Таҳлил

“Мусулмон бўлиб мусулмонларни тушунмай қоламан...”

7155

Охирги пайтларда "Озодлик"да эълон қилинган мамлакатдаги диний вазият ва диндор қатламни назорат қилиш ДХХга топширилгани ҳақидаги гапларга ўзимнинг муносабатимни билдирмоқчиман. 

Бу янгиликми? 

Қачон шундай бўлмаган? 

Шундай бўлиши нотабиийми? 

Менимча, бу янгилик эмас, ҳар доим шундай бўлиб келган ва шундай бўлиши табиий. Бу ҳолат Европада ҳам, Америкада ҳам ва бошқа ривожлангану ривожланмаган мамлакатларда ҳам худди шундай ва шундай давом этаверади, деб ўйлайман.  

Бу менинг ўйим, холос. Ўқиб ўрганган эмасман. Давлат ишларига ақлим у қадар етавермайди. Аммо ўзимдан қиёс қилиб топиб олишга ҳаракат қиламан. 

Мен оила бошлиғиман. Оиламга бирон тарафдан таҳдид бўлса, тиш-тирноғим билан унинг олдини олишга ҳаракат қиламан. 

Давлат раҳбари ўзига олиб келинган маълумотларга қараб иш юритади. Экспертларнинг "башоратлари"га қулоқ солади. 

Энди диндор қатламга назар ташлайлик. Улар тарафидан давлатга таҳдид йўқми? Узоққа бормайлик, шу фейсбукнинг ўзидаги айрим гапларни, қарашларни ўқиб, ўзим шу қатламнинг ичида бўла туриб қўрқиб кетаман. Яхшиямки, ҳали ҳеч қандай ҳокимиятга, кучга, қуролга эга эмас. Қўлига қурол тушиб қолса нима қилар экан, дея тасаввур қилсам, шу тасаввуримнинг ўзидан даҳшатга тушиб кетаман. 

Айрим муносабатларда, ҳақорату мазахларда, ўз номини тўғри ёзишни билмайдиган саводсизларнинг олимлару уларнинг йиллар давомида изланиш орқали чиқарган фатволарига калтабинларча, ўта бир томонлама фикр билдиришларида на устозни, на каттани, на одобни, на ахлоқни биладиган бир оломон кўз ўнгимда намоён бўлади. Бундай оломоннинг сони кўпайишидан ҳатто ўзимга хавф кўраман. Шу қатламнинг бир бўлаги бўлмиш менгаки, шундай туюлаётган бўлса, уни ўзига рақиб билганларга қандай туюлишини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг. 

Ҳа, албатта, мен айтаётган одамлар диндор қатламнинг жуда арзимас бир қисми, холос. Эҳтимол бир фоизини ҳам ташкил қилмас. Лекин муаммо шундаки, қолган 99 фоиз жим, уйқуда ёки қўрқув ичида. Сал бошини кўтарса, рақиблар уни ҳам ўша бир фоизнинг рўйхатига қўшиб қўйиш билан таҳдид қиляптилар. 

Фақат бу ишга ўта оқилона ёндошилмаса, салбий натижаларга олиб келиб, ўша бир фоизларнинг сонини ошириб юбориши ҳам мумкин. Шунинг учун бўлса керак, ривожланган мамлакатларда бу иш ўта эҳтиёткорлик билан бошқарилади. Менга шундай туюлади. 

Дунёнинг катта кучлари шуни истаб қолишса, манфаатларини шу ишда кўришса, у ҳам бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Ундан кейинги аҳвол ўта-ўта аянчли бўлади. Юҳо кучлар, мана сизлар истаётган Ислом, дея ўша бир фоизларнинг қилмишларини ҳаммага кўрсатиб, айюҳаннос соладилар. Биз мана шуларга қарши курашган эдик, дея ўзларини халоскор қилиб кўрсатадилар ва бунга эришадилар ҳам. 

Менинг бир фоизларга айтадиган гапим йўқ. Аммо 99 фоизларга айтадиган гапларим бор: 

- Мусулмоннинг ғалабаси ўзига боғлиқ. Парвардигори билан қанчалик алоқасини яхши қилса, шунчалик ишлари ўнгланиб бораверади. Қайсидир раҳбарнинг Исломга хайрихоҳ бўлиш ё бўлмаслиги ҳам бизнинг Парвардигоримиз билан бўладиган алоқамизга чамбарчас боғлиқ. 

- Ислом бизга эмас, биз Исломга муҳтожмиз. Вазифамиз уни ҳимоя қиламан, дея кўкрак кериш эмас, унинг буйруқларига тўла, ҳа, ҳа, тўла амал қилиш. Бирон буйруғини менсимай ўтиб кетиш жуда катта зарарларга олиб келиши ҳеч гап эмас. 

- Ислом дини енгиллик эканини, бутун оламларга раҳмат эканини ва шундай бўлиши динимизнинг асоси эканини доим ёдда тутмоғимиз лозим. Ҳар бир нафасда, ҳар бир қадамда шу асосдан четлаб кетмаслигимиз шарт.
Ҳозирча айтадиганларим шулар. Барчамизни Аллоҳ Ўзининг йўлидан адаштирмасин.

Муқим Маҳмуд

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Трамп ва унинг ёлғонлари

1616 14:05 08.10.2019

Фаластин ЖАРнинг хатоларини такрорламаслиги лозим

1050 17:05 07.10.2019

Қатъий қарор керак

1845 11:44 05.10.2019

Паркентдаги ҳолатга муносабат: «Ширкни Аллоҳ таоло кечирмайди»

1254 09:44 05.10.2019

Матбуот анжумани: «Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшиладими? Ё...»

1417 19:01 04.10.2019
« Орқага