Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Мусиқа рисоласи

626

Энди Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”нинг тақдири ҳақида. Алихонтўра Соғунийнинг невараси, иқтисодчи Равшан Шокиров маълумотларига таяниб, Соғуний домла Санъатшунослик институтида қўлёзмалар бўйича консультантлик ҳам қилганини юқорида ёзгандик. Равшан Шокиров бобосининг таржималари, хусусан, Чангийнинг “Мусиқа рисоласи” тақдири билан қизиқиб юриб Ўзбекистон санъатшунослик илмий-тадқиқот институти архивига боради. У ерда тасодифан 1962 йил санаси билан 550 ва 561 рақамли папкаларни очиб кўрганда, уларда Абу Али ибн Синонинг “Матлаул улум ва мажмаул фунун” ҳамда “Аш-шифо” китобларидан Алихонтўра Соғуний қилган таржималар чиқади. Шу архивнинг мусиқа бўлими каталогида 542 рақамли папкада Алихонтўра Соғуний таржимасида Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”, Омулийнинг “Нафоисул фунун фи арроисул уйун” асарининг мусиқасига оид боблари, Довуди Антокийнинг асарларидан мусиқавий-фалсафий маълумотлар, бундан ташқари, араб ва форс тилларидан таржима қилинган Форобийнинг таржимаи ҳоли мавжудлиги ҳақида ёзилган. Аммо ўша папканинг ўзи йўқ.

– Кутубхоначи Меҳрихон опа бу ерда ўн йилдан буён ишлар экан. “Инвентаризация китобида ҳам ўша 542-рақамли папка илгаритдан йўқлиги ҳақида ёзилган”, деб узр сўради, – дейди биз билан суҳбатда Р.Шокиров. – Аммо биз “Мусиқа рисола”сининг ҳақиқатдан ҳам таржима этганига далил бўлувчи бир опанинг суҳбатида бўлдик. Бу опа – санъатшунослик фанлари номзоди Дилбар Рашидова эдилар, – деди Равшанжон.

“Биз бир нечта аспирант ва ўқитувчилар эски қўлёзмаларни ўқишни ўрганиш учун домланинг Себзордаги уйига борар эдик, – дейди биз билан суҳбатда опа, – деб эслайди, Равшанжон. – Шерикларим уч-тўрт мартадан кейин боришни тўхтатишди. Мен саводим бошқаларга нисбатан чалароқмиди, билмайман, қатнашда давом этдим, отанинг этагидан маҳкам ушладим. Алихон ота ҳам мени шогирдликка танладилар.  Бунинг сабаби бор эди. Биринчиси, Дарвеш Алининг рисоласи ниҳоятда қизиқарли эди. Иккинчи сабабини тутинган дадамнинг ўзлари айтганлар: “Қизимни ўқитмай куёвга берганман. Сизни ўқитаман”.

Ёдимда, Имомқулихонга бағишланган қасидани равон ўқиётган эдим, дадам “фаҳмидед?” (тушундингизми?) деб сўрадилар. Мен аруз вазнини бузгандирман деб ўйлаб “Ҳа” дедим. У киши “Хўш?” деб сўрадилар.

Дарвеш Алининг сатрлари бу эди: Карда сайти  сахми қаҳрат сурати миқдори кабк, Сурати микрози котъ бор пару боли уқоб.

Луғатда сайт – шуҳрат, сахм – камон ўқи, котъ – кесадиган, кабк – тустовуқ, уқоб – бургут, порубол – пат ва қанот, сурат ва қаҳр маънолари тушунарли... Шу сўзларга яраша тушунмаганларимни айтдим. Аммо дадамнинг (Алихонтўра Соғунийнинг – Ё.Х.) талаблари байтнинг маъносини чақиб, моҳиятига етиш эди.

–  Ҳеч чизро на фаҳмадед! – ҳеч нарсани тушунмабсиз! Укоб патини камон ўқига бойлар эдилар. Ўшанда у ўлжага учиб етиши муқаррар бўлган. Бу сатрларда айтилганки, беозор тустовуқнинг патини кўрган одам, бу бургутнинг пати-ку, деб ваҳимага тушар экан, чунки у жанговар ўқларнинг суратини эслатар экан. Қасиданинг шу сатрларида айтилмоқчики, Имомқулихоннинг жанговар шуҳрати одамлар орасида шу даражада кучли бўлган”.

