Муфтий Усмонхон Алимов Урганч шаҳридаги янги масжидга ташриф буюрди

17:20 28.11.2018 459

Бугун, 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг Хоразм вилоятига сафарлари бошланди. Муфтий вилоятга ташрифни янги «Ниёз Муҳаммад Охунд бобо» жоме масжиди билан танишишдан бошладилар, дея хабар бермоқда Muxlis.uz канали.

Муҳтарам Президентимиз ўтган йил январь ойида Хоразм вилоятига ташрифлари давомида ушбу масжид пойдеворига биринчи тамал тошини қўйиб, масжиднинг кўркам, барча талаб ва эҳтиёжларга мос бўлишини таъминлаш бўйича топшириқлар бериб, фикр-мулоҳазалар билдирган эди. Орадан бир ярим йилдан ошиқроқ вақт ўтгач, хайрли иш ниҳоясига етди. Умумий майдони 3,5 гектарни эгаллаган масжид мажмуасида 4000 нафар намозхон учун барча зарур бўлган шарт–шароитлар муҳайё қилинди.

Муфтий янги масжидга ташрифлари давомида мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликлар ва жоме масжидни ўзига хос услуб ва меъморчилик асосида бунёд этилганига алоҳида эътибор қаратдилар.

Масжидга жам бўлган мўйсафид отахонлар давлатимиз Раҳбари томонидан халқимизга туҳфа этилган мана шундай муҳташам жоме масжид учун миннатдорлик сўзларини изҳор этиб, она-Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаравонлигини тилаб муфтий бошчиликларида дуои хайрлар қилдилар.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!