Тарих

МУНАВВАР ҚОРИНИНГ МЕРОСХЎРИ

1809

1. Даъватнома

Муҳтарам жаноби олийларина!

Ушбу 1916 йил 7 майдан (шанба) 12 майгача (пайшанба) ҳар кун эрталаб соат 9 дан кеч соат 2 гача Тарновбоши маҳалласида Мирходи Ҳожи ҳовлиларида “Намуна” ва “Хония” мактабларида ўқувчиларнинг синов имтиҳонлари бўладир. Сиз ҳурматлидан ўтиниб илтимос қиламизки, барча тобеъларингиз ила марҳамат қилиб зикр этилган кунларнинг ҳар бирида имтиҳон мажлисина ташриф буюриб муаллим ва шогирдларини сарафроз буюрсалар эди.

Мудир: Мунаввар қори.

Муаллимлар: Мулла Муродхўжа, Абдусомеъ қори, Эшонхўжа.

Манбаи “Илҳомия”, Тошканд.

“В Коканде, Кн. Торг “Гайрат”. Муҳтарам Ҳамза афанди Ҳакимзода жанобларина топширулсин (Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий архивининг каталоги, Иккинчи том, “ФАН” нашриёти, Тошкент, 1991, 17-бет).

Биринчи жаҳон уруши авжига чиққан паллада Ҳамза 1916 йилнинг май ойида ҳазрат Мунаввар қорининг даъватига кўра Қўқондан Тошкандга бориб “Намуна” ва “Хония” номли жадид мактаблари ўқувчиларининг синов имтиҳонларида ҳайъат аъзоси сифатида қатнашганми-йўқми?

Билмайман.

Аммо...

1981 йили ТошДУнинг филология факультетини Қизил диплом билан тамомлаган Нуруллоҳ Отахонов ЎзССР Маориф министри Саид Шермуҳаммедов қабулига кириб:
– Домла, “2”сиз ва иккийилликсиз ўқув йили тўғрисидаги ташаббусингиз мактабларда ўқув сифатини ниҳоятда тушириб юборди. Энди қолоқ ўқувчига йил охирида “2” баҳо қўйиб бўлмаяпти, қолоқ ўқувчини синфда қолдириб ҳам бўлмайди. Сиз охирини ўйламасдан шу бемаъни янгиликни жорий этдингиз... – дейди.

Университетни Қизил диплом билан тамомлаган филолог аслида ёзувчи бўлмоқчи эди. Аммо ўша даврдаги тартиб-қоидага кўра Филология факултасини битирган талаба уч йил бирон мактабда ишлаб бериши керак эди. 

– Шу қоидани истисно тариқасида менга бекор қилсангиз ва бирон ижодий ташкилотда ишласам, – дейди.

Совет маорифи министри тутаб кетади:

 – Ана холос! – деб пишқириб юборади. – Ҳаммангизни мактабда ўқитувчи ўқитган! Аммо ўзларингиз ўқитувчи бўлиб ишлашни истамайсизлар! Бу нима деган гап?!

Қизил дипломлининг ўзига яраша феъли бор эди. Министрнинг пичинги ёқмайди. Шоир Усмон Азим ўртачилигида Ўзбекистон радиосидан бир муҳаррирлик иш ўрнини нақд қилиб қўйганга қарамай, шартта чопонини тескари кияди:

– Жўнатинг мени ўқитувчи қилиб! Менга деса, дунёнинг нариги чеккасига жўнатинг! – дейди у ҳам пишқириб.

Министр қаршисидаги ёш битирувчининг важоҳатидан қўрқиб кетади:

– Ие, ука, ўзингизни босинг, – дейди шоша-пиша ва ўрис графиндан бир истикон сув қуйиб узатади: – Манг, ичволинг. Ундан сўнгра... биринчидан, дунё менинг қўлимдамас, гапим ўтмайди.