–  Алихонтўра Соғуний ана шундай – сўзнинг сувратинигина эмас, балки сийратини, ундаги ботиний маъноларни ҳам парда остида қолдирмайдиган моҳир таржимон эди.

Алихонтўра Соғуний таржималари билан боғлиқ яна бир қатор маълумотлар топилмоқда. Жумладан, бу ҳақда унинг ўғли Қутлуғхонтўра Шокиров (Эдиқут) каминага (яъни китоб муаллифига) шундай мактуб йўллабди:“Энг аввал сизнинг “Бухоро тарихи...” ва Чангийнинг рисоласини тополмадим, улар, аслида, таржима қилинганми?” деган саволингизга жавоб берай. Отамиз “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи”ни Ф.Каримий ва Б.Шараф нусхасидан ағдаргандилар. Бунинг тили усмонли туркча, унинг устига татарча, араб ва форс лисонлари кўп қоришган бўлиб, уни ўқувчининг тушуниши қийин эди. Шу сабабли ўз ташаббуслари билан бу асарни ҳамма тушуна оладиган ҳолга келтириш учун ғайрат қилгандилар. Вамберининг бу асари (адашмасам немисча ёзилган, русчага таржима қилинган, ундан усмонли туркчага) совет замонида хуш кўрилмаганидан отамизнинг бу хизматлари рағбат кўрмади ва оила архивига қўйиб қўйилган ва чоп этилмаган. “Мусиқа рисоласи”га келсак, унинг яхлит дадамлар томонидан қилинган таржимасини кўрмаганман, бир қанча саҳифалар хориж. Бу асарнинг русча таржимасини қилиб, номзодлик диссертациясини ёқлаган олима тошкентлик Дилбар опа Назаровадир (Равшан Шокиров бу фамилияни Рашидова деб беради – Ё.Х.). Бу асарнинг форсча тили жуда оғир бўлганидан уни Ўзбекистонда, балки СССРда ўқий оладиган мутахассис топа олмаган Дилбар опа отамиздан хабар топиб, сўзнинг қисқаси, шогирд тушадилар. Ота-онам уларни ўз қизларидай кўрардилар. Бир неча йил давомида китобнинг таржимасини устозларидан ўрганадилар ва унинг русча таржимасини амалга оширадилар. Демак, бу ерда биз отамиз Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”ни рус тилига таржима этилишига кўнгилли, фи сабилиллоҳ раҳбарлик қилганлар деб айта оламиз. Ўз замонасида бу қимматли китобнинг ўзбекча таржимаси ҳам борми деб отамдан қизиқмаганимдан афсусланаман. 6 ё 7-синфда ўқирдим. Аммо отамдан шуни сўраганман, нега бошқа мутахассислар ҳатто форс ё тожик бўла туриб таржима қилишолмаган-да, сиз бу ишни қилаётирсиз, деб. Жавоблари шундай бўлганди: “Талабалик йилларимда мусиқага қизиққанман, лекин ҳеч бир мусиқа асбобида чалишни, асар ижро этишни эплай олмадим. Аслида, мусиқа санъатгина эмас, балки бир илмдир, бизда унга шундай муносабат бўлган. Аввал бунинг илмини ўрганай деб бу соҳага оид асарлар устида ишлагандим, ўшандан мусиқа илмига ошнолик қолганди. Мана бугун ўша билим ишга яраб қолди. Аммо асбобда чалишни ўрганолмадим, унга Худо берган қобилият керак экан, ёлғиз илм кифоя қилмас экан”, деган эдилар. Отамиз “Мусиқа рисоласи”нинг таржимаси катта аҳамиятга эга эканини менга тушунтириб, биз бу қадар катта маданий меросдан ажраб қолганимиздан афсусланиб, шундай дегандилар: “Ўғлим Оврупода неча хил нота бор? Тўғри, битта. Чангийда эса 7-8 хил нотадан баҳс этилади.” Бу эсимда қолган хотиралар, холос, аслида, жуда батафсил англатган эдилар.

