Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Мулоҳазалар. Карим Баҳриев

833

(давоми) (1-қисм)

Муаллифлик ҳуқуқига амал қилишга ўргатиш керак. 

Журналистларимизнинг катта муаммоси – жавобгарликнинг йўқлиги. Материаллар эгаси кўрсатилмай ўзаро алмашилади.

Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, нодавлат оммавий ахборот воситалари бугун Ўзбекистоннинг 60 фоиз босма нашрларини, 67 фоиз теле, радиоканалларини, 95 фоиз интернет-нашрларини ташкил этади. Интернет-журналистиканинг ривожланиши миллий ахборот макони қамровининг янада кенгайишига ва мундарижаси бойишига хизмат қилмоқда.

*

ОАВ бизнес каби ишлаши керак, ҳозирги қонунчиликка кўра, уларнинг ўз ривожи учун инвестиция киритиши, чет элликларнинг таъсисчилиги тақиқланган,  қоғоз олиб кириш монополлаштирилган.

*

Журналист ва умуман ижодкор учун учта нарса керак – жасорат, маҳорат ва маърифат.

*

Матбуотни демократлаштириш учун Биринчидан, сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи жаҳоний мезонларга мос қонунларнинг мавжудлиги, яъни ҳуқуқий асос мустаҳкамлиги шарт. Иккинчидан, ушбу қонунларнинг қоғоздагина эмас, ҳаётда ҳам амал қилинишини таъминлаш зарур. Учинчидан, эркин фикрни чоп этишга чоғланган оммавий ахборот воситалари молиявий қувватга — иқтисодий асосга эга бўлиши ва бунинг учун ҳурфикрли, бозор шароитларига, сезгир, қобилиятли ходимларга ва омма истаётган ҳаққоний мулоҳазаларини чоп этиш натижасида уни пул билан таъминлайдиган обуначилари сонини ошириш имконига эга бўлиши лозим.

*

Журналистикага келсак, бугун ҳам «дардли журналистика» бор, лекин бу юрт дарди, дин дарди, халқ дарди эмас. Бу маиший дардлар журналистикасидир. Лотин Америкаси ё ҳинд сериалларига монанд журналистикадир.

*

Журналистикамизда ҳам онаси ташлаб кетган бир болани, қайнонаси ҳайдаган келинни, болалари қарамай қўйган қарияни олиб чиқиб қўйиб йиғлатишдан, шунинг натижасида одамларнинг дийдаси юмшашидан, обрў орттиришдан умидвор журналистика пайдо бўлган.

*

Қадимда бир подшоҳ шундай нолиган экан: “Тўрт томоним ўғрилар, порахўрлар, каззоблар, аммо ҳеч бирини дорга тортолмайман, зиндонга ташлай олмайман – ҳаммаси оғайниларим, яқинларим, қариндошларим…”

*

Бизнинг монополист компаниямиз бензин ўрнига қаймоқ солиб учмаса керак?! 

Қозоғистонда 33 та чет эл авиакомпаниялари фаолият олиб боради, аҳоли сони 17,9 миллион киши бўлган қозоқ юртида ҳаво транспорти орқали ташилган йиллик йўловчилар сони 5,6 миллион, яъни аҳолимиз 33 миллион бўлган бизникида 46 фоиз кўпроқ. Қозоғистоннинг ЯИМ 159 миллиард АҚШ доллари, Ўзбекистонники – 48 миллиард АҚШ долларидир.

*

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон хасис ё бахил бўлиши мумкин, лекин ёлғончи бўлмайди. Ёлғон гапирса, диндан чиқади, диндан чиқади, диндан чиқади...” деб тинмай такрорлайверадилар. Саҳобалар қанийди, тўхтасалар эди, деб йиғлай бошладилар, яъни ёлғон гапираётган кимса мусулмон эмас... Шу каби Франсуа Фанелон айтади: “Ёлғон гапираётган кимса инсонликка муносиб эмас”. Инсон ёлғонни қўрққанидан ёки манфаат илинжида гапиради, у тобедир. Инсон эса озод яратилгандир. “Озодлик – ёлғон сўзламаслик ҳуқуқидир”, - деган Альбер Камю. Дени Дидронинг фикрича: “Ёлғон айтилган пайтида фойда келтирса ҳам, кейинчалик зарар келтиради. Аксинча, рост айтилган пайтда зарар келтирса ҳам (айниқса, уни айтган кишига), вақт ўтиши билан ҳаммага фойда келтиради”. 

Амир Темурнинг қиличида “Рости русти” деб ёзилган, “руст”, “дуруст” дегани кучу қувватни англатишини билганимиз ҳолда уни “Куч – ростдадир” деб тавсиф этиш керак. Шуни англаган Замахшарий: “Рост сўзлаган инсон арслон каби кучлидир”, - деган.

Журналист – ёлғон ва маддоҳликдан ҳаё ва номус қиладиган, рост сўзлаши ва ёзиши керак бўлган ботир инсондир.

***

Бугун 21 асрда дунёнинг аксарият бойлиги кимнинг қўлида? Ахборот технологиялари соҳибларида.

Бугунги бойлар пулни пахта етиштиришдан, товуқ боқишдан, қалампир етиштиришдан топаётгани йўқ. Бугунги бойларнинг ва бой давлатларнинг ҳамда халқларнинг фаолият соҳаси – юксак технологиялар. Технологияларни тафаккур яратади. Тафаккур фикр айланган жамиятда ривожланади. Фикрни матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари айлантиради.

