Илм

Мушукни қийнаб ўлдирган зобит...

5947

Шайх Муҳаммад Ротиб Нобулсий ҳафизаҳуллоҳ айтади: "Аллоҳга қасамки, яқинларимдан биридан бир қисса эшитган эдим. Бир кимса мушукни қаттиқ ғазаб билан қийнаб, уриб тепиб, осиб ўлдирди. 

Аллоҳни таниган бир киши унга:  "Бу ишингдан Аллоҳга тавба қил, қилган гуноҳингга истиғфор айт ва садақа бер", деди.

У золим кимса эса мазкур зотни зиёда масхара қилиб, такаббурлик билан устидан кулди. Чунки, бу кимса Усмонийлар қўшинида зобит (офицер) эди.

(Ахир, Усмонийлар қўшинида зобит бўлиш ўта шарафли ва обрўли иш бўлган. Биргина мушук сабабли уни ким ҳам жазолай олар экан?)  

Бу одам Усмонийлар қўшини тугатилгач, Камол Отатуркнинг катта ёрдамчиларидан бирига айланди. Отатурк эса уни Измир шаҳри аскарларининг энг каттаси қилиб тайинлади.

Ушбу киши бу лавозимда йигирма йил ишлагач, Камол Отатурк уни бир ишга тайин этди. У бўлса буйруққа бўйсинишдан бош тортди. Отатурк Измирдаги ҳарбий ишларнинг энг катта бошлиғи бўлган бу кимсадан  ғазабланиб, уни қийнаб, осиб ўлдирди. 

Бу қиссани яқинларимдан биридан эшитганман. Туркияга борган чоғимда Камол Отатурк ҳақидаги китобларини ўқиб кўрдим ва ушбу қиссани ҳам топдим. Китобдаги бу қиссанинг мавжудлиги менга ушбу  ҳақиқатларни тасдиқлади.

Аллоҳ азза ва жалла одил Зотдир. Аллоҳга қасамки, гарчи бир кичкинагина ҳашаротни ўлдириб қўйиш бўлса ҳам бундай ишдан қалбан қўрқмоқ ва уни  ўлдирмаслик лозим бўлади.

Ундай бўлса, ўзларининг улуғворликларини халойиқнинг харобаларига устига бино қилаётган кимсалар аҳволи қандай бўлар экан?!

Ўзларининг бойликларини инсонларнинг фақирлиги устига бино этаётганлар, ўзларининг тинчлигини халқнинг қўрқинчи устига қураётганлар, ўзларининг иззатларини одамларнинг хорлиги устига бино қилаётганлар аҳволи не бўлар экан?!".

Аллоҳ азза ва жалла одил Зотдир. У Зотнинг ушбу одиллиги одам танламас. Мўмин кимса иймонсиз кишига зулм қилса ҳам жазосини бераверади. Мен мўминман у кофир, ҳеч нарса қилмайди, деб ўйлаган кишилар янгилашади.  

Бу бир ҳайвон, бу бир ҳашаротку, нима бўлибди шунга, дея турфа азоблар билан қийнаётган, осиб, ёқиб, янчиб ўлдираётганлар билиб олсинки, бу ҳайвону ҳашаротларни яратган Холиқи бор. Уларнинг ҳимоя қўрғони қачон уларга зулм қилинганида энг мустаҳкам девор билан ўралади. Уларнинг ҳимояси ва ўчида оламлар Робби бўлади.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳ" ида келтирилган ҳадисларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам мушукни қийнаб, оч қолдириб, қамаб қўйиб ўлдирган кимсани дўзахий бўлганини ва ёмон ишларга мубтало бўлган бир аёлнинг кучли чанқоқ сабабли қудуқ олдида тупроқ ялаётган итга қудуқдан сув олиб ичиргани боис гуноҳлари кечирилгани айтганлар.

Золимлар, халқ бойлигини талон тарож қилиб бойлик тўплайдиганлар, инсонларни доим қўрқувда ушлаш сабабли ўзлари тинч ва осуда яшайдиганлар, одамларни хорлаб, масхара қилиб лаззат туядиган, уларни хору зор қилиб ўзлари айшу ишрат, роҳату фароғатда яшайдиганлар билиб олсинки, биргина арзимас кўринган чумолини босиб ўлдирмасликни Пайғамбарига  ваҳий қилган Зот бор ва у Зот интиқоми жуда ҳам аянчли бўлади. Бу жазони тўхтатадиган, бу азобни кечиктирадиган бирон бир куч ва бирор восита йўқ ва  бўлмайди ҳам. 

Аллоҳ таоло тавбаларни қабул этгувчи Зот. Тавба эшиги эса ўлим келгунича ва қиёмат тонгги отгунича очиқдир!

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Хайрулла Ҳамидов: шер ва йўлбарс

7543 18:00 01.08.2020

Экоблогер: “Ҳайвонот боғини ёпиш керак!”

1218 14:52 30.06.2020

Қуръони каримда зикри келган ҳайвонлар:

2085 13:30 27.05.2020

Итни ўлдириш ҳам оғир гуноҳдир!

2076 02:18 17.05.2020

Ўргатувчини ўлдирган шерни эслайсизми?

11505 12:00 04.05.2020
« Орқага