Муқаддима (Ният ва ихлос)

21:45 04.07.2019 318

Аллоҳ номи ила қувилган шайтоннинг ёмонлигиндан паноҳ сўрайман!

Сен: “Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Роббиси Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман ва мен аввалги мусулмонларданман” деб айт” (Анъом сураси, 162-163-оятлар).

Албатта, биз сенга Китобни ҳақ ила нозил қилдик. Бас, сен Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат қил. Огоҳ бўлингким холис дин Аллоҳникидир” (Зумар сураси 2-3-оятлар).

Ҳолбуки улар Аллоҳга динни холис қилган ҳолда, ҳаққа мойил бўлиб ибодат қилишга буюрилган эдилар” (Баййина сураси 5-оят).

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳга Ўз юзининг жалоли, қудратининг буюклилига хос ва мос кўп, яхши, баракали ҳамдлар бўлсин. Ундан ўзгани Робб қилиб олмаймиз, Ундан ўзгани Валий тутмаймиз, Ундан ўзгани Ҳакам қилиб олмаймиз, Унга ва У билан бирга ҳеч кимсани ва ҳеч нарсани шерик қилмаймиз. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир, Динни Унга холис қилган ҳолда - агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам - Унгагина ибодат қиламиз.

Аллоҳнинг соф саловатлари ва саломлари саййидимиз, имомимиз, намунамиз, суюклигимиз Муҳаммадга бўлсин. У кишининг намозлари, ибодатлари ҳаёт - мамотлари оламлар Роббиси Аллоҳ учун эди. У Зотнинг шериги йўқдир. Ҳамма нарсалари Аллоҳ учун  эди. Сўзласалар Аллоҳ учун, жим турсалар Аллоҳ учун, ғазаблансалар Аллоҳ учун, рози бўлсалар Аллоҳ учун, яхши кўрсалар Аллоҳ учун, ёмон кўрсалар Аллоҳ учун, берсалар ёки ман қилсалар, дўстлашсалар ёки урушсалар Аллоҳ учун эди. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир.

У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Аллоҳга дуо қилиб “Аллоҳим! Сенга билган нарсамизда ширк келтириб қўйишимиздан паноҳ сўраймиз ва билмаган нарсамизда ширк келтириб қўйишимиздан истиғфор айтамиз” деб айтишни таълим берган эдилар.

Аллоҳ у кишининг асҳобларидан рози бўлсинким, улар динларини Аллоҳга холис қилдилар. Аллоҳ уларни Ўз дини учун холис қилди. Аллоҳ учун ҳижрат қилдилар, Аллоҳ учун муҳожирларни қабул қилдилар ва ёрдам бердилар, Аллоҳ йўлида моллари ва жонлари ила тиришқоқлик қилдилар. Аллоҳ, Унинг Расули ва Унинг йўлида тиришқоқлик қилиш улар учун оталаридан ҳам, ўғилларидан ҳам, қариндош - уруғларидан ҳам, касб қилган молларидан ҳам, касод бўлишидан қўрққан тижоратларидан ҳам ва ҳуш кўрган масканларидан ҳам суюклироқ эди.

Аллоҳ улардан ва уларнинг ортидан қиёматгача эргашганлардан рози бўлсин.

Дўстим муслим, ушбу саҳифаларда сенга иймоннинг энг юқори бўлимларидан бир бўлим, диннинг энг улуғ мақомларидан бир мақом, раббонийларнинг энг гўзал хулқларидан бир хулқ ҳақида сўзламоқчиман. Бу нарса “ихлос” бўлиб Аллоҳ у бўлмаганда амални қабул қилмас, у бўлмаганда солиҳ амал Аллоҳ ҳузурида розилик топа олмас.

Бу ҳақда Сулаймон алайҳиссалом: “Роббим, мени Ўзинг менга ва ота - онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин” (Намл сураси, 19-оят) деганлар.

Солиҳ амал унда ихлос мужассам бўлганда ва ундан катта ва кичик, ошкор ва махфий ширк зоил бўлгандагина Аллоҳни рози қилади: “Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, яхши амал қилсин ва Робби ибодатига биронтани шерик қилмасин” (Каҳф сураси, 110-оят).

Содиқ ниятсиз, уни холис Аллоҳ учун қилмасдан, шахсий ва дунёвий рағбатлардан холий бўлмасдан туриб ихлос мукаммал бўлмайди. Бунинг маъноси инсон ўз ҳоҳишларини унутиб, Роббисига бутунлай боғланишидир. У Роббисига боғланганда Аллоҳ унга заифлик ўрнига қувват, хавф ўрнига омонлик, фақирлик ўрнига бойлик беради. (Ҳақиқий қувват, омонлик ва бойлик чин ихлосдир. Таржимон).

Умид қиламанки, дўстим муслим, ушбу саҳифалардан нафсингга қарши курашишда, унинг махфий шаҳватларига қарши туришда (зеро махфий шаҳватлар зоҳирий шаҳватлардан кўра хатарлироқдир) ёрдам берадиган ҳақиқатларни топасанки, токи Аллоҳга холис бўлиб бутунлай Аллоҳга боғланасан: “Ким гўзал амалларни қилгувчи бўлган ҳолида Аллоҳга юз тутса, батаҳқиқ, у ишончли арқонни маҳкам тутибди. Ишларнинг оқибати фақат Аллоҳга қайтур” (Луқмон сураси, 22-оят).

Аллоҳим! Бизларни билиб унга амал қиладиган, амал қилганида холис бўладиган, холис бўлганида Сенинг ҳузурингда амали мақбул бўладиган бандаларингдан қилгин, эй оламлар Роббиси! Аллоҳим омийн!

Шайх Юсуф Қарзовийнинг "Ният ва ихлос" китоби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!