Муфассал фиқҳ. Каффорат ва унинг қачон вожиб бўлиши

03:00 14.06.2018 236

Каффорат луғатда – гуноҳни кечириш ва яшириш маъносидадир. У тавбанинг тамомига етиши ҳисобланади.

Шариатдаги маъноси эса, қул озод қилиш, ё рўза тутиш ва ёки таом беришдан иборат махсус ишларни ният билан қилишни тушунилади. Сифатига келсак, у вожиб бўлиш жиҳатидан жазо ва адо этилиш жиҳатидан ибодатдир. Уни тезлик билан бажариш вожиб, чунки у тавбанинг тамомга етишидир. Тавба эса дарҳол қилиш маъносида вожиб бўлган.

Каффоратнинг вожиб бўлиш далили

Каффоратнинг далил бўлиш далили қуйидаги олти муҳаддис ривоят қилган ва лафзи Бухорийга тегишли бўлган ҳадиси шарифдир: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтирган эдик. Шунда бир одам келиб: “Ҳалок бўлдим, ё Расулуллоҳ”, деди. У зот: “Сенга нима бўлди?” дедилар. У: “Мен рўзадор ҳолимда хотинимга яқинлик қилиб қўйдим”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Озод қилишга қул топа оласанми?”, дедилар. У: “Йўқ”, деди. “Икки ой узлуксиз рўза тута оласанми?” дедилар. У: “Йўқ”, деди. “Олтмишта мискинни тўйдирадиган нарса топа оласанми?” дедилар. У: “Йўқ”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб қолдилар. Биз ҳам шу ҳолатимизда тургандик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хурмо солинган катта бир идиш келтирилди. Шунда у зот: “Ҳалиги сўраган қани?” дедилар. У? “Мен”, деди. “Буни олгинда, садақа қил”, дедилар. У одам: “Мендан кўра фақирроқ кишигами, ё Расулуллоҳ? Аллоҳга қасамки, (Мадинанинг) икки томонида меникидан кўра фақирроқ хонадон йўқ”, деди. Унинг гапидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай кулдиларки, икки қозиқ тишлари кўриниб кетди. Сўнг унга: “Буни аҳлингга едир”, дедилар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!