Муқаддас Макканинг покиза гули

12:20 08.05.2019 1127

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳга чексиз ҳамду санолар, Расулуллоҳга беадад салоту саломлар бўлсин.

Ҳадичаи Кубро Онажон розияллоҳу анҳо

 

Саодатли  қизи  Одам  Атонинг,

Барчамизга  суюк  ҳамда  жонажон.

Бизлардан  соғинчли  саломлар сизга,

Ҳадичаи  Кубро  Онажон.

 

Муқаддас  Макканинг  покиза  гули,

Ҳабибига  сизни  танламиш  Раҳмон.

Муборак  кунларни  қаршиладингиз,

Ҳадичаи  Кубро  Онажон.

 

Жуфти ҳалолингиз - Муҳаммад  Амин(с.а.в.)

Энг гўзал, энг буюк, энг покиза қон,

Ахир ул зот сабаб яралган олам,

Ҳадичаи  Кубро  Онажон.

 

Қалбингиз  парчаси  Қосим..., Абдуллоҳ...,

Айрилиқ  ҳар жонни этар – ку  гирён.

Нур  ила  ул  замон  маҳзун  эдингиз,

Ҳадичаи  Кубро  Онажон.

 

Кўзингиз  қувончи Зайнаб,  Руқая,

Умми  Гулсум,  шонли  ул Фотимахон.

Улар  юрагингиз  нур – ёғдулари,

Ҳадичаи  Кубро  Онажон.

 

Ниҳоят, балққанда  Рисолат тонги,

Биринчи бўлдингиз  келтириб  иймон.

Бу дамни қанчалар кутган эдингиз,

Ҳадичаи  Кубро  Онажон.

 

Суянчиқ  бўлдингиз  азиятларда,

Она  шер  мисоли  довюрак,  қалқон.

Яратганнинг  сизга  саломи  инди,

Ҳадичаи  Кубро  Онажон.

 

Эшик  қоққанида  қазо онлари,

Кўзлардан  аччиқ  ёш оқди – ку  нолон.

У  куни оламлар  бўлди  музтариб,

Ҳадичаи  Кубро  Онажон.

 

Айрилиқ  дардига  малҳам  хушхабар,

Сизга насиб бўлди ул Олий ризвон.

Ҳабибуллоҳ сиздан  ризо  эдилар,

Ҳадичаи  Кубро  Онажон.

 

Эй, Фахри  оламнинг  нурли  завжаси,

Қалблар ичра  мунис,  мушфиқ, меҳрибон.

Гултожи  эрурсиз  садоқат  боғин,

Ҳадичаи  Кубро  Онажон.

 

Саййидларнинг  нурли  юзига  боқиб,

Юраклар  қувонар,  жўшар  ҳаяжон.

Сизларни  кўргандай  бўлурмиз, алҳол,

Ҳадичаи  Кубро  Онажон.

 

Биз, беҳад севармиз Расулуллоҳни,

Орзу – умид билан яшармиз ҳар он.

Жаннатларда дуо қилгайсиз бизни,

Ҳадичаи Кубро Онажон.

 

Муҳаммад Бобур Мўмин

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!