Иккинчидан, майли, ҳозир ўратепалик ўринбосаримни чақираман, сиз учун битта отвод ёзиб беради, истаган ерингизда ишлайберасиз, ҳайми?

– Дунёга гапингиз ўтмаса, Афғонистонга юборинг!

– Афғон ҳам менинг қўлимдамас-да...

– Унда... унда... ана Сурхондарёнинг энг чекка районига йўлланма беринг! Сурхон-Шеробод чўлига масалан! Мактабга ўқитувчи бўлиб ишламаган номард!

– Кесатяпсизми, йигит?

 – Ростини айтяпман.

– Жуда яхши! – деб мийиғида кулади министр. Сўнгра ўратепалик ўринбосарини чақиради: – Мана бу қалби олов комсомол чўлқуварни Сурхон воҳасининг “Ленин йўли” районидаги энг чекка мактабга ўқитувчи этиб юборинг! – деб кўрсатма беради.

– Хўп бўлади, – дейди ўринбосар.

– Раҳмат, – деб ўрнидан туради Нуруллоҳ Отахонов.

Министр кабинетига ёзувчи бўлишни, бунинг учун Тошкентда яшашни ва ишлашни орзу қилиб кирган бу фарғоналик йигит бир дақиқа ичида тақдирини ўзгартириб юборади ва сўнгра...

Ростдан ҳам олис Сурхон воҳасининг мингтўнначи донгдор механизатор-пахтакор Абдусаттор Қурбонов диреторлик қиладиган Бунённий совхозидаги ўқитувчи етишмайдиган гадойтопмас бир чекка қишлоққа биратўла саккизта фандан дарс берувчи  ўқитувчи бўлиб ишга боради. Ажойиб инсонлар истиқомат қиладиган қишлоқда меҳнат фаолиятини бошлайди. Ўзи таълим берган ўқувчиларининг ота-оналари билан бир умр қадрдон бўлиб қолади...

***

2. Мунаввар қорининг Ҳамза Ҳакимзодага мактуби
    
“Биродари азизим Ҳамза афанди жанобларина!

Аввалғи мактубингиз келган куни китобхона очиқ ўлмадиғиндан пўчтўлён бошқа бир дўконға топшурган экан. Маатаассуф ул дўкондорнинг хотиридин чиқиб, ҳануз манга топшурмаган экан.

Сўнғи мактубингиз восили дастбўсим ўлғоч суриштириб аввалги мактубингизни ҳам топиб олдим. Шеърингиз ҳам саломат етишди.

Эмдиликда ушбу шеър китобингизни қўлимдан келгунча ислоҳ қилиб, баъзи сиёсий сўзларини чиқориб китобхона тарафиндан бостурмак ниятидаман. Сизга верилажак қалам ҳақи эса ҳар табъидан юзар дона (мингдан эмас) бўлур. Зотан ўзи ҳам мингдан ортиқ бостурмакни кўтаролмайдир.

“Ферузахоним” ила бошқа китобларингизни эса эртага пўчтадан, иншооллоҳ, юборурман. Агарда “Ферузахоним”ни ман айтқонча, яъни:

1. Эшон ва бойларнинг малъун, жоҳил, хоин, мажнун, палид, нобакор каби сўзлар ила эмас, қилғон ишларининг ёмонлиги ила кўрсатилса.

2.Мансур ва Ферузахонимларнинг мактублари бир оз қисқартирилса, чцнки бундай ёширин мактублар фақат қисқа ва маъноли бўлур.

3.Бир-бирлари ила кўрушқондаги ҳоллари бир оз узоқроқ тасвир қилинса, чунки романға руҳ киритадирғон ва ўқувчини қизиқсиндурғон ўринлар шул васил ҳоллари бўлур.

