Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат

22:20 05.12.2018 261

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай деган: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): "Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир". Айтинг: "Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз!" Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас" ("Оли Имрон" сураси, 31-32 оятлари).

Буюк ватандошимиз имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда токи мен унга ўзининг аҳлидан, молидан ва жамики инсонлардан кўра суюклироқ бўлмагунимча, ҳаргиз (комил) мўмин бўлмайди”, деганлар.

Шунингдек, Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган яна бир ҳадисда: “Агар Мусо ва Ийсо менга йўлиқганларида (яъни, мен билан кўришганларида) менга эргашган бўлар эди”, деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиш – у зотнинг суннатларини ақлимиздан устун қўйишимиз билан бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиш – у зотнинг суннатларини молу жонимиз, хатти-ҳаракат ва гап-сўзларимиз билан қўллаб-қувватлаш ва муҳофаза қилиш билан бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиш – у зотга зоҳиран ва ботинан эргашиш билан бўлади.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга зоҳиран эргашиш – шариатнинг фарзларини адо қилиш, ҳаром қилинган нарсалардан сақланиш, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан хулқланиш, шамоиллари билан музайян бўлиш, одоблари билан одобланиш, ортларидан изма-из эргашиш, у зот алайҳиссалом ҳақларида келган хабарларни топиб, ўқиб ўрганиш, ғафлат аҳли ва ҳавои-нафсига қул бўлганлардан узоқда бўлиш, дунёга ҳирс қўйишни тарк қилиш, охират амаллари билан машғул бўлиш ва охират аҳлига яқин юриш каби амаллар билан амалга ошади.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ботинан эргашиш – иймонни мустакам қиладиган ақлий ва нақлий далилларни ўрганиб, яқиний иймонни ҳосил қилиш, шукр қилувчи ва ҳаёли бандалардан бўлиш, қалбни Аллоҳ таоло учун бошқа барча нарсалардан фориғ қилиш, Аллоҳнинг зикри билан хотиржамликни ҳосил қилиш кабилар билан амалга ошади.

Қайси бандада ушбу нарсалар топилса, у банда мазкур оятда баён қилинган катта насибани қўлган киритган бўлади: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): "Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз” "(Оли Имрон", 31-оят).


Аҳмаджон қори жоме масжиди
Эргашев Муҳаммадий имом хатиби

Манба: nasihat.uz

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!