Туркия Буюк Миллат Мажлиси спикери Мустафо Шентоп Истанбулда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Парламент иттифоқи Ижроия қўмитасининг 46-йиғилишида нутқ сўзлади, деб хабар берган Анадолу ахборот агентлиги.
Мустафо Шентоп ўз нутқида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Парламент иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатлардаги мусулмонлар ҳуқуқлари учун курашиш лозимлигини таъкидлаган:
«Ташкилот ушбу муаммони ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшишга, биродарларига ёрдам қўлини чўзишга, уларнинг овозига айланишга, муаммоларини айтиб беришга мажбурдир. Шундан келиб чиқиб, ушбу масалаларни ҳал қилиш учун Сиёсий масалалар ва ташқи алоқалар қўмитаси қошида ташкилот Низомининг 13-моддаси 7-банди доирасида махсус қуйи қўмита ташкил этишни таклиф қиламан».
Шунингдек, у Ислом ҳамкорлик ташкилоти Парламент иттифоқи фаолиятини жонлантириш зарурлигини таъкидлаб шундай деган:
«Афсуски, сўнгги йилларда ташкилот ўзининг аввалги иштиёқини йўқотди. Туркия ташкилотга раислик қилган даврда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар, давом этаётган учрашувлар ва янги тузилмалар яратиш орқали ташкилотнинг аввалги шон-шуҳратини қайтаришга ва уни мустаҳкамлашга интилади».
Шентоп сўнгги пайтларда мусулмон дунёси қатор муаммоларга дуч келганини таъкидлади. Улардан бири Фаластин муаммосидир. Унинг сўзларига кўра, Исроил фаластинликларга ҳужум қилмоқда, Қуддус ва Ал-Ақсо масжиди эса «янада кучлироқ яҳудийлаштириш»ни бошдан кечирмоқда.
Туркия пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган Фаластин давлатини яратишни назарда тутувчи Араб-Исроил можаросига «икки давлат учун икки давлат» ечимини қўллаб-қувватлайди.