"Мурувват карвони" акцияси доирасида Тошкент вилоятига хайрия юклари етказилди

11:40 21.12.2018 277

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан "Мурувват карвони" лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида хайрия юклари тарқатилган эди.

Кеча «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан “Мурувват карвони”нинг навбатдаги хайрия юклари Тошкент вилояти томон йўл олди. Вилоятда хайрия тадбирлари жорий йилнинг 21 декабрь куни Зангиота мажмуасида ташкил этилади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, диний-маърифий китоблар ва бошқа зарурий буюмлар ортилган юк автомашинаси ушбу вилоятга етиб келди, дея хабар бермоқда фонд матбуот хизмати.

Маълумот учун, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 106 миллион сўмлик товар-моддий бойликлар беғараз тарқатиш учун тайёрланди.

Бунда, 20 дона ногиронлик аравачаси, 330 метр аёллар газламаси, 500 кг шакар, 550 литр ёғ, 223 дона Росулуллоҳ рамазонда аудио диски, 892 дона китоблар (Ҳазрати Қусам ибн Аббос-Шоҳизинда, Тафсири Ирфон (19-22 жуз), (22-25 жуз), (26-28 жуз)) ўрин олган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!