Мусҳафларга ранг бериш ҳақида

17:00 05.09.2019 656

Қуръон ёзишда уни қизил, яшил, сариқ ранглар билан ранг-баранг қилиб бўяшни кўпчилик фуқаҳолар жоиз эмас дейдилар.

Ҳозирда Туркияда чоп қилинган Китобларда “Жалола” (Аллоҳ) лафзи қизил ранг билан ёзилмоқда.

(Китобнинг) бир жойини бу тарзда чиройли ранг билан ёзиш усули, буюрилмаган касб маҳорати саналади. (Аслида) бунга зарурат ҳам йўқ. Бу иш қироатни чиройли қилишга ҳам ва уни тузатишга ҳам ёрдам бермайди. Унинг алифбога, луғатга ва ниманидир ифодалашга ҳам алоқаси йўқ.

Бу ерда юзага келган нарсаларнинг ҳаммаси одамларнинг хаёлига келган бир фикр, холос. Улар “Жалола” лафзларини бошқа лафзлардан ажратиб қизил ранг билан ёзадилар. Бошқа (қоидаларни ҳам шундай ажратиб қўядилар). Хўп, нима учун?

(Аслида) бу касбий маҳоратга зарурат йўқ бўлиб, фуқаҳолар ушбу ишни қилмасликни айтганлар. Агар бу эшик очиладиган бўлса, унинг чегараси бўлмайди.

Одамлардан бири келиб айтади: “Қуръон оятлари орасида оламлар Раббисининг сифатлари ва Унинг гўзал исмлари ҳам бор, уларнинг ҳар бирини Қуръон ҳарфларининг аслий рангидан бошқача қилиб алоҳида ранг билан ёзамиз”. Бу ҳам бир фикр, кейин у ҳам одатга киради. Бу ерда фикрлар кўп, аста-секин улар ҳам Қуръоннинг ичига кириб келиши мумкин. Натижада Қуръон инсонлар, мутафаккирлар ва ҳар хил мутахасисслар қўлида ўйинчоққа айланиб қолади.

Биз Қуръонни бундай ишлардан юқорига кўтаришимиз лозим.

Бу нарса яна бошқа бир соҳага ҳам татбиқ қилинмоқда.

Одамлардан бири ўзи қилган бир ишни олиб келади-да: “Мана бу ерда тажвид қоидаларини сенга ўргатадиган нарса бор, бу сенинг эҳтиёжингни тўлдиради. Уни ўқиган одам бу ерда “идғом” бор, мана бу ерда “ихфо”, бу ерда “мадду вожиб” ва “мадди жоиз” бор”, деб уларни ажрата олишига куч топа олади”, – дейди.

Хўп, энди шу иш мумкинми ёки мумкин эмасми? Мен бу ҳақида фатво бермоқчи эмасман, лекин мен сизларга фуқаҳолар айтиб кетган нарсани ҳавола қиламан. Лекин сизларга ҳеч қачон ихтилофи бўлмайдиган нарсани айтаман.

Тажвид қоидаларини тушуниш ёзилган рамзий шакллар билан бўлмайди ва уни турли рангларнинг ўзи билан ўрганилмайди. Албатта, тажвид қоидаларини ўзлаштириш (қулоқ билан) эшитиш орқали бўлади.

Мен Қуръонда “идғом” қоидаси қандай бўлишини менга Қуръон ўргатган кишининг ўзидан эшитмасам, ушбу "идғом" нинг маъносини тушунмайман. “Ихфони” ҳам устозимнинг ўзидан ўрганмасам, “ихфо” нима эканини қаердан биламан? “Ихфо” билан “идғом” ўртасидаги фарқни ажрата олмайман!! “Изҳор” қоидасини менга Қуръон ўргатган кишининг ўзидан ўрганмасам, бу қоидани тушунмайман ва уни тилимда айта олмайман! “Мад” қоидалари ҳам шундай.

Демак, тажвид қоидаларини ўрганиш (устоздан) эшитиш орқали бўлади. Мен сизларга айтишни истаётган нарса шуки, тажвид усулларини ўрганиш зарурий вазифалардан саналади.

Тажвид илми мажбур ва зарурдир,

Ким Қуръонни тажвидсиз (ўқиса) гуноҳкордир.

Бу Қуръон ўрганишнинг бир бўлаги. Саҳобайи киромлар Қуръонни Расулуллоҳнинг оғизларидан эшитиб ўрганаётганларида калималарнинг маҳражларини ўрганганлари каби унинг тажвид қоидаларини ҳам ўрганганлар.

Имом Бутийнинг "Улумул Қуръон" номли туркум суҳбатидан
Ғуломов Абдуллоҳ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!