4.Аввал  мувассифлар зикр қилинуб, сўнгра сифатлар зикр қилинса, яъни “Ҳар бир назир қилинмиш қизларни йигирма бир ёшиға киргузиб, сўнгра никоҳина олувга одатланган нобакор Тоҳир эшон” каби жумлаларни “Ул Тоҳир эшон ҳар бир назир қилинмиш қизнии 21 ёшигача умрини ўткориб, сўнгра никоҳига олишга одатланган эди” каби қисқароқ жумлаларга таҳвил қилинса...

Ислоҳ қилиб юборсангиз аввалги шарт ила буни ҳам бостуруб нашр этмак ниятидаман.

“Енгил адабиёт”ингизға келонча намуналаридан маълум ўлдиғина кўра вазн жиҳатидан шогирдлар учун кўп яхши тартиб этилган кўринадир. Фақат тил, маъно ва мазмун жиҳатидан ҳам бир оз соддароқ ўлса эди, даҳо мувофиқ ўлурди. Чунки янгигина бошламиш ёш шогирдларға сув остида кезув, ҳавода учув, ҳамият, жасорат, миллат ва миллият каби мушкул масалалардан ва қуруқ насиҳатлардан кўра, болаларни қизиқдурадирғон ва ҳисларини уйғотадирғон қизиқ-қизиқ ҳикоялардан, инсон ва ҳайвонларнинг ҳаракат ва сукин отидин алҳосил болаларнинг қувваи фикрия ва ақлиялари етушадирғон масалалар топиб, мумкин енгил ва туркий сўзлар топиб, шеър қилиб бермак фойдалироқ ўлса керак. Тажриба ҳам кўрсатадирки, шогирдларға ҳозирги шеър китобларимизнинг вазни эмас, луғат ва мазмунлари оғирлик қиладир.

Сониён: Сизнинг мактубингиз ила баробар эски Марғинондан Акбарали Умарзода имзоли бир мактуб олдим. Аввал, мактубда жанобингизни ҳам имзонгиз ўлдиғиндан алоҳида жавоб ёзмай, ушбу мактубда жавоб ёзаман. Бу хусусда Умарзода жанобларидан маним учун афв ўтинурсиз.

Театру ва консертларға жавоб, ўшал ўйналажак шаҳарнинг ҳокимидангина олинур.

Қўлёзма асарларға ҳам жавоб олмоқ мумкин. Фақат мунда рижотидан ҳокимни огоҳлантирмак лозим. Агарда Тошкндға келуб театру ва консерт қўймоқ ниятида ўлсангиз, лоақал бир ҳафта бурунроқ келуб ижозат, эълон ва жой ва билетлар сотув каби ҳаракатларнинг барчасини шунда қилурсиз. Томошаға қўйилажак нарсаларни эълонға ёзуб, барчасига бирдан Тошканд ҳокимидан ижозат олурсиз. 

Боқий ихват дўстингиз Мунаввар қори.

1916 йил биринчи январ” (Юқоридаги манба, 286-287 бетлар).

***

3. Мунаввар қорининг Ҳамза Ҳакимзодага  мактуби

“Биродари азизим!

Мактубларингиза вақтида жавоб ёза олмағонлиғим хусусинда афвингизи истирҳом қилурман.

