Муфтий Муҳаммад Кавсарий

20:00 15.04.2019 761

Муфтий Муҳаммад Кавсарий (Абу Абдуллоҳ) Буюк Британиянинг Лайстер шаҳрида таваллуд топган. Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратларининг шогирди саналади.

У киши отаси шайх Мавлоно Одам қўли остида тарбия олди, униб-ўсди. Болалигиданоқ исломий илмларни ўзлаштира бошлади. 9 ёшида Қуръони каримни ёд олиб, ҳофизи Қуръон бўлди. 12 ёшида эса Буюк Британиядаги Дорул улум Барига ўқишга кирди ва шайх Муҳаммад Юсуф Моталий, шайхул Ҳақа каби кўплаб шайхлардан араб тили, фиқҳ, ҳадис, тафсир илмини ўрганди. Шу ерда у Ҳиндистон Бош муфтийси шайх Маҳмуд Ҳасан Гангоҳийдан ҳадис илми ҳамда бир қанча китоблар, хусусан олтита асосий ҳадислар тўплами бўйича ижозалар олди. Фиқҳ илмини ўқитишга асосланган махсус курсини тамомлади.

Муфтий Муҳаммад Кавсарий Дорул улумни якунлаганидан сўнг, Карачи томон йўл олди. Муҳаммад Кавсарий у ерда замонамизнинг энг донгдор, улуғ олимларидан бўлмиш, шариат қозиси (айни дамда нафақада) шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ва бошқа кўплаб олимлардан илм ўрганди.

Муфтий Муҳаммад Кавсарий «Закотнинг осонлаштирилган қоидалари», «Акциялаштириш масалалари», «Исломда туғилиш ва абортларни назорат қилиш» каби бир қатор асарлар муаллифи саналади.

Шунингдек, шайхнинг фиқҳга оид кўплаб мақолалари маълум ва машҳурдир. 

Муфтий Муҳаммад Кавсарий талабаларга, хусусан махсус курсларда исломий ва замонавий илмларни уйғунлаштирган ҳолда кўплаб маърузалари билан иштирок этган. Бугунги кунда ҳам у киши ўз маърифий фаолиятини давом эттира туриб, Буюк Британия бўйлаб сафарлар уюштирмоқда.

Ҳозирда Муфтий Муҳаммад Кавсарий Лайстер шаҳрида истиқомат қилади. Шайх «Жоме улум ал-Қуръон» муассасасида директор бўлиши билан бир қаторда, у ерда турли исломий фанлардан сабоқ ҳам бермоқда, «Дорул Ифто» Ислом ҳуқуқи институтида тадқиқотчилик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.

Муфтий, шунингдек Ал-Калом Шариа (мусулмон истеъмолчилари ва тадбиркорларига шариатга мувофиқ равишда асосли ва қониқарли маълумотларни етказиш мақсадида очилган) олимлар комиссияси аъзоси, Ислом соғлиқни сақлаш таълими уюшмаси ҳузуридаги Маслаҳат кенгаши аъзоси ҳамда Ислом молияси масалалари бўйича шариат маслаҳатчиси ҳам ҳисобланади.

Анвар Абдуллоҳ тайёрлади

Манба: islom.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!