Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Мусҳаф ёқилиши Швеция учун қимматга тушмоқда

8457

Стокголмдаги Туркия элчихонаси олдида Даниянинг ўта ўнгчи “Қаттиқ келишув” ўнг қанот экстремистик партияси раҳбари Расмус Палудан томонидан Қуръони карим нусхасининг ёқиб юборилиши кенг муҳокама қилинмоқда.  БМТ ва Еврокомиссия ҳам мазкур жирканч ҳаракатни тўхтатиш бўйича чақириқ билан чиқди. Туркия раҳбарларининг муносабати ҳам швецияликлар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлиши аниқ. Швеция ҳукумати ҳам хавотирга тушиб қолди. Чунки Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг НАТО ташкилотига аъзо бўлишга қарор қилган расмий Стокголм туркларнинг “бир имоси”га зор бўлиб турибди.

Кеча бош вазир Улф Кристерссон ҳам бу борада алоҳида баёнот берди.

“Мен Швециядаги барчани вазиятнинг жиддийлигини тушунишга чақирмоқчиман. Вазият чиндан ҳам ўта жиддий, бу Иккинчи жаҳон урушидан бери биз бошдан кечирган энг ёмон воқеа”, деди кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бош вазир.

Улф Кристерссоннинг айтишича, бундай провокаторларнинг ҳаракатлари Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини ортга суради. Лекин шу билан бирга у Мусҳафи шарифнинг ёқилишини “сўз эркинлиги” деб таърифлашдан чекинмаяпти. 

–  Швецияда кимдир сиёсатчиларни сохта қатлларда тасвирлаши керак бўлган нарсани осиб қўйишини ёқтирмаймиз. Бу мутлақо нооқилона позициялар. Агар Швециянинг НАТОга қўшилиши муҳим деб ҳисобласангиз, биз қандай фаолият юритишимиз ҳақида ўйлашингиз керак.

 Сешанба куни эрталаб Финляндия ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто ўз мамлакатининг НАТОга Швециясиз қўшилиши мумкинлигига ишора қилди. Бу Туркия президенти Эрдоғаннинг Стокголм Туркиядан Швециянинг НАТОга киришини қўллаб-қувватлашини кутмаслиги керак, деганидан кейин айтилгани билан диққатга сазовор. 

“Биз бу умидсизлик эканини тушунамиз, лекин Финляндия Швеция билан ишлашни хоҳлаётганини ҳисобга оламиз. Шу билан бирга, агар Швеция доимий равишда четлаштирилса, Финляндиянинг олдини  тўсиши тўғри эмас, дейди Улф Кристерссон. 

- 30 та давлатдан 28 таси индивидуал қарорлар қабул қилди, Туркия ўзи қарор қилади. Бунинг учун биз тўлиқ мулоқотга қайтишимиз, Швеция-Финляндия-Туркия келишувига риоя қилишимиз керак. Бунда ажабланарли  нарса йўқ”, - дейди Кристерссон.   

Кеча маҳаллий оммавий ахборот воситалари Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Швеция ва Финляндия билан режалаштирилган учрашувни бекор қилгани ва номаълум муддатга қолдирилгани ҳақида хабар берди. 

Бу сиёсий воқеалар ўз йўлига, лекин мусулмон жамият бундай воқеаларга қандай муносабатда бўлиши керак, деган савол ҳам долзарб.

Британиялик ёзувчи, нотиқ, ислом бўйича тадқиқотчи ва асли юнон бўлган инглиз мусулмони Ҳамза Андреас Тзортзис шундай дейди:

“Инжилни таҳқирлайдиган мусулмонни ҳеч кўрмайсиз. Ҳеч қачон. Буни қилгандан кўра улар ўлимни афзал кўришади. Маданият ва ёввойилик; ахлоқ ва ахлоқсизлик; иймон ва худосизлик; сулҳ ва зиддият ўртасидаги фарқ айни шудир”. 

