Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Мўғулларнинг исломни қабул қилиши

1829

Ўрта аср мўғул босқинчилари тарихда мусулмон юртларини вайрон қилган, бутун шаҳарларни ер билан яксон қилган, ортидан ўлим ва вайронагарчиликдан бошқа ҳеч нарса қолмаган шафқатсиз кўчманчи жангчилар сифатида танилган. Балки бу кейинги даврларда мўғул ҳукмдорларининг ислом динини қабул қилишини бироз ҳайратланарли қилиб қўйгандир, деб ёзади Ҳафса Одил Чугтай.

Мўғулларнинг ҳалокатли истилосидан сўнг янги мусулмон империяси пайдо бўлди. Бу жараён Олтин Ўрда хонларидан бошланиб, Мўғул ҳукмдорлари ва Илхонлар томонидан ислом динини қабул қилиши билан давом этди.

Чингизхоннинг набираси, Жўчининг ўғли Берке (1209-1266) ислом динини қабул қилган биринчи мўғул хони ҳисобланади. Унинг динга кирганлиги ҳақидаги манбалар жуда кам, гарчи унинг сарой аъёнлари ва ҳамроҳлари у билан бирга ислом динини қабул қилиб, сарой мажлисларида бу динга амал қилишларини очиқ кўрсатган, деган тахминлар мавжуд.

Мўғуллар Айн-Жолутда мағлубиятга учрагач, Берке аввал мамлук султони Қутуз билан, сўнгра султон Байбарс билан иттифоқ тузади. У билан Ҳулагу ўртасидаги қарама-қаршилик мўғуллар империясининг парчаланишига олиб келди. Айрим тарихчиларнинг фикрича, Беркенинг Ҳулагуни ўзаро низолар сари тортиши Исломнинг муқаддас ерлари Макка, Мадина ва Қуддусни худди Бағдод бошига тушган балолар келишига тўсқинлик қилган.

Беркенинг ворислари Туда-Менгу (1282-1287) ва Ўзбек (1312-1341) ислом билан Олтин Ўрда ўртасидаги алоқани таъминлаган. Ўзбекхон даврида бу дин расмий тус олди. Француз олими Мари Фаверо шундай деб ёзади: «Бу ўзгаришлар шунчаки сиёсий оппортунизм бўлиб қолмай, балки янги ижтимоий ўзликни ифодалаб берди ва чингизийлар мафкураси доирасидан ташқарига чиққан жамоавий бирдамлик манбаи эди».

Кейинги ўн йилликларда тўрт хонликнинг учтаси у ёки бу вақтда ислом динини қабул қилган. Хулагунинг бевосита авлоди бўлган Хулоғийлар давлатининг Илхони Ғозонхон (1295-1304 йилларда ҳукмронлик қилган) исломни расмий дин деб эълон қилиб, зодагонларни улардан ўрнак олишга мажбур қилган. Бу вақтга келиб Хитойдаги мўғул ҳукмдорлари билан алоқалар узилиб қолган. Ғозонхон бошқа мусулмон сулолалари билан доимий тўқнаш келган бўлсада, ислом уламоларига ҳомийлик қилган.

Чағатой хонлиги гарчи бу жараён қийинчиликсиз ўтмасада, ислом динини қабул қилишда учинчи бўлди. Тармаширинхон (1331—1334 йилларда ҳукмронлик қилган) мусулмон бўлгач, буддизм ва тенгрипарастликка эътиқод қилишда давом этган мўғул зодагонлари буни маъқулламади. Хон Мўғулистоннинг ахлоқ қоидаларини бузганликда айбланиб, ўлдирилган. Фақат Туғлуқ Темур даврида (1347—1360 йй.) хоннинг ўзи ва унинг қўл остидаги 120 мингга яқин халқи исломни қабул қилганидан кейин хонликда ислом ҳукмрон динга айланди.

Учта ғарбий хонликдан фарқли ўлароқ, тўртинчи мўғул давлати Юань империяси (замонавий Хитой ҳудуди) асосан буддист бўлиб қолган ҳолда исломни қабул қилмади. Баъзилар Исломни қабул қилган мўғул хонлари ва зодагонларининг самимийлигига шубҳа қилиб, иқтисодий ва сиёсий манфаатларга урғу берган бўлсада, Питер Жексон: “Бундай динга ўтишни «қисман» ёки «самимий эмас» деб таърифлаш нотўғри, чунки бизнинг нуқтаи назаримиз Исломни қабул қилган мўғул ҳукмдорларининг самимиятини баҳолашга имкон бермайди. Кўпинча, бундай ҳукмлар чуқур ички ўзгаришлар атрофида айланадиган диний қарашлари ва Ғарбнинг христиан нуқтаи назари ва тажрибаларига асосланади”, дея эслатади.

Нима бўлганда ҳам Бағдод қулаганидан 100 йилдан камроқ вақт ичида империянинг ғарбий қисмидаги барча мўғул ҳукмдорлари исломни қабул қилиб, бу диннинг шарққа ёйилиши ва минтақанинг қиёфасини бутунлай ўзгартириши мумкин, деб камдан-кам одам тахмин қила олар эди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қурол савдоси: Россия қуролларига харидор камаймоқда

85 12:36 06.12.2021

Россияда қолиб кетган ҳамюртларимиз учун махсус поезд қатновлари амалга оширилади

58 12:08 06.12.2021

“Спутник” билан эмланганлар Саудия Арабистонига кира олади

186 11:30 06.12.2021

Хитой раҳбари динларни хитойлаштиришга чақирди

1255 10:03 06.12.2021

Исломофобия: Кипрдаги масжидга ҳужум уюштирилди

282 09:35 06.12.2021

Кобулда Германия элчихонаси қайта очилиши мумкин

163 09:10 06.12.2021
« Орқага