«...Ва улар ила гўзал услубда мунозара қилинг»

21:00 03.06.2019 297

"Роббингизнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қилинг. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қилинг". ("Наҳл" сураси, 125-оят)

Ушбу оят мунозарада инсофли бўлиш, ҳаққа эргашиш, мулойимлик қилишга чорлайди. Шунингдек мунозара қилувчининг мақсади ўз фикрини қувватлаб ўзгани мот қилиш эмас, балки ҳақни исбот қилиб, ботилни йўққа чиқариш бўлиши лозим.

Фейсбукда баъзи мунозара қилувчиларнинг мунозара одобидан мутлақо бехабарлигини кўряпмиз. Баъзилари ҳиссиётга берилгани боис мақсади рақибини мот қилишдан ўзга нарса бўлмай қолган. Балки ўзлари билмаслар, лекин бу иш риё ва ужбдан ўзга нарса эмасдир. Чунки шахсийдан ёзишганда бундай ҳақоратли гапларни ёзишмаган бўлар эди. Гоҳида ўз фикрини қувватлаш учун нима топса, у тўғрими ёки нотўғрими, ёзаверишади. Илми йўқ бўла туриб илмлиларга нималарнидир исботламоқчи бўлишади, ҳатто катта уламоларга ҳам қўрқмай тош отишади. Агар илмлилар уларнинг фикрига қарши бўлган ва нафсига бироз оғир ботадиган далил-ҳужжат билан жавоб қайтаришса, баъзиларининг иззат-нафси устун келиб ҳақни инкор қилиб қўйишдан ҳам тойишмайди. (Аллоҳ асрасин!) Уларнинг ҳар бир ёзган нарсалари мақсадлари нима ва савиялари қай даражада эканини кўрсатиб турибди. Илмсизлик билан мунозара қилувчи шайтоннинг ўйинчоғига айланади. Унинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади. Аллоҳ таоло бундай мунозаралардан ҳаммамизни асрасин!!!

Мунозарали пост ва комментларни ўқимасликни, унга вақт сарфламасликни маслаҳат бераман. Шундоғам умримиз қисқа.

Қудратуллоҳ Сидиқматов

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!