Муфтий ҳазрат Мадинада таҳсил олаётган ўзбек талабалар билан учрашдилар

10:30 02.08.2018 1457

29 июль куни Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги “Жавҳарат ал-Рашид” меҳмонхонасида Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан Мадина ислом университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан самимий мулоқот қилишди, деб хабар бермоқда ЎМИ Матбуот хизмати.

Учрашувда муфтий ҳазратлари бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, хусусан, охирги икки йил давомида диний-маърифий соҳадаги кенг қамровли ўзгаришлар тўғрисида талабаларга гапириб бердилар.

Ёшларга давлатимиз Раҳбарининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармон барча мўмин-мусулмонларимизнинг кўнглини тоғдек кўтаргани, халқимиз томонидан катта хурсандчилик ила қарши олинганини изоҳладилар. Айниқса, Ўзбекистондаги халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари, илмий мактаблар ва “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Талабалар ҳам ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Жумладан, улар хорижда таълим олганларнинг дипломларини нострификация қилиш, яъни хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ушбу ҳужжатларнинг қонуний кучга эга эканига розилик бериш ишлари қандай кетаётгани ҳақидаги саволларига тўлиқ маълумотлар олишди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!