Azon лойиҳалари асосчиси Мубашшир Аҳмаднинг фикрларига кўра, бу жирканч ҳаракат манзарасида ўрис босқинчиларининг қилмишларини яна бир карра эслаб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай фикр қолдирди: “Ғарбнинг жирканч қатлами томонидан Мусҳафи шариф ёқилиши манзарасида, айримлар ўрислар бундай қилмайди, дея уларни оқлаш ва мусулмонларга хайрихоҳ эканини урғулашга интилмоқда. 

Хотираси калталик қилманг! Ўрис юртимизни босиб олаётган ва кейинчалик коммунистик тузумини мустаҳкамлаётган даврларда минглаб Мусҳафларни ёққан, оқизган. Ҳатто Қуръон тилидаги бошқа китобларининг ҳам кулини кўкка совурган! Қоғоз мусҳафлар у ёқда турсин, тирик Қуръонларни ёққан, чопган, дорга осган ва отган!  

Мен ғарб жирканчлигига ашаддий қарши бўлиш билан бирга, ўрис қабоҳатининг қилмишларини ҳам унутмасликка чақираман!”

Дарҳақиқат, тарих бундай жирканч ишларга биринчи марта гувоҳ бўлаётгани йўқ. Хоссатан, Европада...

Тарихий манбаларга кўра, 1498-1500 йиллари Андалусия ишғол этилгандан сўнг, Валенция ва Толедода черковларининг кўрсатмаларига биноан Қуръони каримнинг нусхалари ёқиб юборилган ва XVI аср ўрталарида Қуръоннинг тарқалишига қарши расмий цензура қўлланилган. Ўша давр Рим Папаси Клеменс VII (1523-1534) ҳам худди шундай муносабатда бўлгани тарихчилар орасида қайта-қайта тилга олинади. Яқинда, 2010 йил 11 сентябрда руҳоний Терри Жонс "Халқаро Қуръонни ёқиш куни"ни бошламоқчи бўлганди, қаттиқ норозиликлар натижасида бу жирканч ташаббус бекор қилинди. Икки йил ўтиб, унинг 3000 мусҳафни ёқиб юборишга уринганида жамоат боғида рухсатсиз қурол олиб юргани учун расмийлар томонидан ҳибсга олинган. 

Аммо энди, таъбир жоиз бўлса, “жин кўзадан чиқиб кетди”. Жонсдан илҳомланган кўплаб Европа сиёсатчилари ва фаоллари сўнгги йилларда Қуръонга қарши мунтазам ва доимий ҳақоратли чиқишлари билан пайдо бўлишмоқда. Исломофобиядан сиёсий карьера қилиб олган нидерландиялик Герт Вилдерс 2016 йили мусулмонларнинг муқаддас китобини тақиқлаш мақсадини илгари суриши, айниқса, швед неонацисти Расмус Палудан 2020 йилда турли мамлакатларда Қуръони Каримни омма олдида ёқишга уриниши... Афсуски, чириган Ғарб фалсафаси сўз эркинлиги деган парда остида ўз манфурлигини қайта-қайта намоён этмоқда. 

Бундай хатти-ҳаракатлар халқаро жиноят ҳуқуқи соҳасига киритилмаган. Ғарбни мисол қиладиган бўлсак, диний қадриятларни ҳимоя қилувчи қонунлар асрлар давомида кўплаб мамлакатларда мавжуд эди. Бироқ 2017 йили Дания парламенти жиноят кодексидан 334 йил давомида мавжуд бўлган “диний қадриятларни ҳақоратлаш” бандини олиб ташлашга қарор қилди. Германияда ҳам узоқ вақтдан бери қонундан шунга ўхшаш моддани бекор қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда.  

