Мусулмон Шарқи мамлакатларининг ижтимоий-маданий ривожланиши (1-қисм)

00:00 28.08.2019 519

Мусулмон дунёсининг улкан ҳудудларида яшовчи халқлар – Марказий Осиё ҳам унинг бир бўлаги бўлган – кўп асрлар давомида қалин сиёсий ва иқдисодий, маданий ва маънавий алоқа қилиб келгани маълум. Шарқнинг илғор тамаддунлари – цивилизациялари (бунга мусулмон тамаддунлари ҳам киради) – кўп асрлик тарихи мобайнида адолат, ахлоқ, бағрикенглик, хайрихоҳлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, ўзаро ҳурмат, садоқат ва бошқа умумбашарий қадриятларни асраб-авайлаб келган.

Ислом тамаддунининг ривожланиш даврида мусулмон жамияти жўшқин ва етарли даражада очиқ эди. Халқлар маънавиятида турғунлик кузатилмаган ва у ҳаддан зиёд меъёрлар домига тушиб қолмаган эди. Жамиятда анъанавийлик, маҳаллийчилик, миллий ва диний яккаланишнинг кескин шакллари ҳукмронлик қилмаган эди. Буюк ипак йўли боис халқлар бир-бири билан савдо-сотиқ қилиш баробарида янги билим ва ғояларни ҳам ўзаро айирбош қилиб турган.

Мусулмон маданияти ривожланиш даврига хос бўлган демократизм ва жўшқинликни кейинчалик кўплаб мусулмон бўлмаган тадқиқотчилар ва жамоат арбоблари ҳам эътироф этган эди. Маҳатма Гандининг сафдоши ва Ҳиндистон миллий ҳаракатининг энг буюк арбобларидан бири Жавоҳарлаъл Неру бу ҳақда шундай деб ёзган эди: “Ислом дини Ҳиндистон тараққиёти учун янги рағбат олиб келди. Қайсидир маънода тетиклаштирувчи восита сифатида таъсир кўрсатди. У Ҳиндистонни ғафлатдан қутулишга мажбур қилди. Аммо ушбу диннинг ҳаракатлари иккита сабабга кўра камроқ самара берди. Ислом дини бизга жуда кеч ва бошқа йўлдан келди… У пайдо бўлгандан сўнг орадан тахминан тўрт юз йил ўтиб етиб келди, ушбу узоқ давр мобайнида у кучини сарфлаб, анча-мунча ижодий қувватини йўқотиб бўлган эди. Мабодо араблар Ҳиндистонга Ислом таълимоти билан барвақтроқ келганида, мавжуд араб маданияти кўҳна ҳинд маданияти билан коришиб кетар, иккаласининг ўзаро таъсири фавқулодда унумли бўлиши шубҳасиз эди[1].

Ислом Марказий Осиёга Ҳиндистондан кўра эртароқ кириб келди ва бу ўз навбатида маданият ва илм-фаннинг жадал ривожланишига кўмак берди.

Бошланган Шарқ – Марказий Осиё – Ренессанси даври ал-Хоразмий, ал-Фарғоний, Фаробий, ибн Сино, ал-Бухорий, Фирдавсий, Рудакий, Кошғарий, Яссавий ва бошқа кўплаб мутафаккирларни етиштирди, улар кейинги бир неча асрга маълум маънода илмий, фалсафий, бадиий ва илоҳиётшунослик тафаккури ривожини белгилаб берди. Марказий Осиё халқлари нафақат мусулмон мамлакатлари, қолаверса, улкан чегарадош ҳудудларни қамраб олган ижтимоий ва иқтисодий, сиёсий ва мафкуравий ҳамда интеграция жараёнларига фаол қўшилди.

Бироқ объектив тарихий сабаблар ва субъектив омиллар оқибатида ушбу тикланиш – уйғониш қуввати сўна борди, алал-оқибат ижтимоий ҳаётдаги улкан турғунликка олиб келди. Албатта, ушбу жараёнлар ижтимой ва фалсафий тафаккур аҳволига ҳам қайғули таъсир кўрсатди. Догматик фикрлаш тарафдорлари мавқеи кучайиб боргани сари анъанавий Ислом дунёқараши ижтимоий онгни қотиб қолган қолиплардан озод қилишга қаратилган янги ислоҳот ғояларига бефарқ бўла борди.