Мана бугуннинг бадавлат инсонлари: соҳалари юксак технологиялар бўлган Уолтонлар оиласи 130,59 миллиарда долларга эга (бу 33 миллионли Ўзбекистоннинг уч йиллик бюджети), Билл Гейтс 91,9 миллиард долларга эга (Майкрософт компанияси соҳиби, компьютер дастурчиси), Жеф Безос - 80,92 миллиард доллар эгаси (Амазон компанияси соҳиби, The Washington Post газетаси ва ноширлик уйи эгаси), Марк Цукерберг 61,92 миллиард долларга эга (“Фейсбук” тармоғини ўйлаб топган), Ларри Пейж 34,2 миллиард долларга, Сергей Брин 43,35 миллиарда долларга эга (бу икки инсон Google ахборот излаш тизимини яратган), Жек Манинг 26,7 миллиард доллари бор (Alibaba Group компанияси эгаси)... Дунёда 2 200 миллиардер бор, уларнинг бойлиги $ 9 триллион доллардан ортиқдир. 

Кўряпмизки, бугун капитал ахборот технологиялари соҳасида айланмоқда ва баъзан бир одамнинг тафаккури меҳнати бутун бир давлатларнинг ҳаракати, халқларнинг машаққатли меҳнатидан кўра самаралироқдир. Дунёга интеграция бўламан деган давлат тафаккурнинг йўлини очади, яъники сўз ва фикр эркинлигига имкон беради, матбуотни эркинлаштиради. 

Японияда тўртта ўсмир яратган Покемон деган мультфильм бир қанча миллиардлаб доллар бойлик келтирган. Энг охирги мобил телефон учун чиқарилган Pokemon Go ўйини унинг яратувчиларига 1.8 миллиарда доллар келтирди. Қўл телефонлари учун Pokémon Go ўйини бир ҳафта ичида компания акцияларини 7,5 миллиард долларга оширди деб хабар бермоқда The Verge. Бизнинг халқимиз ва давлатимиз оммавий сафарбарлик қилиб, пахта экиб, парваришлаб, териб ва сотиб 1 миллиард доллар даромад қилмайди. Бу аср фикрловчилар асридир.

*

Ғарб матбуотидаги иқтисодий рақобат мухбирлар ва ноширларни керак бўлса ҳар бир газетхон учун курашишга мажбур қилади. Курашнинг бирдан-бир йўли эса ҳақиқатни ёзишдир.

*

Ҳуқуқий демократик жамият шароитида энди журналистларнинг ўзи росту ёлғонни ажрата билиши, асосий масъулиятни ўзига олиши керак.

*

Афсуски, “оммавий ахборот воситаларини ҳақиқий “тўртинчи ҳокимият”га айлантириш жараёни ҳамма жойда ҳам анча мураккаб кечаяпти. Эскича фикр юритиш ўз таъсирини кўрсатмоқда”. Ҳолбуки, “мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий барқарорлик жамоатчилик фикрининг ҳолатига етарли даражада боғлиқ.

*

Ҳукумат ҳукмронлигига ҳам, пул ҳукмронлигига ҳам боғлиқ бўлмаган матбуот эркиндир. (Албер КАМЮ)

*

...ўзи бу “халқ уни хоҳлайди”, “халқ буни истамайди”, “халқ ундан нафратланди”, “халқ буни севади”, деб айтганлар ўзи халқдан социологик сўровлар, анкеталар ёки референдумлар қилиб, сўраб кўрганмикин? 

*

Эркин матбуот сиёсат учун ноқулайдир. Аммо унинг ана шу ноқулайлиги, кутилмаганда ростини ёзиб туриши сиёсатга буюк хизматидир.

*

“Тўртинчи ҳокимият” - мухбирларнинг, муҳаррирларнинг ёки демократик институтларнинг ҳокимияти эмас, ҳақиқатнинг ҳокимиятидир. Ҳокимият ҳақиқатга мухолифатда бўлмайди ва бўлмаслиги керак.

*

Матбуотга иқтисодий эркинлик бериш, яъни “ўз аравасини ўзи тортиш”га мажбур этиш баробарида бу “аравага нима юклаш”ни, яъни нима деб ёзишни ҳам уни ўзига қўйиб бериш лозим. 

***

Оммавий ахборот воситаси ходимига ҳеч ким ҳақиқатни ёзиш ёки вақтинча ёлғон ёзиб туриш ваколатини юклай олмайди. Ҳақиқатни ҳокимиятга ҳам, халққа ҳам ёқишга интилмаган ҳолда ёзиш ваколатини журналистнинг виждони ва иймони тақозо этади.

Карим Баҳриев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мунофиқларнинг аломатлари, белгилари ва сифатлари

535 22:50 17.01.2022

Соқолни тақиқлаган супермаркет ходимига чора кўрилди

1230 22:25 17.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Бир мажлисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш

209 22:05 17.01.2022

Муфтийнинг садоқатли мушуги

737 21:05 17.01.2022

Динимни ўрганаман: бировнинг номидан закот бериш ҳақида

292 20:35 17.01.2022

Назарбоев Тоқаев билан «қаттиқ музокаралар» олиб бормоқда - The Guardian

1493 20:03 17.01.2022
« Орқага