Ислом

Мусулмон жамиятни йўқотиш йўллари

1437

Мусулмон жамиятни таназзулга юз тутишини истасангиз, аввало, уй бекасини, яъни онани қадрсизлантирингки, уйда она деган шахсият қолмасин. Уйда онанинг ўрни бўлмагач, фарзандлар телевизор ва интернет вужудга келтирган руҳиятсиз, шахсиятсиз ва марҳаматсиз насл бўлиб етишсин...

Бир жамиятни йиқмоқчи бўлсангиз, у жамиятнинг оталарини қарзга, тирикчилик дардига, ишсизлик ва очликка маҳкум қилингки, на ўзининг аёлларига, на фарзандларига ва на оилаларига ажратадиган вақти қолсин. Қарз тўлашдан, фарзандларининг ўқишларига, еб-ичарларига етказишдан бошқа нарсани ўйлашга мажоллари қолмасин...

Бир жамиятни йиқмоқчи бўлсангиз, тўйни қиммат қилиб, никоҳсизликни қулай ва арзонлаштириб қўйингки, ёш насллар ҳаром йўлларга кириб кетсин. Зинони осонлаштириб, никоҳни қийинлаштирингки, насллар ахлоқсизликка юз тутсин. Оила, никоҳ, нафақа каби тушунчаларни аста-секин йўқотингки, у жамиятнинг пойдевори йиқилсин ва у етиштирган пойдевор чириб, яксон бўлсин...

Бир жамиятда фасод чиқармоқчи бўлсангиз, ҳалол луқма ва ҳалол пул топишни қийинлаштирингки, ошқозонга тушган ҳаром луқмалар билан у жамиятнинг аслини, характерини ўзгартира олинг. Фоизга қарз, кредит ва ҳоказо шу каби нарсаларга дучор қилиб қўйингки, у жамият Аллоҳнинг ёрдами ва муҳофазасидан маҳрум қолсин. Ошқозонга тушган ҳаром луқмалар дуо ва ибодатларининг қабул бўлишига тўсиқ бўлсин...

Бир жамиятни йиқмоқчи бўлсангиз, у жамиятнинг олимларини, уламоларини, имомларини обрўсизлантирингки, жамиятни жам қила оладиган, уларга бошчилик қила оладиган, нима қилиш ёки нима қилмасликни тайинлай оладиган олимлар қолмасин. Уларни ҳам ўзлари орасига душманчилик уруғини сепингки, халқнинг олдида тортишиб, ҳар бири турли гап гапириб, халқнинг назаридан қолсин...

Бир жамиятни таназзулга учратмоқчи бўлсангиз, ўқитувчиларни эътиборсизлаштирингки, ўқувчилари ҳам уларни бир тийинга олмасин. Натижада хор ўқитувчи ва уқувсиз ўқувчилар кўпайиб, жамият ривожланишдан тўхтасин...

Бир жамиятни йўқ қилмоқчи бўлсангиз, у жамиятни турли хил сериал, шоу ва шу каби бўлмағур нарсалар билан овора қилиб, бошларини телевизордан кўтара олмайдиган ҳолга келтириб, ҳақиқий ҳаётдан узиб қўйинг. Сериаллар орқали ахлоқсизликни, ҳаром муҳаббатни, зино ва хиёнатни оддий ҳолга келтириб қўйингки, жамиятни ушлаб турган ишонч устуни қуласин...

Бир жамиятни йиқмоқчи бўлсангиз, Пайғамбарни диндан ташқарига чиқарингки, Исломий ҳаётдаги намуна олинадиган ягона шахсият йўқолсин. Тинмасдан "бизга Қуръонни ўзи етади", деб, Пайғамбарнинг ҳадисини улоқтириб, Китобни ўзининг хом каллаларига кўра тафсир қиладиган аҳмоқлар кўпайсин. Урф-одат бўлиб келаётган анъаналарни эътиборсизлаштирингки, у жамият келажагидан ҳам айрилсин. Бидъат ва бидъат аҳлини кенг ёйингки, ҳақиқатни беркита олишингизга замин яратилсин...

Бир жамиятни илдизи билан йўқотмоқчи бўлсангиз, хусусан, соқоллиларни, ҳижоблиларни, намозхонларни ёлғон гапиришини, туҳмат қилишини, ноҳақлик қилишини, бировнинг ҳаққидан қўрқмасликни, сўзида турмасликни, қарзини тўламасликни, ҳаромга ботишини таъминлангки, у жамиятнинг мусулмон шахсиятига зарра қадар ишончи қолмасин. Шунда мусулмонларга бўлган ишончни ҳам йўқота оласиз. Бўлди, сиз ўз мақсадингизга етдингиз. Энди бу жамият устида истаганингизни қилишингиз мумкин.

Абдуллоҳ Раҳимбоев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Қуръонни нима қилдик?!»

914 14:00 06.11.2019

Ароқ ёрлиғида Давлат байроғи?!

1883 13:06 28.10.2019

Бир фоизлик стратегия

972 13:53 14.10.2019

Олий Мажлис сенат​ори: «Рўмол ўрама, деган тушунча ҳеч қаерда, бирорта қонунда ёзилмаган...» (видео)

2752 16:15 02.10.2019

Дин, давлат ва дунёвийлик: олтин ўрталик қаерда?

1421 09:00 02.10.2019
« Орқага