Муфассал фиқҳ. Рўзани бузадиган ва бузмайдиган ишлар (давоми)

21:00 09.06.2018 396

Одамнинг ичига кириб, унда ўрнашмаган нарса рўзани бузмайди. Аммо ичда ўрнашиб қолса ва у рўзадорнинг иши билан кирган ёки унинг танасига фойдали нарса бўлса, рўзани фасод қилади.

Ичда ўрнашмаслик икки ишнинг бири билан бўлади:

Биринчиси, ичга кирган нарсанинг бир қисми ташқарида қолиши.

Иккинчиси, кириши билан танада ўрнашмасдан ва ундан бирон нарса тарқаб кетмасдан туриб чиқиб кетмоғи. Бунга бир неча масалалар бино бўлади:

Ҳарорат ўлчагични орқасига киргизса, қуруқ бўлиш шарти билан рўзаси очилмайди. Чунки унинг бир қисми ташқарида қолади. Шунингдек қуруқ бармоғини орқасига ёки фаржига киргизса ҳам рўзаси бузилмайди. Агар бармоқ ҳўл бўлса, намлик ичда қолгани учун рўза бузилади.

Орқасини (орқа чиқариш йўли) чиқариб ювса, уни сочиқда артишдан олдин турса, сув ичига етгани учун рўза бузилади. Агар артса ва сўнг турса рўза очилмайди. Чунки йўлнинг ташига етган сув ичкарига ўтмасдан олдин кеткизилди.

Аёллар ишлатадиган пахтасини фаржига тўлиқ киргизса рўзаси очилади. Аммо унинг бир томони ташқарида қолса, рўза бузилмайди.

Агар табиб қуруқ ускунани рўзадорнинг ичига киргизса, сўнг чиқарса, рўзадорнинг оғзи очилмайди.

Бу ҳукмларнинг ҳаммаси кирган нарса ичкарида ўрнашмаган ҳолатларга тегишли. Аммо кирган нарса ичда ўрнашса, қаралади; агар у рўзадорнинг қўли билан кирмаган бўлса ёки унинг танасига фойдаси бўлмаса, рўзани фасод этмайди. Агар унинг ҳаракати билан кирган бўлса, ёки танасига манфаати бўлса бу ҳолда рўзани бузади.

Агар найза санчилса ё камондан отилса ва найзанинг учи рўзадорнинг ичида қолса, рўза бузилмайди.

Бунга қиёс қилсак, агар рўзадорга ўқ отилса ва ўқ унинг ичида ўрнашиб қолса, рўзаси очилмайди. Чунки бу иш унинг ҳаракати билан содир бўлмаган, шунингдек бундан унинг танасига фойда йўқ.

Агар чуқур жароҳат етиб у очилиб қолса, у жароҳат ичига тош тушса, рўзани бузмайди. Чунки иш рўзадорнинг ҳаракати билан содир бўлмади ва тошдан танасига фойда ҳам йўқ. Аммо шундай жароҳатга дори қўйса ва дори унинг ичига кетса, рўза очилади. Чунки бунда унинг қўли бор ва ичига фойдали нарса киргизди.

Агар рўзадор бир нарсани ичига киргизса ва ўрнашиб қолса, рўза бузилади, гарчи ундан танасига фойда бўлмаса ҳам. Бунга ўзига ўқ отиб, ўқ ичида ўрнашиб қолган ҳолат мисол бўлади.

Тиббий таҳмиллар (свечалар)ни ичга эркак ва аёлнинг орқасидан ёки аёлнинг олдидан киргизилса, уни хоҳ рўзадор ўзи, хоҳ бошқа киши киргизган бўлсин, рўзани бузади. Чунки бунда унинг танасига манфаат бор.

Агар дори ёки сувни сийдик йўлига томизса рўза бузилмайди. Чунки сийдик йўли билан тана ичи ўртасидаги туйнук ёпиқ бўлади. У фақат бавл қилиш пайтида очилади. Шунинг учун ҳам фуқаҳолар сийдик йўлига тана ичи ҳукмини беришмаган. Аммо рўзадор аёл олди орқали ичига бирор нарса киргизса рўзаси бузилади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!