Муробаҳа (2-қисм)

23:05 04.09.2019 818

Муробаҳа (1-қисм)

Мақоламизнинг ушбу қисмида биз муробаҳанинг молиялаштириш маҳсулоти/усули сифатидаги жиҳатларини кўриб чиқамиз.

Мақоламизнинг биринчи қисмида айтиб ўтганимиздек, муробаҳа бугунги кунда Ислом молия муассасалари томонидан тадбиркорлик/тижорат лойиҳаларини молиялаштириш учун кенг қўлланилса-да, биз муробаҳа биринчи навбатда молиялаштириш маҳсулоти эмас, балки савдо шартномаси эканлигини ёдда тутишимиз керак. Замонавий уламолар муробаҳани молиялаштириш маҳсулоти/усули сифатида қўллашга рухсат беришган. Аммо бунда баъзи шартлар борки, агар уларга амал қилинмаса, муробаҳа битими шаръий жиҳатдан ножоиз бўлади. Ушбу шартлар қуйидагилардир:

1. Муробаҳа фоизга бериладиган кредит эмас, балки мижоз билан келишилган ҳолда унинг учун зарур бўлган маҳсулотни тўлов муддатини узайтириш орқали устама билан сотишдир (бунда мижоз билан келишилган устама, яъни молия муассасасининг фойдаси маҳсулот нархига қўшилади).

2. Муробаҳа биринчи навбатда қарз эмас, савдо-сотиқ битими эканлиги сабабли мақоланинг биринчи қисмида муробаҳа савдо битимига нисбатан ўрнатилган шартларга риоя қилиниши керак, акс ҳолда шартнома ҳуқуқий кучга эга бўлмайди.

3. Муробаҳа фақатгина мижоз учун зарур бўлган муайян маҳсулотни (шу жумладан, эҳтиёт қисмлар ёки ишлаб чиқариш учун керакли бўлган хомашё) сотиб олиб бериш учун қўлланилади. Мижознинг ўзи аввал сотиб олиб бўлган маҳсулот нархини тўлаш, ишчи/ходимларга ойлик бериш ёки коммунал тўловларни амалга ошириш учун муробаҳа қўлланилиши мумкин эмас.

4. Молия муассасаси мижозга сотилаётган маҳсулотга эга бўлиши керак, яъни ўзи эга бўлмаган маҳсулотни сотиши мумкин эмас.

5. Маҳсулот молия муассасаси эгалигида бўлиши, маҳсулот харид қилиниб мижозга етказиб берилгунга қадар бўлган қисқа муддат ичида молия муассасасининг хатари доирасида бўлишини англатади, яъни шу давр ичида маҳсулотга бирор талафот етиш хатари молия муассасасининг зиммасида бўлади.

6. Муробаҳа учун маҳсулот молия муассасаси томонидан ҳам, учинчи шахс бўлган бирор вакил орқали ҳам сотиб олиниши мумкин. Аммо баъзи фавқулодда ҳолатларда, яъни молия муассасаси қандайдир сабаб туфайли маҳсулотни сотиб олиш имконияти бўлмаганда, мижознинг ўзи ўша маҳсулотни молия муассасаси номидан унинг вакили сифатида сотиб олиши (бунда маҳсулотга бўлган эгалик ҳуқуқи молия муассасасига тегишли бўлади ва албатта маҳсулотга талафот етиш хатари ҳам молия муассасасининг зиммасида бўлади) ва шундан кейин ўша маҳсулотни молия муассасаси билан муробаҳа шартномаси тузиш орқали ўзига олиши мумкин. Маҳсулот муробаҳа шартномаси асосида мижозга ўтгандан кейин маҳсулотга эгалик ҳуқуқи ҳам, ва бу билан боғлиқ барча хатарлар ҳам мижозга ўтади.

Мижоз молия муассасаси вакили сифатида ўзига бирор маҳсулот сотиб олиши учун молия муассасаси билан вакиллик шартномаси тузиши керак бўлади.

7. Маҳсулот учинчи тараф/шахсдан сотиб олиниши шарт, яъни мижознинг ўзига тегишли бўлган маҳсулот муробаҳа шартномаси доирасида сотиб олиниши мумкин эмас, чунки бунда мижоз ўзида мавжуд бўлган маҳсулотни муробаҳа орқали “сотиб олиши”, унинг бу битимни молиявий маблағ жалб қилиш мақсадидагина амалга оширмоқчи эканлигини билдиради, бу эса муробаҳа битимига зиддир.

Ислом Молияси канали

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!