Мурожаат: “...журналистларда, шу жумладан, блогерларда туғилаётган саволларга аниқ ва асосли жавоб қайтаришингиз зарур!”

12:30 12.03.2019 850

Ўзбекистон Миллий матбуот маркази раисининг вазирлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига мурожаати

“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”.

Шавкат Мирзиёев

Барча демократик давлатларда вазирлар ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари жамиятда рўй бераётган ёки бериши мумкин бўлган ўзгаришлар юзасидан жамоатчиликка тезкор ахборот бериб боришади.

Европа давлатларида вазирлар ҳар кунлик ишини “Миллий матбуот марказ”ида (Марказлар турли давлатларда турлича номланса-да, барча давлатларда ягона ҳисобланади ва унинг бошқа шаклдаги муқобили йўқ) жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган воқеа-ҳодисалар, танқидий муносабат билдирилган ёки кенг муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг муносабатини билдириб борадилар.

Лекин негадир ҳурматли раҳбарлар, Сиз бу тажрибадан самарали фойдаланмайсизлар.

Тўғри, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Меҳнат ва бандлик муносабатлари вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳамда Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимлиги бу борада анча тажриба тўплаган.

Бироқ халқ таълими, маданият, тиббиёт, фармацевтика, ёшлар, маънавият, матбуот ва сўз эркинлиги, ижтимоий ҳимоя масалалари, уй-жой, қурилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, фермерлик ҳаракати, ҳаво ва темир йўллари, коммуникация, ташқи савдо, импорт, тадбиркорлик, инвестиция, ташқи меҳнат миграцияси сиёсати ва бошқа соҳалардаги оламшумул янгиликлар, жамиятимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар тўғрисида, ҳаётимизда амалга оширилаётган туб буришлар ҳақида тўлақонли маълумотлар деярли берилмаяпти.

Натижада, кейинги икки йил давомида мамлакатимизнинг барча жабҳасини бирдек қамраб олган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида, Давлат дастурларининг бажарилиш жараёнлари ва белгиланган чора-тадбирлар, устувор вазифалар ижроси юзасидан муҳим ахборотлар сирлигича қолиб кетмоқда!

Бироқ одамлар, журналистлар, шу жумладан, блогерлар Сиз айтмаган ахборотларни ёт, шубҳали манбалардан излабгина қолмай, топиб ҳам олаётирлар.

Шаҳар дарвозасини ёпиш мумкин, лекин информацияни ёпиб бўлмайди. Кундан-кунга шиддат билан ўзгараётган замон узуқ-юлуқ жавоблар билан қаноатланмай қолганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Шундай экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан кўндаланг қўйилган бир-биридан муҳим, долзарб вазифаларни сифатли ва самарали амалга ошириш жараёнлари ҳақидаги шаффоф, тўғри ҳамда холис ахборотлар бугун жамиятга сув билан ҳаводек зарур.

Демак, биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган мамлакатни модернизациялаш жараёнлари, қабул қилинаётган қонун ва норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг мақсад-муддаоси, тармоқ, соҳа ва ҳудудларни ривожлантириш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ижросининг бугунги ҳолати тўғрисида халқимиз бугун билиши лозим.

Иккинчидан, халқимизнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш йўлида ғов бўлиб қолаётган бюрократизм, тамагирлик, лоқайдлик ва коррупция сингари иллатларга қарши олиб борилаётган изчил курашлар ҳақида бугун айтилиши керак.

Учинчидан, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, ўз кучига, эртанги кунига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва янги марралар сари сафарбар этиш борасида олиб борилаётган устувор вазифалар ҳақида, мамлакатимизда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида белгиланган чора-тадбирлар тўғрисида одамлар билиб бориши нур устига аъло нур бўлади.

Тўртинчидан, жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотаётган воқеа-ҳодисалар, ОАВда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилаётган масалалар юзасидан кечиктирмасдан қатъий ёндашувингизни маълум қилишингиз, муайян мавзу бўйича халқимизда, журналистларда, шу жумладан, блогерларда туғилаётган саволларга аниқ ва асосли жавобингизни қайтаришингиз, лозим топилса, ҳар куни Ўзбекистон Миллий матбуот маркази минбарида муносабатингизни билдириб боришингиз керак.

Ўзбекистон Миллий матбуот маркази бу масалалар юзасидан Сизга ишончли минбардир.

Ўз навбатида Марказда вазирлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ОАВ вакилларига тўғри, холис ва шаффоф ахборотларни бериб бориши учун давр талаб қилган даражадаги имкониятлар ҳозирланган. ОАВ вакиллари учун ахборотларни олиш ва уларни тезкор узатишига қулай шароитлар яратилмоқда. Марказ фаолиятини янада такомиллаштириш ва моддий-техник базасини модернизациялаш борасида чора-тадбирлар белгиланган.

Шу билан бир вақтда, Марказ анжуманларида иштирок этадиган маҳаллий ва хорижий мухбирлар, мустақил журналистлар, блогерлар, фотомухбирлар рўйхати шакллантирилиб, доимий ҳамкорликда ишловчи “Журналист ва блогерлар клуби”ни ташкил этиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Ҳурматли вазирлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари!

Мамлакатимизда фуқароларнинг тўғри ва холис ахборот олиш соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Бу борадаги ўрнингиз ва ролингиз биринчи қаторда турганини халқимиз жуда яхши билади.

Шунинг учун, Ўзбекистон Миллий матбуот маркази Сиз билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, такомиллаштиришга ва матбуот ҳамда сўз эркинлигини амалда таъминлашга тайёр!

Ўзбекистон Миллий матбуот маркази раиси: Шавқиддин Ғаниев

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!