Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Мунофиқларнинг аломатлари, белгилари ва сифатлари

2779

Инсон боласида мавжуд бўлган қалб касалликларининг энг хатарлиси, охиратда ёмон оқибатга дучор қилувчиси бу мунофиқликдир.  Мунофиқлик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Абдуллоҳ ибн Салул деган кишининг вафоти билан тугаган, деган киши хато қилади. Чунки, бугунги кундаги мунофиқларнинг хатари мозийдаги мунофиқларларнинг хатаридан кам эмас.

Гарчи, илм, амал ва тақвода биздан бир неча минг баробар устун бўлсаларда, салафи солиҳлар мунофиқликдан қаттиқ қўрқишар ҳамда дуо қилиб мунофиқ бўлиб қолишдан паноҳ тилашар эди. Машҳур тобеинлардан бири айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўттизга яқин асҳобларини кўрдим. Уларнинг барчаси  “мен мунофиқлардан эмасмиканман?”,  дея қўрқар эдилар. 

Хўш айтингчи, биз яшаб турган ушбу замонда биз ҳам ўзини мунофиқлардан бўлиб қолиши мумкинлигини ўйлаб, қўрқиб дуо қиладиган ўттиз кишини топа оламизми? Гарчи, кишиларнинг аксари бир - бирини мунофиқликда айбласада, уларнинг бирортаси ҳам қайсидир амали сабабли ушбу тоифадан бўлиб қолишини ўйлаб ҳам кўрмайди. 

Бугун биз мунофиқларни қандай таниймиз? Мўмин билан мунофиқни ажратишда бир мезон борми? Агар ҳар бир мусулмон ўз нафсини ва амалларини илоҳий мезонга солиб кўрса, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули зикр қилган мунофиқларнинг белгилари ҳақида тафаккур қилса, ишнинг нақадар хавфли эканлигини очиқ ойдин ҳис қилади. Демак, бу сафар мунофиқларнинг белгилари ҳақида билиш учун  Роббимизнинг каломи ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига юзланамиз. Мақсадимиз, кимнидир айблаш ёки мунофиқлик номи билан аташ эмас. Аксинча, ўз нафсимизни амалларимизни илоҳий меъзон асосида ўлчаб, тафтиш қилиш, хато ва гуноҳларимиз учун Роббимизга истиғфорлар айтиб,  ўзимизни ислоҳ қилиш холос.

Аллоҳ таоло айтади:  “Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар, ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир. Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар. Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар. Кимники Аллоҳ йўлдан оздирса сиз унга бирон йўл топиб бера олмайсиз”. (Нисо, 142-143)

“Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгайки. Улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) манъ қиладиган (яъни бирон кишига фойдалари тегмайдиган) кимсалардир!”  (Моъун, 4-7)

“Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар (яъни, кофирликда бир-бирларига ўхшайдилар). Улар ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан тўхтатадилар…” (Тавба, 67).

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи васаллам дедилар: «Тўрт хусусият борки, улар кимда бўлса, ҳақиқий мунофиқ бўлибди: гапирса ёлғон гапирадиган; ваъда берса хилоф қиладиган; аҳдлашса хиёнат қиладиган; довлашса фожирлик қиладиган киши. Кимда бу хислатлардан бири бўлса, то уни ташламагунича унда мунофиқликнинг бир хислати бўлади». (Имом Бухорий ривояти) 

Демакки, ҳар бир мусулмон киши ўз нафсини ушбу меъзон тарозисига солиб кўрсин. Агар ушбу сифатлардан қайси бири топилса, Аллоҳга истиғфор айтиб тавба қилсин. Чунки, Аллоҳ таоло огоҳлантирганидек: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар” (Нисо, 145).

Ёрбек Ислом, Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме 

масжиди имом ноиби.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Туркия географик ва стратегик жиҳатдан муҳим давлат” – НАТО Бош котиби

272 23:45 25.05.2022

Мевлут Чавушўғли ва Маҳмуд Аббос Фаластин масаласини муҳокама қилди

182 23:25 25.05.2022

Саудия Арабистони: “Исроил Фаластин муаммосини ҳал қилиши керак!”

312 22:50 25.05.2022

АҚШ ва Хитой тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмаслиги керак – Генри Киссинжер

256 22:30 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

116 21:50 25.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: қалтис ҳаракат

379 21:10 25.05.2022
« Орқага