Илм

Муробаҳа: мижозга нисбатан жарима қўллаш масаласи

564

Муробаҳа бўйича ёзилган мақолаларимизнинг аввалги қисмларида айтиб ўтилганидек, мижоз ўрнатилган муддатда тўловни амалга оширолмаса ҳам муробаҳа шартномаси бўйича олинган молнинг нархи оширилмайди (маълумки, анъанавий банкларда берилган кредит ўрнатилган муддатда қайтарилмаса, фоиз даражаси кўтарилади, агар кредит бўйича ўрнатилган фоиз ўз вақтида тўланмаса, унда пеня (жарима) қўлланилади).

Ислом молияси муассасаларида мижозга тақдим этиладиган бундай енгилликдан баъзи ноинсоф мижозлар фойдаланиб, турли баҳоналар билан тўловларни атайлаб ўз вақтида амалга оширмай юради (бу пайтда улар молия муассасасига қайтарилиши керак бўлган пулларни “айлантиришади”, ваҳоланки, бу уларга тегишли бўлмаган пул маблағлари). Ислом молияси тизими тўлақонли татбиқ этилган мамлакатларда бундай мижозлар шу мамлакатлар Марказий банклари (ёки бошқа шу масалага масъул бўлган идоралар) томонидан қора рўйхатга киритилади ва улар жаримага тортилади. Албатта, бу ҳақда барча молия муассасалари хабардор бўлади ва бундай мижозлар бошқа молия муассасаларидан ҳам молия жалб қилиш имкониятидан маҳрум бўлади (қайси молия муассасаси бундай мижоз билан ишлашни хоҳлайди!?). Аммо ислом молияси тизими тўлақонли татбиқ қилинмаган давлатларда буни амалга оширишнинг иложи йўқ, шунинг учун бундай мижозлар бемалол бошқа молия муассасаларига (жумладан, анъанавий банкларга) мурожаат этиб, молия жалб қилиши мумкин. Хўш, бундай ҳолатда ислом молияси муассасалари нима қилишади?

Бундай ҳолатда ислом молияси муассасалари муробаҳа бўйича тўловни амалга оширмаган мижозларга нисбатан жарима қўллаш ҳуқуқига эга, лекин бунинг иккита асосий шарти бор:

1. Муробаҳа шартномаси тузилаётган пайтда мижоз муробаҳа бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаса, шартномада кўрсатилган жаримани молиялаштирувчи молия муассасаси кўрсатган (ёки икки томон келишиб белгилаган бошқа бирор) хайрия жамғармасига ўтказиб бериш бўйича ўзига мажбурият олиши керак (тўланган жарима ислом дини кўрсатмаларига зид бўлмаган хайрия мақсадларига йўналтирилади).

2. Тўланган жарима ҳеч қандай ҳолатда, ҳеч қандай сабаб билан банк даромади/фойдаси бўлиши мумкин эмас, бинобарин, жаримадан тушган бу пуллар молия муассасаси томонидан давлат олдидаги ёки яна бирор бошқа учинчи томон олдидаги молиявий мажбуриятларини (масалан, солиқлар, қандайдир жарималар, коммунал тўловлар ёки яна бирор бир бошқа тўловлар) бажариш учун ҳам ишлатилиши мумкин эмас. Аммо тўловни ўз вақтида амалга оширмаган мижозга нисбатан жарима қўллаш давомида молия муассасаси бирор қўшимча харажатлар қилган бўлса (масалан, судга/адвокатларга мурожат қилинган бўлса ва шу жараёнда қандайдир харажатлар қилинса), ушбу бевосита харажатлар тўланган жарима ҳисобидан қопланиши мумкин.

Жарима фақат хайрия мақсадларида ишлатилиши мумкинлиги, яъни молия муассасаси даромади бўлмаганлиги сабабли жариманинг миқдори мижознинг онгли равишда берган аҳдига кўра турли миқдорда бўлиши мумкин. Жарима йиллик фоиз кўринишида белгиланиши ҳам мумкин. Албатта, ўз вақтида амалга оширилмаган тўлов учун маълум миқдорда жарима тўлашга аҳд берганлиги мижоз атайлаб тўловни амалга оширмай юришдан тийилишига сабаб бўлади. Шу ерда бир нарсани айтиб ўтиш лозим: жарима қўлланишининг асосий мақсад-моҳияти мижозлардан жарима ундириб, уларни жазолаш ёки жарималар ҳисобидан хайрия қилиш эмас, балки мижозларни тўлов интизомига ўргатишдир.

Манба: “Ислом молияси” канали

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Муробаҳа: молиялаштиришда йўл қўйиладиган асосий хатолар

496 17:00 27.11.2019

Муробаҳа шартномасида ҳамма харажатларни кўрсатиш керакми?

508 08:05 17.09.2019

Муробаҳа билан боғлиқ баъзи масалалар (3-қисм)

577 22:03 11.09.2019

Муробаҳа (2-қисм)

968 23:05 04.09.2019

Муробаҳа (1-қисм)

1044 23:55 30.08.2019
« Орқага