Умуман, Қуръони каримни ёқиш ҳаракатини провокация деб баҳолаган Европа матбуоти мусулмон олами, хусусан, Туркия расмийларининг муносабатини тарқатиш билан кифояланди ва бу ҳаракат фонида Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини қийинлаштирадиган яна бир инқироз муҳити юзага келгани ҳам таъкидланди, холос. Сўнгги йилларда бундай даврий портлашларга ўрганиб қолган фуқаролик жамияти бу жирканч ишга сукут сақлади. Европадаги диний ташкилотлар, масалан, черков жамоатлари ва уларнинг вакиллари ҳам “оғзига толқон солиб олди”. Ҳатто Европадаги мусулмон ташкилотлари ҳам “миқ этмаётгани” ҳам ажабланарли ҳолат. Бу ҳолатни бир неча йиллардан буён глобал маънавий инқироз муҳитида яшаётган жамиятда диний қадриятлар аҳамиятини йўқотгани билан изоҳлаш мумкин. 

Ғарб жамиятларида тезлашиб кетган секуляризация тенденцияси диннинг табиатини емирди. Минг йиллик қадриятларни йўқотиш ва ҳамма қабиҳликларни нисбий баҳолаш вазияти дин ва маданиятга қаттиқ зарба бермоқда. Миллатни бирлаштира оладиган умумий асос формуласи эндиликда “Конституциявий ватанпарварлик” каби ноаниқ назарияларда изланмоқда. Бу фикрга кўра, эркинлик муҳим аҳамиятга эга. Динни ҳимоя қилиш муаммоси, шу асосда минимал даражага туширилди – жамиятда ҳеч қандай реакция йўқ.

Бир неча йиллардан бери Швецияда яшаб келаётган адабиётшунос Муқим Маҳмуднинг Azon.uz мухбирига билдиришича, гарчи Палуданнинг қилмиши сўз эркинлиги сифатида малакаланиб, жиноий жавобгарликка тортиш масаласи кўрилмаётган бўлса ҳам, маҳаллий амалдорларни хавотирга солиб қўйган. Улар мамлакат хавфсизлигини биринчи ўринга қўйишмоқда. Радикалларга қарши чиққан маҳаллий аҳоли вакиллари орасида ошкора Қуръони каримни ўпаётганлар ҳам бор. Одатда, бундай провакациялардан кейин Ислом динига бўлган қизиқиш ортиб кетади. Ажабмас, Швецияда ҳам шундай бўлса...

Туркияга келадиган бўлсак, жамоатчилик фикри қайнаяпти. Ҳар тарафда одамлар “европача сўз эркинлиги”га ўз нафратини баён этишдан чарчамаяпти. Ижтимоий тармоқдан тортиб, ОАВ, телевидение, радио, турли идора ва муассасаларнинг расмий сайтлари бу пасткашликка ўз нафратини изҳор қилаётган одамларнинг фикрлари билан тўлиб тошган.

Олдинда жиддий сайлов кампанияси турган бир вақтда Эрдоған бошлиқ амалдаги ҳукумат (Адолат ва юксалиш партияси) Швециянинг НАТОга кириш бўйича ҳар қанча ва ҳар қандай илтимосига рад жавобини бериши турган гап. Дарҳақиқат, бир манфур кимсанинг қилмишини деб юзидан расмий Стокголм оғир вазиятга тушиб қолди. Бош вазир таъкидлаганидек, бу Швеция учун “Иккинчи жаҳон урушидан бери юз берган энг ёмон воқеа” экани ҳақиқатга ўхшаб кўринмоқда. 

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz’нинг Туркиядаги махсус мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Таровеҳ муносабати билан Тошкентдаги айрим кўчалар вақтинча ёпилади

141 19:42 22.03.2023

Энг яхши табиб

244 19:15 22.03.2023

«Пекин Ашхобод билан муносабатларга катта эътибор беради» — Си Цзинпин

218 18:40 22.03.2023

РЎЗАГА ОИД ФАТВОЛАР

0 18:05 22.03.2023

Асад режими Ҳалаб аэропортига ҳаво ҳужуми юзасидан Исроилни айбламоқда

236 17:10 22.03.2023

Таровеҳ намози қандай ўқилади?

1593 16:31 22.03.2023
« Орқага