Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Мусога мен ҳақлиман!..

1164

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида у ерда яшайдиган яҳудийларнинг ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам улардан: "Бу нима?" дея сўрадилар. Улар: "Бу солиҳ кун. Бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган. Шунинг учун бу кунда Мусо алайҳиссалом рўза тутганлар", дейишди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Мусога сиздан кўра мен ҳақлиман", деб ўша кунда рўза тутдилар ва кишиларни рўза тутишга амр қилдилар.

Бу тарих қаърига зарба берувчи даъватдир. Ислом биттадир, шариатлар турличадир. Шунинг учун исломга биз уни қабул қилган вақтимизда бошланган ҳамда биз дунёдан ўтиб кетсак тугайдиган вақтинчалик, чекланган нарса деб қарамаймиз. Биз исломни Одам алайҳиссаломга руҳ пуфланган даврдан бошлаб токи Исрофил алайҳиссалом сурни чалгунига қадар давом этадиган даъват деб қарашимиз лозим.

Ҳар бир пайғамбар ислом занжиридаги бир ҳалқадир. Ҳақ ва ботил ўртасида бўлиб ўтган ҳар бир жанг гарчи сен унда иштирок қилмаган бўлсанг-да, сенинг жангингдир.

Тавҳид ва ширк ўртасидаги жанг, иймон ва куфр ўртасидаги жанг, ҳидоят ва залолат ўртасидаги жанг барча асрларда бир хилдир. Фақат лашкарлар ва қуроллар ўзгариб туради.

Одам алайҳиссаломни Иблис васваса қилиб жаннатдан чиқарган пайтида бир он Одам алайҳиссалом билан яшаб кўр. Душманингни яхшилаб таниб ол. У билан бизнинг орамизда жанг ҳамон давом этмоқда.

Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасида яша бир он. Аллоҳнинг биргалигини ҳис қил. Унинг мўъмин бандаларига берган ёрдамини эсла. У зот "Мен мағлубман, нусрат бер!" деган бандасининг нидосига жавоб ўлароқ ерни сувга ғарқ қилди. У зот доимо мавжуд, кўриб турибди. Бандаларини ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Аммо битта шарти бор. У шарти бажарилиши лозим:

"Аллоҳ истагани каби бўл. У сен истаганингни бажаради".

Бир он Мусо алайҳиссалом билан яша. У зот Мисрдан Бани Исроилни олиб чиқиб денгиз соҳилига келдилар. Ортларида Фиръавн ва унинг лашкари бор эди. Бани Исроил Фиръавннинг қўшини уларга етиб олишидан қўрқди. Аммо Мусо алайҳиссалом уларни хотиржам қилдилар:

"Йўқ! Албатта, Роббим мен билан. У менга тўғри йўлни кўрсатади!"

Аллоҳга бўлган гумонингни чиройли қил. Бандасига бир асо билан денгизни ёриб берган зот сен учун энг очилиши қийин бўлган эшикларни очиб беришга тайёр. У билан бўл, ана шунда У ҳам сен билан бўлади.

Юсуф алайҳиссаломни Миср азизининг хотини йўлдан оздирмоқчи бўлган онда бир он бўлсада у зот билан яша. Юсуф алайҳиссалом ўшанда динлари, иффатларини сақлаш учун эшик томон қочдилар. Гуноҳдан қамоқни устун қўйдилар. Бир неча йил ўтиб подшоҳнинг тахтига ўтирдилар. Ким Аллоҳ учун бир нарсани тарк қилса, Аллоҳ унинг ўрнига ундан яхшироғини беради. Тарк қилишда содиқ бўлсанг, олиш ила неъматланасан!

Сен ўзинг бўлмаган ва бўлмайдиган лаҳзаларни тасаввур қилиб кўр. Ўзингни у воқеаларнинг бир қисми ўлароқ тасаввур қил. Ийсо алайҳиссаломнинг Димашқдаги оқ минора устига Дажжолни ўлдирадиган найза билан тушишларини хаёл қил. Билгинки, мозийда динига нусрат берган, келажакда ҳам нусрат берадиган Аллоҳ сенга айни вақтда ҳам нусрат бера олади. Умид узма.

Унутма, биз натижадан эмас, юрадиган йўлимиздан сўраламиз. Демак, йўлда бўлишимиз муҳим. Ҳақ йўлда юриш гарчи ғояга етиш бўлмаса-да, етиш ҳисобланади!

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (13-қисм)

67 22:23 06.03.2021

Туркия Ташқи ишлар вазири Урганчга келди

466 21:04 06.03.2021

Йўлдошбек Иброҳим қори томонидан онлайн «Тартил» дарслари

153 20:30 06.03.2021

Аёл ва армия (иккинчи мақола)

215 20:00 06.03.2021

Аёл кишини “бузуқ” деб айблашнинг гуноҳи 

332 19:30 06.03.2021

Аёл ва армия (биринчи қисм)

464 19:00 06.03.2021
« Орқага