Ибн Қайюм айтади: «Билгинки, банда Аллоҳнинг розилигига қалби ва ҳиммати билан эришади, бадани билан эмас. Ҳақиқий тақво қалбдагисидир, аъзолардагиси эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида айтади: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32-оят).
Аллоҳ таоло яна айтади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар” (Ҳаж сураси, 37-оят)»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тақво мана бу ерда бўлади”, деб қалбларини кўрсатганлари ривоят қилинади.
Зийрак киши ҳимматининг олийлиги, ниятининг холислиги билан бошқалар кўп машаққат чекиб эришолмаган нарсаларга етишиши мумкин. Агар инсон интилган ишига жиддий қасд ва муҳаббат билан киришса, қийинчиликларни сезмайди. Аллоҳ розилиги сари йўл ҳам ҳиммат, муҳаббат ва жиддий қасд билан бўлмоқлиги керак. Бу борада энг тўғриси Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир. Аллоҳ таоло ул зотнинг аввалги ва охирги гуноҳларини кечган бўлса ҳам, кечалари кўп намоз ўқиганларидан оёқлари шишиб кетар, кундузлари кўп рўза тутганларидан, у кишини кўрганлар асло оғизлари очиқ юрмасалар керак деб ўйларди. Аллоҳ йўлидаги жангларда қатнашар, кунлик ҳаёт тарзида одамларга аралашиб юрар, нафл ибодатлар, кунлик зикрларни тарк қилмасдилар. Бу амалларни анча-мунча қувватли инсонлар ҳам бажариши қийин, аммо Жанобимиз алайҳиссалом олий ҳимматлари ва юксак муҳаббатлари ила ҳаммасига улгурганлар.
(давоми бор)
Асадулло Холмуродовнинг "Мўминнинг қуввати" китобидан олинди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишларибўйича Қўмитаниниг 4418-сонли хулосаси асосида тайёрланди.
ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.