Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Муфтий Нуриддин Холиқназаров мамлакатимиз аҳли илмларига мурожаат йўллади

4681

Муфтий ҳазрат ушбу мурожаатни анчадан бери дилга тугиб, мавридини кутиб, бугун айтиш фурсати келганини, буни айнан бир ёки икки кишига қаратилмаганини таъкидлаб ўтди. “Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий фалончи домлага раддия берибди ёки фалончининг гапига муносабат билдирибди, деган жимжимадор сўзларни қўйиб, бошқача талқин қилишларини хоҳламайман. Шунинг учун бугунги менинг мурожаатим, суҳбатим якка бир шахсга қаратилмаган. Балки бу жамиятимиз учун, барча мўмин мусулмонлар учун, хусусан, менинг ўзим учун ҳам керак бўлган мурожаат. Агар буни ҳозир гапирмасак, бугун шу муаммонинг олдини олмасак, эртага жуда катта-катта муаммоларга, фитналарга сабаб бўлади. Шунинг учун, Аллоҳнинг марҳамати билан бугун сизларга ушбу мурожаатни йўлламоқчиман. Бу менинг ноқис ақлимдан эмас, азизлар. Балки, бу гаплар шариатнинг гапи деб қабул қиласиз. Бу биргина китобдан эмас, балки бир неча китоблар жамланмаси ва бир нечта уламолар фикридан келиб чиқиб, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси уламолари номидан айтиляпти. Шунинг учун буни фатво сифатида қабул қилишларини сўраймиз”, дейилади мурожаатномада.

Шунингдек, муфтий бугун мамлакатимизда диний эркинлик туфайли аҳоли Қуръон ва тажвид ўқув курсларида бемалол ўқиб, малака ошираётгани, Ўтган йили қирқ мингга яқин фуқароларимиз Байтуллоҳни зиёрат қилиб, Умра қилиш бахтига мушарраф бўлганини, ўн икки мингдан зиёд мўъмин мусулмонлар Ҳаж амалини бажаргани тўғрисида таъкидлади.  

Шу ўринда бугунги кунда ижтимоий тармоқларда диний мавзуда билиб-билмай баҳслашаётган, тортишаётган одамларга ҳам эътибор қаратди. Кейинги пайтларда дилни хира қиладиган фойдасиз тортишувлар, низолар ҳам авж олгани, бу одамлар орасида турли тушунмовчиликларга сабаб бўлаётгани, фитна келитириб чиқариши мумкинлигига эътибор қаратди. Айниқса, устоз кўрмаган, тармоқлар орқали маърузалар тинглаб, динни мана шу деб ўйлаётган ёшлар орасидаги тортишувларга барҳам бериш кераклигини эслатди. “Гўёки мана шуни гапираётиб хато қилаётган домлаларни тинглаётганлар дин мана шу деб тушуниб қоляпти. Ва барча аҳли илмлар мана шундай деб ўйлайди. Натижада улар қаторида Аллоҳнинг динига холис хизмат қилаётган тақволи, парҳезкор, олим устозларни ҳам мана шулар қаторида кўриниб қолиши жуда мусибат. Шунинг учун биз мана шу нарсаларни тўхтатишга, ижтимоий тармоқ бўлсин ёки бирор бир мажлис, масжид, минбар бўлсин, қандай гапиришликка имкон бериб турган макон бўлишидан қатъи назар гар бир гапиргучи, ҳар бир баҳс қилувчи ўзимизни ислоҳ қилишга чақирмоқчиман”, деди Нуриддин домла Холиқназаров. 

Ҳақиқатан ҳам кейинги пайтларда билиб-билмай диний мавзуда ижтимоий тармоқлар орқали пост қўядиганлар, шулар туфайли юртимиз уламоларини обрўсизлантиришга уринишлар бўлаётгани айни ҳақиқат. Қиёматда ҳар бир сўз учун жавобгармиз. Бугун ёшлар мана шу нарсани билмоғи керак. 

