Илм

Муробаҳа шартномасида ҳамма харажатларни кўрсатиш керакми?

507

Савол:

– Ассалому алайкум. Муробаҳа шартномасида маҳсулотнинг таннархини ва фойдани айтиш керак дейилибди. Мисол учун, мен эшик-ром ясайман, ҳар хил материалларни ҳар хил дўконлардан турли нархларга сотиб оламан, ишчи ишлатаман, солиқ тўлайман, транспорт харажатлари қиламан, бу харажатлар менда бир дунё рўйхат бўлади, шуларни кўрсатишим керакми?

Яна бир нарса: ўтган йиллари бўлиб тўлаш шарти билан муддати аниқ, лекин нархи ўзгармаган ҳолда 5-6 та шартнома қилдим, албатта, мен вақтида етказиб бердим, лекин харидор вақтида тўловни амалга оширмаяпти, шунча тўладим-ку, ўзи қиммат бердингиз ўшанда, бўлади ўша тўлаганим, ўша пайтда бошқалардан сўраганимда ярим пулига битар экан, сизга ошиғи билан тўладим, деганлар ҳам бўлди.

Шу сабаб маслаҳат берсангиз, нима қилсам бўлади?

Жавоб:

– Ва алайкум ассалом.

Агар эшик-ромларни буюртма асосида тайёрлайдиган бўлсангиз, яъни мижоз келиб, сиз келажакда унга деб ясайдиган муайян тавсифдаги (масалан, ўлчамлари, хом ашёси, ранги ва ҳоказо) маҳсулотга буюртма берса, фиқҳда бундай шартнома «истисно» дейилади («саноат» араб тилидаги ишлаб чиқариш сўзидан олинган). Қисқа қилиб айтганда, ушбу шартномага кўра, буюртмачи келажакда ишлаб чиқариладиган маҳсулотни тўла тавсифлаб буюртма беради. Маҳсулотнинг нархи ишлаб чиқарувчи ва харидор ўзаро шартлашаётган вақтда белгиланади (яъни маҳсулот ишлаб чиқарилишидан олдин) ва кейин ўзгартирилмайди. Ишлаб чиқарувчи ўзининг хом ашёсини ва ишчи кучини сарф қилади («Истисно» шартномаси тўғрисида келажакда батафсил маълумот берамиз).

Агар сиз мижозларга тайёр эшик-ромларни сотадиган бўлсангиз (улардан буюртма олмай), яъни харидорлар дўконга келиб, мавжуд эшик-ромлардан танлаб сотиб оладиган бўлса, бу савдо «мусавама» савдоси дейилади. Мусавама савдосининг муробаҳа савдосидан асосий фарқи муробаҳада сотувчи маҳсулотнинг таннархи ва устама (фойда) миқдорини харидорга маълум қилади. Мусавамада эса сотувчи мижозларга шунчаки маҳсулотнинг сотиладиган нархини эълон қилади. Кўпчилик тадбиркорлар айнан мусавама усулида савдо қиладилар.

Муҳим изоҳ: муробаҳа усулида мижозларга маҳсулотни сотсангиз ҳам, таннархни келтириб чиқарувчи харажатларнинг ҳаммасини бирма-бир (муфассал) кўрсатишингиз шарт эмас. Ушбу савдода сиз маҳсулотнинг умумий таннархини ва ўз устамангиз (фойдангиз)ни кўрсатишингиз (айтишингиз) кифоя (харажатларни батафсил айтиш тўғрисидаги саволга жавоб).

Иккинчи саволингизга жавоб қуйидагича: харидорларингиз билан аниқ тўлаш муддатларини белгилаганингиздан кейин улар шу шартларни бажаришлари лозим. Фақатгина харидорнинг тўлов қобилиятини йўқотиши бу шартлардан мустасно. Агар харидор тўловларни амалга оширишга қийналса, бундай харидор билан тўлов муддатларини қайта кўриб чиққан яхши. Бунинг учун бирор қўшимча ҳақ (жарима ва ҳоказо) олинмайди.

Саволингиздан харидорларлар турли ёлғон баҳоналар билан (нархи юқорилиги ва ҳоказо) тўлашдан бош тортишлари маълум бўляпти. Бундайлардан тўловни тўлиқ амалга оширишни талаб қилса бўлади, ҳатто амалдаги қонунчилик асосида тўловни ундириш учун барча зарурий чораларни кўришингиз мумкин.

Шунингдек, келажакда харидорлар тўловни амалга оширмаслик ҳолатларини камайтириш учун гаров талаб қилишингиз ҳам мумкин.

Манба: "Ислом молияси" телеграм канали

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом банкингини жорий этиш Ўзбекистонга 10 млрд доллар жалб этиш имконини беради

1405 11:30 18.04.2019
« Орқага