Дилбар опанинг диссертация устида ишлаётган бошқ а дугоналари ҳам бор эди. Исмлари ёдимда қолмабди. У опамиз ҳам узоқ вақт отамизнинг таржима илмидан истифода этдилар. “Зижи Кўрагоний”нинг таржимаси оғир бўлган матн парчалари устида ишлаганларини эслайман. Бироқ таржима парчаларининг қаердалигини билмайман. Юқоридагилардан бир нарса келиб чиқади: Отамиз, таржимасига қўл урган китобларнинг ҳаммаси шоҳ асарлардир. 

Ва ниҳоят, келайлик Аҳмад Донишнинг “Наводирул вақое”сига. Ушбу асар таржимасининг  қўлёзмаси ва машинкада босилган варианти (таҳрирга муҳтож) оила архивидадир.  Терма қисмлари ўтган асрнинг 60-йилларида Тошкентда нашр этилган, бунинг бир нусхаси жияним Абдуллоҳ Шокировда бор. Отамиз ва А.Абдураҳмонов таржимасининг машинка нусхаси Ўзбекистон Фанлар Академиясининг фалсафа ва  ҳуқуқ институти (инвентар 4266) да ҳам сақланаётган бўлиши керак.

Ушбу асар таржимаси ҳақида энг исботли сўз сўйлаган отамизнинг ўзларига ҳавола қиламиз. Ярим аср аввал шундай савол чиқишини билгандек, унинг жавобини “Наводирул вақое”  таржимасининг кириш қисмида назм билан берган эканлар, шундоқки:

Таржимонлардан

“Наводир” китобики машҳурдир, Ани ким ўқур эрса фикрин очур.

Ўқиб кўрса билгай анинг қадрини, Кетгургай кўнглидан қора зангини. Китоб ичра ёзмиш неча хил илм, Илм бирла топган киши ҳар билим. Илм бу жаҳоннинг чароғи эрур, На ёлғиз чароғи, кўз қароғи эрур.Илм топқучилар жаҳон олдилар, Жаҳонни алар низомга солдилар. Илмсиз кишилар бўлур хору зор, Анинг ҳақлари бўлғуси тору мор. Агар истамасдур илмни киши, Тузалмас жаҳонда анинг ҳеч иши.

Илм бирла топғуси ҳар иш, билинг, Анинг-чун бу йўлда тараддуд қилинг. “Наводир” китобини ёзган киши, Анинг оти эрур Аҳмад Дониш. Ўзи ўлмиш андин қолиб бу китоб, Агар сўрсанг ул берур шул жавоб: “Тирик кўп кишилар ўликдек бўлур, Асар қолса кимдан, тирик ул эрур.

Меним бу китобимни ким ўқиса,

Танишган бўлур ҳам мени кўрмаса.” Танишмоққа даркор тил бирлиги, Агар бўлмаса бирлиги  – кўрлиги. Навоийга раҳматлар айтгум келур, Бу тилни бизга қолдуран ул эрур.

Киши ўз тилин яхши билмас агар, Заҳардир, анга бошқа тил гар шакар. Буни билди Дорул илм бошчилар, Биза туркий қилмоққа топширдилар. Агар билмаса ҳар ким ўзбек тилин, Буни ўқиб олсун, билур ўз тилин.

Қабул айладик, қўлга олдик қалам, Келаберди илҳом ила сўз дам-бадам. Шунинг учун йил ўтмай тамом айладик, Анинг назмини назм этиб бойладик. Бу ишда менга улки ёрий эди, Оти Абдураҳмон Бухорий эди. Манга берди бу ишда ул кўп мадад, Ўзи эрди илм истаган аҳли дард. Ва ле ёши элликдин ошмуш эди, Илм ичра доим курашмиш эди.

(давоми бор)

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мубашшир Аҳмад: «Ҳаж — фарзи айндир»

40 15:15 01.10.2022

«У кишининг хулқлари Қуръон эди...»

204 11:25 01.10.2022

Украинага 12 миллиард долларлик ёрдам берилади

260 10:40 01.10.2022

Қозоғистон: тунги клубда муштлашган маст россияликларни полиция қўлга олди

429 10:20 01.10.2022

Украина ҳудудларининг аннексияси: сабаблар ва оқибатлар

487 09:55 01.10.2022

Уколсиз инсулин синовдан ўтмоқда

305 09:30 01.10.2022
« Орқага