Ахлоқ

Мўминда икки хусусият бўлмаслиги керак...

968

Бахилнинг боғи кўкармайди. Аммо у бу ҳақиқатни тан олишни хоҳламайди. “Тома-тома кўл бўлур” деган мақолни ўз фойдасига англайди, фақат ўзи учун яшайди. 
Яқинда бир даврада шу мавзу кўтарилди. “Янги бойлар” ҳақида биров у деди, биров бу деди. Хуллас, “Бугун ўзига тўқ, давлатманд кишилар ҳам ўзларини бой деб атагилари келмайдилар ёки бу таърифдан уяладиларми?” деган савол ўртага ташланди. Шунда, дўстлардан бири қизиқ гап айтди: 

— Тўғриси, улар ҳақ! Чунки ҳамма ҳам бой-бадавлатлик мақомига мос тушавермайди. Билсанглар, сандиғини зебигардонга тўлатган, қўш-қўш қаср қуриб, қатор-қатор машина минган эмас, топганидан эл-улус баҳра оладиган, бева-бечораларга нафи тегадиган, закотини виждонан тўлайдиган киши бой деб айтилади. Бугунги айрим бойларда мол-дунё бисёр-у, хайр-саховат ночор. Айримларида ҳамиша  жиғилдон қайнаб-тошади, лекин ҳаргиз виждон қайнамайди. 

Ҳолбуки, қишлоғида ночор, нотавон оила, етим-есир бўлгани ҳолида ҳою ҳаваслар самосида учиб юрган шахсни асло бой деб атагинг келмайди. Моддий ва маънавий ёрдамга муҳтожлар ҳолидан хабар олувчи, камбағалларга юпанч, суянч, таянч бўлгувчи кишигина чинакам бадавлат ҳисобланади. Шу маънода мулоҳаза юритсак, бой бўлишликнинг ҳам ўзига яраша салоҳияти, мезони ва мақоми борлиги аёнлашади. 

Қаранг, бир қишлоқда жуда тез суратда бир-биридан ҳашаматли қасрлар  қад ростлади. Уларнинг ҳайбатидан от ҳуркади. Шундай кошоналар яратишга қодир бойлар лоақал ўзлари, фарзандлари юрадиган йўлини ҳам текислаб, равонлаштириб қўйиш учун кетадиган харажатга чидамадилар. Чунки улар тўй-маросимлардан тортиб, отасининг қирқини ҳам ресторану кафеларда ўтказишади-да. 

Мўмин одамда икки хусусият бўлмаслиги керак. Булар — ёмон феъл ва хасислик. 

Ҳасан Басрийдан хасислик ҳақида сўрадилар ва у шундай жавоб берди. 

— Хасислик — мол-мулкини қаттиқ ушлаб, бировга нарса бермасликни шараф деб билишдир. 
Имом Fаззолийнинг ёзишича, мол-дунёга берилиш, камбағаллик хавфидан қўрқиш, “Болаларим ночорлик кўрмасин”, деб ўйлаш хасисликка бошловчи омиллардир. Шунинг учун ҳам “Фарзандни ҳаддан зиёд севиш хасисликка етаклайди”, деган ҳадис бор. 

Орифларнинг фикрича, хасис билан суҳбатлашиб қолмоқ кишини ғамгин кайфиятга туширади. Ҳаттоки, ўша иллат соҳибига назар солган одамнинг кўнгли чўкади, ҳаётга қизиқиши пасаяди. Бир сўз билан айтганда, бошқа бировларга заҳмат етказиб, топган нарсасининг завқини ҳам, мазасини ҳам сезолмаслик ва яхшилик тотидан баҳра олмаслик каби тубан хусусиятлар хасисларга хос иллат ҳисобланади. (“Мукошафат ул-қулуб”). 

Умуман, чинакам жўмард инсон ўз ҳамиятини таҳқирловчи икки қусур — қўрқоқлик ва бахилликдан ор қилмоғи лозим. Чунки ҳеч бир камчилик эр кишини мана шу нуқсонлар каби пасткашлигини яққол ошкор этолмайди. Аслида эса барча ёмонликларнинг томири ҳам хасислик ҳисобланади. Негаки, у қалбни яланғочлайди. 

Улуғ устоз Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг ушбу мисралари фикри ожизимизга чиройли якун бўлса, ажабмас: 

Оч итга ўз луқма нонини бериб,  

Ўзининг нафсини тиёлган инсон, 

Қул бўла туриб ҳам кўп озодларни,  

Ўзига қул қилиб олмоғи осон.

Абдумутал Абдуллаев,
фахрий журналист

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Биз киммиз?

298 21:30 20.02.2020

Ҳамма уни бахил дер эди, аммо...

1173 00:00 13.02.2020

Фарзанд бахиллик ва қўрқоқлик боисидир

910 15:00 26.07.2019

Ёлғончилик ва бахилликнинг жазоси

1151 09:00 23.07.2019

Бахил бадавий (“Маснавийдан ибратли ҳикоялар”)

931 12:05 26.06.2019
« Орқага