рози бўлдилар “менга ҳаммадан охирида берсанглар ҳам майли,” деб қўйдилар.  Шунга қарамай навбатни аниқлаш учун қуръа ташладик. 

Кейинги ойда “касса”ни олиш навбати уларники эди... Улгурмадилар... Улгурмадик...

Ҳа, ҳаёт ўткинчи, умр ғанимат, ўлим эса ҳақ экан.

Икки йил олдин “Ҳилол” нашриётида Шайтанат» романи (2 жилдли қайта нашри) ва «Дока рўмол қачон қурийди» китоблари тақдимоти бўлиб ўтган эди. Ўшанда Тоҳир Малик бадиий адабиётимиз ва жамиятимиздаги ҳолатлар борасида ўта ўринли, айни ҳақиқат бўлган фикрларни айтиб ўтган эдилар. 

“Бадиий адабиёт билан диний илм бирлашмас экан, биз ҳали кўп адашиб юрамиз. Бадиий адабиётдаги бу адашишлар ёшларни анча ноумид қилиб қўйиши мумкин”.

“Бир замонлар ўзбек халқини диндан чиқаришда ўзбек зиёлилари пешқадам бўлган эдилар. Энди ҳақ динга қайтаришда ҳам  зиёлиларимиз пешқадам бўлишлари шарт. Улар ўтиб кетдилар. Энди бизнинг авлод уларнинг хатоларини тузатишимиз шарт”, - деган таъкидларни қилган эдилар. 

Тоҳир Малик Аллоҳни таниган ва  қалами туфайли нечалаб қалбларга Аллоҳни танитган чин иймонли, соф эътиқодли инсон эди. 

Устознинг шудай улуғ, муборак кунларда  - жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилган, шайтонлар кишанланиб, қабрда азоблар тўхтатиладиган  Рамазон ойида  фоний дунёга риҳлат қилганлари ҳам беҳикмат эмас.

Аллоҳ устозни Ўз раҳматига олсин. Борадиган манзил-маконлари  жаннатнинг боғларидан бир боғ қилсин. Дунё ҳаётида қилган солиҳ, эзгу амаллари Ўзларига ҳамроҳ этсин. 

Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. 

Устозимизнинг оила аъзоларига, яқинларига,мухлисларига, барчамизга Аллоҳ сабри жамил ато этсин.  Амийн! 

Ситора Азизова, "Бекажон" газетаси журналисти

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!