Муборакнинг уйланиши

14:00 13.06.2018 1142

Қадимда яхши ишларни қилиб юрувчи Муборак исмли қул йигит бор экан. Унинг хўжайнининг катта боғи бор экан. Хўжайни:

-  “Эй, Муборак, сен шу боғда қоласанда, ундаги экинларни ўстирасан, дарахтларига мева киритасан”, дебди. Муборак боғга бориб ўша ерда тўрт ой қолиб ишлабди. Бир куни хўжайни боғни кўриш учун дўстлари билан бирга борибди. Муборакга:

-  “Бизга боғимиздаги мевалардан олиб кел-чи. Бир таъмини тотиб кўрайлик”, дебди. Муборат меваларни олиб келибди. Мевалар ҳали яхши пишиб етилмаган, тузукроқ шира кирмаган экан.

-  “Муборак, сен меваларнинг қайси бири яхши пишганини билмайсанми?” дебди Хўжайни. Муборак:

-  “Аллоҳга қасамки, сиз боғда ишлашимни буюрганингиздан буён бирор марта меваларни таъмини тотиб кўрмадим. Шунинг учун қай бири ширин эканлигини билмайман”, дебди.

Хўжайни ҳайрон бўлиб, бу алдаяптиёв, деб ўйлабди. Атрофдаги қўни-қўшнилардан сўрабди. Қўшнилар Муборакнинг ҳеч нима емаганини тасдиқлашибди. Хўжайни Муборакнинг ишончли, солиҳ, тақводор инсон эканлигини билибди. Уни чақирибда ва:

-  “Эй, Муборак, мен бир катта иш устида сен билан маслаҳатлашаман. Кел, менга маслаҳат бергин”, дебди. Муборак рози бўлибди. Хўжайини:

-  “Мени катта бойлигим бор, биласан. Шу билан бирга якка-ягона қизим ҳам бор. Унда пулдор бойлардан совчилар келяпти, нима дейсан кимга никоҳлаб берай?” дебди. Муборак:

-  “Яҳудийлар қизнинг мол-мулкига қараб совчи қўйиб, уйланади. Насронийлар гўзаллигига қараб усланади. Араблар эса обрўсига, насл-насабига қараб уйланади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари дину диёнати ва Аллоҳдан қўрқишига қараб уйланади. Сиз қайси турдансиз? Ўшанга қараб қизингизни никоҳлайверинг”, деб жавоб берибди.

-  “Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари билан биргаман. Қизимни тақводор яхши инсонга никоҳлаб бераман. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, Сендан-да тақводор инсон йўқ. Сени озод қилдим ва қизимни сенга никоҳлаб бераман”, дебди.

Шунда Муборак қизга уйланибди. Ўғиллик бўлишибди ва унинг исмини Абдуллоҳ қўйишибди. Тарихда ўтган Машҳур шахс Абдуллоҳ ибн Муборакнинг оталарини қиссаси эди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!