Китобингизни кўрдим.”Миллий ашула”ларингизни ўз исмингиздан табъ этдирдим. Яхши қоғозда 12 бет бўлиб, минг донаси 28 сўмларға тушди. Ҳозирда тахловчида. Баҳосини 6 тийин, пўчта ила 8 тийин қўйдим. Сензур-фензурлари ила 985 нусха китоб бўлса керак. Қоғоз ва бошқа масофирлари ширкат тарафидан тутилди. Эмдиликда ширкатға хизмат ҳақи учун неча нусха марҳамат қилсангиз, маал – ташаккур, ортуб қолғанини ўзингизға юборурмиз. Фақат 28 сўмни китобхонаға тезроқ перевод қилувингиз рижо ўлинур. Аввалги шеър китобингиз қоғаз қаҳатлиги сабабли босилмай турибдир. Иншооллоҳ, тездан они ҳам бостурмак ниятидамиз. “Енгил адабиёт”ингизни ширкат тарафидан бостурмак аъзолар тарафидан мақбул еўрилмади. Агарда истасангиз, ўз ҳисобингизға бостуриб берурмиз. Йўқса, нусхаси ўзингизға қайтарилур. “Ферузахоним”ни ҳозирда юбормай турингиз, чунки эҳтимол, яқин фурсатда ман ўзим хизматингизга бориб қолсам. Шунда кўришиб қарор берурмиз. Ҳозирда ҳар ерда қоғоз қаҳатлиғи ҳукм сурмакдадир. Биноан алайҳ, ҳануз майдонға чиқмағон китобларни сулҳ вақтигача бостирмай, сабр қилуб турмоқ мувофиқроқ кўринадир. Майдонға чиқғонларни эса алалхусус мактабларда жорий бўлғон китобларни бостирмак мумкин эмас. Шул сабабли ҳар қанча қиймат тушса ҳам бостурмакдамиз. “Миллий ашула”нгиз оз вакичкина бўлғон сабабли бостурилди. Бошқа асарларингиз тўғрисида, иншооллоҳ, билзот кўришиб сўйлашурмиз.

Боқий ихват, 1916, 17, 2,дўстингиз Мунаввар қори (имзо).

(Юқоридаги манба, 289–290 б.)

***

Шундай қилиб, билмон, не жарима туфайли, Шўро ҳукуматининг Маориф вазири (С. Шермуҳаммедов) Нуруллоҳ Отахоновни Сурхон воҳасиға ихрож этиб юборади.
1982 йилда янги “Ёшлик” журнали нашр этила бошланади. Бу журнал саҳифаларида Қизил дипломли муаллимнинг ҳикояси чоп этилади ва ўзи ҳам тўхтовсиз таҳририятга ишга чақириб олинади. 

Журнал ходими Нуруллоҳ Отахонов қизғин ноширлик фаолиятини бошлаб юборади. 

Мунаввар қори 1916 йилда Ҳамзанинг “Ферузахоним” романини намуна учун қисман “ислоҳ” қилган бўлса, Нуруллоҳ Отахонов “Ёшлик” журналида 1982 йилдан то 1988 йил охирларига қадар чоп этилган аксарият насрий асарларни бошдан-оёқ жиддий таҳрир этиб чоп эттиради, лекин камдан-кам муаллифлардан “раҳмат” эшитади. Эсимда, ҳатто шоир Муҳаммад Юсуфнинг “Ҳалима эна эртаклари”, “Қора қуёш” достонлари, Асқар Маҳкамнинг бир неча шеърий туркумлари ҳам айнан носир Нуруллоҳ Отахонов таҳрири остида чоп этилган эди...

Орадан чорак асрдан мўл вақт ўтиб “Бу кунлар” ҳужжатли рўмони эълон қилинади. 

– Буюк бобомиз Мунаввар қоридан кейин Нуруллохон мардона туриб бошини кундага қўйди! – дейди “қатағончи” Устоз ҳаяжонланиб. – Мунаввар қори ҳазратнинг меросхўри Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхондир! – деб тўлқинланади.

Истанбулда ҳижратда юрган кунлари НМР билан телефонда гаплашиб турардик. Бир куни:

“Нима гаплар бўляпти? Янгиликлар борми?” деб сўраб қолди.

Устознинг “Бу кунлар” тўғрисидаги гапларини айтдим:

“Ҳатто салмоқли тақриз ёзиб қўйдилар, шекилли”, дедим.

“Ростданми? Энди бемалол Ватанга қайтаверсам бўлар экан-да!” деди.

“Ҳа,бемалол  келаверинг! Битта имомлик жой бўш турибди”, дедим.

“Қайси мачитга имом керак экан?”

“Жаслиқ”қа битта имом керак экан”.

“Уф-ф!..”

