Муфассал фиқҳ. Рўза китоби: Рўзанинг дуруст бўлиш шартлари (давоми)

21:30 12.05.2018 576

2 – агар аёл киши Рамазонда ҳайз ёки нифос кўрса, бу даврда у рўза тутишга буюрилмайди. Агар рўза тутса, рўзаси дуруст бўлмайди. Шаръан у рўзадор саналмайди. Ҳайзли ва нифосли аёлга рўзани очувчи ишлардан ўзини тийиши ҳаром ҳисобланади. Чунки улар томонидан рўза тутиш ҳаромдир. Ҳаром ишга ўхшатиш ҳам ҳаромдир. Бу икковиларига ҳайз ёки нифос сабабли қолдирган кунлари ададича қазо тутиш вожиб бўлади.

Кўпчилик муҳаддислар ривоят қилишларича, Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Бизга бу, яъни ҳайз етганда рўзанинг қазосига буюрилар эдик, намознинг қазосига буюрилмас эдик”.

Бу тўғрида рўза ва намоз ўртасидаги фарқ, намоз кўп такрорланади, шундан қазоси машаққатли. Рўза эса кўп такрорланмайди, шунинг учун қазосини тутиш қийин иш эмас.

Рўза хоҳ фарз бўлсин, хоҳ нафл бўлсин, ҳайзли ва нифосли аёлнинг рўзаси саҳиҳ бўлмайди. Агар аёл рўзадор бўлгани ҳолда қуёш ботишидан озгина олдинроқ ҳайз қони кўрса, мана шу кун рўзаси фасод бўлади. Фарз бўлсин, нафл бўлсин, бу рўзанинг қазоси унга вожиб бўлади. Фарзи унинг рўзаси саҳиҳ бўлмагани учун, нафли эса унга киришиш билан лозим бўлиб, тугатолмагани учун қазо қилинади.

Ҳайз ва нифос тугагандан кейин ғусл қилмасдан олдин рўза саҳиҳ бўлаверади. Аммо намозни кечиктиргани учун гуноҳкор бўлади.

Бу ерда шуни таъкидалаш керакки, рўза саҳиҳ бўлиш учун жунуб бўлмасликни шарт этилмайди. Ҳатто жунубликдан ғусл қилишга қодир бўла туриб, ғусл қилмаган бўлса ҳам рўзаси дурустдир. Бунга Имом Бухорийнинг Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятлари далолат этади. Бу ҳадисга кўра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда тонгни жунублик ҳолда қаршилардилар. Сўнг ғусл қилиб рўза тутаверардилар.

Лекин жунублик ҳолида қолиб, унда намознинг вақти ўтиб кетса, намозни тарк этгани ва вақтидан кечиктиргани учун гуноҳкор бўлади. Намозни тарк этгани ёки кечиктиргани рўзадорнинг рўзаси савобидан маҳрум бўлишига ёки тоати қабул этилмаслигига сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло “Моида” сурасининг 27-оятида: “Албатта Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади”, деган. Намозни тарк қилувчи асло тақводорлардан бўлмайди. Чунки намоз диннинг устунидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким аср намозини тарк этса, амаллари бекор бўлади”.

3 – рўзани бузадиган ишлардан холи бўлиши. Худо хоҳласа бунинг тафсилоти “Рўзани бузадиган ва бузмайдиган ишлар боби”да келади.

Мубашшир АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!