“Эртага Aллоҳ ҳузурига борганда ҳаммамиз жавоб берамиз. Дин азизлар тортишув, мунозара, ҳақорат, бир-бирини камситиш, биридан-бирини устун қўйиш, сендан мен олимроқман деб тортишувлар учун келган дин эмас, дин бу насиҳат азизлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам "дин бу насиҳатдир", деганлар. Ана шу қоидага мувофиқ биз бугун жуда ҳам муомаламизда эҳтиёт бўлишимиз керак, – дейилади мурожаатномада – Аввало Қуръонга мурожаат қилсак, “Наҳл” сурасининг 125-оятида Аллоҳ шундай марҳамат қилади (оят). Аллоҳ Раббингни йўлига ҳикмат ва яхши маъвиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт. Албатта, Роббинг ўз йўлидан адашганларни ўта билгучи ва ҳидоят топгучиларни ҳам ўта билгучидир. Ушбу оят расулимиз алайҳиссаломнинг инсонларни даъват қилишда мазкур учта сифатга амал қилишга буюрмоқда. Яъни Аллоҳнинг йўлига чақиришда ҳикмат, маъвизаи ҳасана бўлиши . Ва улар билан чиройли муомала қилишга чақириляпти”.

Муфтий ҳазратлари оятларни тугал шарҳлаб, инсонлар орасини ислоҳ қилишда шариат буюрган ҳар бир ишни ҳикмат ва гўзал маъвиза ҳамроҳ бўлишини айтиб берди. Ваъз-насиҳат қилаётган киши аввало вазиятни тўғри баҳолаши ва унга мулойимлик ва ҳикмат билан ёндашмоғи кераклиги тушунтириб берди.Юқоридаги ояти карима Макка мушриклари мусулмонларга қаттиқ озор бераётганда нозил бўлганини инобатга олсак, Аллоҳ ўз Пайғамбарига, улар орқали бандаларига мана шундай вазиятда ҳам ҳикмат ва мулойимлик йўлини танлаш лозимлигини бир оят орқали уқтирган. Кофир кимсаларгаки чиройли насиҳат қилиш буюрилаётган бўлса, унда мусулмоннинг мусулмонга насиҳати қандай бўлиши, дағаллик, қўполлик, ҳақорат мусулмонга хос эмаслигини таъкидлади.

“Оли Имрон” сурасининг 159-оятида (оят). Аллоҳ Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қараб айтяпти: Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдингиз. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингизда, атрофингиздан тарқалиб кетар эдилар. Бас, уларни авф этинг, уларга истиғфор айтинг ва уларни ишларда машварат қилинг. Азми қарор қилганингиздан сўнг Аллоҳга таваккал қилинг. Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир. Ояти каримада Аллоҳ марҳамат қилиб эслатяпти, агар Аллоҳнинг раҳмати билан сиз мулойим бўлмаганингизда, агар қалбингиз қаттиқ бўлиб, қўпол ва дағал бўлганингизда бу одамлар сизнинг атрофингизга жамланмас эди. Саҳобаларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларига жам бўлишига энг катта сабаб ул зотнинг мулойимликлари, дағал бўлмаганликлари ва кечиримли бўлганлари”, деб оятни шарҳлар экан, муфтий ҳадислардан ҳам мисоллар келтириб, динда енгиллаштириш борлигини, одамларга бир нечта йўл турганида енгилроғини танлаш лозимлигини уқтириб ўтди. 

Диний маъвизалар жараёнида жамоатдагиларнинг ёшиҳисобга олинмай, ота-билан фарзанд, ака-ука ўтирган пайтда айтилмайдиган, насиҳат сўраган одамга ҳоли тушинтириладиган гаплар минбарга чиқиб кетаётгани ачинарли ҳол. Жамиятда қанча ечимини кутаётган мавзулар туриб, ҳақорат, хунук сўзлар билан озор етказишга ўтиб кетиш мусулмон одобига, хоссатан илм кишисига ярашмаслиги айтилди. 

Тирноқ олиш, поябзални қандай кийиш, дастурхон дуоси, таҳоратдаги ҳолатлар каби маиший мавзулар атрофида тортишиб, мунозара қилиниши уламолар шахсини майдалаштириб кўрсатяпти. Бугун жамиятимизда эр хотинини ўлдириб қўйиши, фарзанд отасига қўл кўтариши, келин қайнонани ураётгани ижтимоий тармоқларда чиқиб қоляпти. Мусулмонман, деб даъво қилаётган, диннинг моҳиятини билмасдан мана шундай иш қилаётганлар қолиб, майда мавзуларда тортишиш, ҳақоратгача бориш оммалашиб кетяпти. Ака-укалар муносабати тубан ҳолатга келиб, бир-бирига пичоқ кўтариб юрган одамлар ҳақида насиҳат қилишимиз керак эмасми? Қўни-қўшнилик, қон-қариндошлик муносабатлари, ёшларнинг илм олиш даражаси гапирадиган катта мавзулар эмасми? Замонанинг ҳолатини, воқеъликни билмай туриб, маиший мавзуларда тортишиб ётишибди.  