Лекин барибир Ватанга қайтдилар, аммл “Жаслиқ”қа насибалари қўшилмаган экан. Бор-йўғи беш кунгина “Тоштурма”ни гуллатиб чиқдилар, холос.

Ёз ойларида Туркиядан ватандошимиз Чиғатой Кўчар ва тарихчи қизи Ёрқиной Ўзбекистонга келди. Бир куни уларни НМР уйига меҳмонга таклиф қилди. Пешинга меҳмонга етиб боришимиз арафасида Устозни йўқлаб бордик. Самимий учрашув бўлди. Суҳбат охирига етгач қўзғалдик.

– Йўл бўлсин? – деб сўрайди Устоз.

– Юринг сиз ҳам! – дедим. – Мунаввар қорининг меросхўри сизни ҳам меҳмонга чақирган.

Мусофирлар хайр-хўшлашиб пастки қаватга йўл олади.

Бир минг бир юз ой умр кўрган  “қатағончи” Устоз негадир тараддудланиб қолади. Аста қўлтиғимдан олиб, йўлакнинг хилват томонига бошлайди.

– Салкам тўқсон яшар кўпни кўрган одам сифатида сизни огоҳликка чақираман: “Ҳушёр бўлинг! Шубҳали одамларни кўрганингизда ўша заҳоти  махсус хизмат ходимларига хабар беринг!” дейман.

– Қўйсангиз-чи, Устоз! Ахир Чиғатой оға “Анвар пошонинг васияти” китобимни туркчага ўгирган-ку! Ёрқиной эса Олмонияда “Туркистон легиони” мавзусида докторлик лмий иши билан шуғулланяпти, унинг илмий раҳбари Балдау хоним – машҳур турколог! – дедим.

– Майли, лекин... Ҳушёр бўлинг! Ўзингиз ҳам, меҳмонлар ҳам шу кунларда НМР хонадонига бормай турганларинг маъқул.

– Ие, “Бу кунлар” тўғрисида кўтаринки руҳда тақриз ёзиб берган эдингиз, шекилли?

– Тўғри, тақриз ёзиб берганман. Тонмайман. Бироқ,  яқинда Аброржон билан наҳорги ошда ҳамтовоқ бўлиб қолдик...

– Эски консул билан доим  Э. А. ҳамтовоқ бўларди-ку!

– Бу сафар мен тасодифан ҳамтовоқ бўлдим.

– Тушунарли, – дедим бўшашиб. – Майли, соғ бўлинг...

Навоий бобо номидаги Адабиёт музейидан пастга тушдим. Каловланиб қолдим.

– Кетдикми? – деди Чиғатой оға.

– Қаёққа? – дедим талмовсираб.

– Мен китоб дўконига боришим керак, – деди Ёрқиной. – Баба, сиз билан Юнусободда учрашамиз.

Ёрқиной зийрак экан, кечадан буён режалаштириб қўйилган меҳмондорчилик мужмал бўлиб қолганини ич-ичидан дарров пайқади.

– Юринг, телеминора рўпарасига бориб, “Бухоро” ошхонасида  тамадди қиламиз, – дедим.

Таклифим Чиғатой оғага маъқул бўлди.

Биз Навоий кўчасида киракаш енгил машинани тўхтатдик.

Энди Мунаввар қорининг меросхўрига қандай баҳонани рўкач қилсам экан-а, биродар?

Ишқилиб, Мунаввар қори ҳозирги блогерларнинг маънавий отаси эмасмикан?..

Набижон БОҚИЙ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қори йигитнинг эътирофи

1135 23:00 04.03.2020

Қорининг тили нега тутилди?

3112 12:20 15.02.2020

Елкаларида қориларни кўтариб юрувчи давлат ҳақида эшитганмисиз?

4868 07:11 18.09.2019

Татаристонда ёш қорилар танлови ўтказилади

500 16:30 12.03.2019

Риёкор қорилар қисмати

2206 12:00 07.08.2018
« Орқага