Муфтий Усмонхон Алимов «Вашингтон масжиди» жамоати билан учрашди

14:20 25.05.2019 1368

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов АҚШга қилган сафари давомида Вашингтон шаҳридаги энг қадимий масжид ҳисобланган “Муҳаммад” номли жомеъда мўмин-мусулмонлар билан учрашди. 

Ушбу жоме имом-хатиби Толиб Шариф жаноблари ўзаро мулоқотда ўтган йили Ўзбекистонга ташриф буюргани, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий ишларни ўз кўзи билан кўрганини билдирди.

“Муҳаммад” номли жоме масжид жойлашган ҳудудда Ислом маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш ва ташкилотларда исломий тушунчаларни етказишда Имом Толиб Шариф жанобларининг хизматлари жуда катта экани кўпчиликка маълум.

Маълумот ўрнида, “Муҳаммад” масжиди 1930 йилда барпо этилган АҚШ пойтахти Вашингтондаги энг қадимий масжид ҳисобланади. Ушбу масжид жойлашган ҳудудда жуда кўп мусулмонлар истиқомат қилади. Шаҳар четида масжидга қарашли ёрдамчи хўжаликлар ва вақф ерлари ҳам мавжуд бўлиб, тушган даромадлар ушбу масжид ва мўмин мусулмонлар эҳтиёжлари учун сарфланади. Жума кунлари масжидга 500-600 намозхон ташриф буюради. Машҳур боксчи, жаҳон чемпиони Муҳаммад Али ҳам ушбу масжид қавмидан бўлган.

Ушбу жоме “Миллат масжиди” ва “Вашингтон масжиди” номлари билан ҳам машҳурдир. Масжид узоқ йиллар шаҳар, туман ва Колумбия округининг, қолаверса қатор масжидларнинг энг йириги ҳисобланган. Дин Муҳаммад исмли аллома ушбу масжидга дастлабки имомлик қилганлардан биридир. У фаолияти давомида миллионлаб мусулмонларнинг оғирини енгил қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби ишларни бажарган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!