“Бизнинг айтаётган баъзи бир гапларимиз баъзи оилаларни тубдан ўзгартириб юбориши, ҳатто баъзилар орасига нозо солиб қўйиш мумкинлигини умуман ҳисобга олмаяпмиз. Бугун воқеъ бўлиб турган ҳолатдан келиб чиқиб гапиришимиз керак. Илмли кишилар аввало ўзлари вазиятни тўғри баҳолаб, тўғри таҳлол қила олишлари ва шунга қараб хулоса чиқаришлари лозим”, деди бу масалади домла. Гапиришда жой, ҳолат, миқдорни ҳисбга олиш муҳим эканини, гапиришнинг олтин қоидасига амал қилишни уқтирди. Мунозара маданияти билмай, шерикни енгилишига мақсад қилиб, бирини бири куфрга ҳукм қилиш ҳолатлари ижтимоий тармоқларда хос одатга айланди. Ҳар қандай мунозарадан мақсад дўстнинг, аввало инсон ўзининг хатосини тўғрилашдан иборат эмасми?

Мунозара имкон қадар хилватда бўлиши, ҳақиқатни топилишида фаҳм хотирасини жамлаш учун хилват лозимлиги уқтирилди.

“Биз шундай муомала қилайликки, бизнинг муомаламизда, бизнинг одобимизда Пайғамбаримиз алайҳисаломнинг муомала одобини кўрсинлар. Ана бу бизнинг гўзал хулқимиз бўлади. Азизлар, бугун қўлимиздан келганича яна бир карра биз сизларга илтимос қилдик. Ўйлайманки, устозларимизнинг катталари бизни тўғри тушунадилар. Мен бирорта бир шахсни назарда тутганим йўқ. Фалончи деган исмни ишлатганим йўқ.

Бирон бир одамни ирода ҳам қилмадим. Ўзимдан бошлаб диннинг хизматидаман днб турган ҳаммаларимизга ёки диннинг муҳиби – севувчиман, деб турганларга ёки мен мухлисман, деб бир-бири билан тортишиб турганларнинг ҳаммасига Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бугунги кўрсатмаси, бугунги тавсиясини омонат ўлароқ етказиб қўйдим. Ҳаммамизни шу қавлларга амал қиладиган қилсин. Бир-биримизга меҳр-оқибатли қилсин, бир-биримизни яхши кўрувчи қилсин. Юртимизни тинч қилсин, фарзандларимизни ҳидоятли, илмли, тақволи қилсин. Шу ўринда баъзи бир ёш домлалармиз томонидан ёки аҳли илмман деб туриб бизга тобе бўлиб, нотўғри гап гапириб қўйган, кимнидир дилини оғритган, кимгадир озор берганларимиз бўлса, улар номидан мен узр сўрайман. Ходимларимизнинг билмасдан қилган камчилигини диннинг хатоси деб қабул қилманг Шахслар хатоси узр ила ювилади. Узримизни қабул қилгайсиз. Аллоҳ ҳаммамизни ҳидоятда қилсин”, деб мурожаатномага якун ясади мусулмонлар идораси раиси. 

Юқорида айтилганидек, бу фикрлар нафақат муфтий ҳазратларининг, барча уламоларнинг фикри. Зеро, илм Қуръон ва ҳадислардан ундан кейинги олиму уламолар фатволаридан олинган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Тепағон оқсоқол»га чора кўрилди

440 21:09 28.11.2022

Пермь университетида отишма уюштирган шахс бир умрга қамалиши мумкин

199 20:12 28.11.2022

Шаҳбоз Шариф: «Покистон ва Туркия ресурсларни бирлаштириши керак»

296 19:40 28.11.2022

Исроил журналисти: Қатарнинг қатъияти барчани ҳайратга солди

1274 18:35 28.11.2022

Boeing Пентагонга Украина учун арзон кичик ўлчамли бомбалар ишлаб чиқаришни таклиф қилди

247 18:05 28.11.2022

Эрон АҚШ устидан ФИФАга шикоят қилди

793 17:35 28.11.2022
« Орқага