Мўминлар билан мусулмонлар ўртасида нима фарқ бор?

11:35 19.05.2019 3307

Шайх Мутаваллий Шаъровий ҳикоя қиладилар:

Сан-Францискода эканимда шарқшунослардан бири сўради:  - Қуръонингиздаги ҳамма нарса саҳиҳ-тўғрими?

- Албатта ҳа! - дея жавоб қилдим. У яна сўради:

Қуръонда "Аллоҳ ҳаргиз кофирларга мўминлар устидан йўл бермас", деган оят бўла туриб, нега мўминлар устидан кофирларга йўл берди? Яъни, уларни мўминлардан ғолиб қилди?

Мен жавоб қилдим:

- Биз муслим-мусулмонлармиз, мўминлар эмас. У ваъда мўминлар учун.

Яна сўради: Мўминлар билан мусулмонлар ўртасида нима фарқ бор?

Шайх Шаъровий шундай жавоб қилдилар:

Бугунги мусулмонлар исломнинг ҳамма ибодатлари; намоз, закот, рўза ва ҳаж кабиларни адо этишади. Аммо улар том маънода қийинчиликдалар. Илмий, иқтисодий, ижтимоий, ҳарбий жабҳаларнинг ҳаммасида танг аҳволдалар. Бу танглик недан?

У ҳам: Ҳақиқатда бу танглик недан? - дея сўради. Жавоб қилдим:

Буни Қуръон бизга шундай тушунтиради: Чунки мусулмонлар мўминлик даражасига кўтарила олишмади. Қуйидагилар тўғрисида яхшилаб фикр юргизинг:

 Агар улар ҳақиқий мўмин бўлганларида Аллоҳ албатта нусрат берган бўларди. Чунки Аллоҳ "Рум" сурасининг 47-оятида: "Мўминларга нусрат бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақдир", дейди.

 Агар улар мўмин бўлганларида миллат ва халқлар аро обрў-эътибор ва устунлик қозонган бўлардилар. Бу ҳақда Аллоҳ "Оли-Имрон" сураси, 13-оятида бундай дейди: "Бўшашманглар! Хафа-маҳзун бўлманглар! Сизлар, агар мўмин бўлсаларингиз, устунсизлар", дейди.

 Лекин улар мусулмонлик босқичида қолиб кетишди. Мўминлик даражасигача кўтарила олмадилар. Аллоҳ таоло айтади: "Лекин уларнинг кўплари мўмин бўлмадилар" ("Шуаро" сураси, 8-оят).

Ундай бўлса, мўминлар кимлар? Бунга жавоб ҳам Қуръони каримнинг ўзида.

"Улар тавба қилувчилар, ибодат қилувчилар, ҳамд айтувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ қилувчилар, сажда қилувчилар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчилар, Аллоҳнинг чегарасида турувчилардир. Ва мўминларга хушхабар беринг!" ("Тавба" сураси, 112-оят).

Мулоҳаза қилиб кўрайлик, Аллоҳ таоло нусрат, ғалаба, ҳукмронлик ва тараққиёт мавзуларини мўминларга боғлади, мусулмонларга эмас!

Аллоҳ шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровийни ўз раҳматига олсин! Касалимиз, муаммо ва таназзулимиз сабабларини Қуръони карим воситасида очиб бердилар, ҳамда тузалиш, ечим ва тараққиёт йўлини ҳам аниқ кўрсатдилар (Ечим охирги оятда. Қайта ўқинг, биз мўминмизми?).

Мубашшир Аҳмад

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!