Мусулмон жамияти тобора ташқи оламдан узилиб, дунёнинг ишларидан ўзини тортиб қолди. Ҳукмрон диний мафкура аста-секин сиёсий цензор вазифасини ўтай бошлади. Фан, санъат, ижтимоий ва сиёсий тафаккур арбоблари ушбу цензура элагидан ўтар экан, расмий мафкура талабларига мослашишга мажбур бўлди. Бундай соҳалардаги диний кўрсатма ва низомларга тўғри келмайдиган ҳар қандай янгилик қораланар эди. Айрим халқларнинг миллий тийнатида муроса, ташаббуссизлик, раҳбариятнинг гапларига сўзсиз итоат қилиш ва бошқалар илдиз отиб кетди. Ислом тамаддуни инқирозга юз тутган даврларда эркин фикр ҳам рағбатлантирилмайдиган бўлди. Жамиятда ижтимоий сусткашлик кучайиб, халқнинг яратувчилик қуввати заифлаша борди.

Мустамлакачилар истилоси даврида ушбу ҳолатлар янада кўпроқ кўзга ташланадиган бўлди. Европа давлатларининг ХХ аср бошидаги мустамлакачилик сиёсати оқибатида мусулмон Шарқи халқлари ўртасидаги анъанавий алоқалар заифлашиб қолди. Шу билан бирга, айни шу даврда ташқи маданий омиллар босими остида мусулмон тамаддунининг “омон қолиш” муаммоси кескин тарзда ўртага чиқди. Маккиавеллининг “Бўлиб ташлаю бошқар” принципига амалга қилган мустамлакачи давлатлар неча ўн йиллар давомида қўл остидаги мусулмон Шарқининг – нафақат унинг – ҳудудларида ўз манфаатларидан келиб чиқиб, элатларларо, динлараро ва касталараро можаро ва зиддиятларни устомонлик билан ўт олдирар, рағбатлантирар ва улардан фойдаланиб қолишга уринар эди. Бундай сиёсатнинг оқибати ушбу ҳудудларда яшайдиган миллионлаб кишиларнинг тақдирига қайғули ва фожиали тарзда дахл қилар эди.

Айни ҳолатни мусулмон дунёсининг илғор арбоблари XIX асрдаёқ яхши тушуниб олган эди. ХХ аср бошига келиб, ушбу ҳамжамиятнинг энг ўқимишли ва пассионар[2] қисми Шарқ мамлакатларида жипслашув жараёнларини ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурди. Осиё ва мусулмон Шарқи халқларининг бирдамлик ғояси қайта туғила бошлади. Ўз вақтида бу ҳақда Жавоҳарлаъл Неру шундай деб ёзган эди: “Жаҳонда рўй бераётган воқеалар ва умумий манфаатлар Осиё мамлакатларини бир-бирига мурожаат қилишга мажбурламоқда”[3]. Бундай бирлашувга интилиш Муҳаммад Абдо, Малкомхон, Исмоил Ғаспирали, Маҳмуд Тарзий, Жамолиддин ал-Афғоний ва бошқа машҳур жамоат арбоблари ва ислоҳотчиларнинг асарлари ва баёнотларида ўз аксини топди[4].

Мусулмон дунёсида бошланган интеграция жараёнларининг фаоллашуви аввало ижтимоий ва маданий ҳамда мафкура соҳаларида кўзга ташланди ва амалга оширилди. Ўша даврда Шарқ мамлакатларидаги кўплаб маърифатпарварлар ва ислоҳотчилар илгари сурган мафкура концепциялари маҳаллий анъанавий жамиятларнинг маданий эмансипацияси – қарамликдан қутулиши, модернизацияси сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий қолоқликни бартараф қилиш каби вазифаларни адо этишга қаратилган эди.

Мусулмон ислоҳотчилари фаолияти фақат ўз миллий давлатлари билан чекланиб қолмаганини қайд этиш жоиз. Хусусан, ал-Афғоний XIX аср охирида Францияда яшаган ва ўша ерда ҳамфикрлари билан бирга «Ал-урва ал-вусқа» (“Ишончли алоқа”) сиёсий ҳафталигини чоп қилган эди. Ислоҳотчи ҳаётининг ушбу даври ҳақида француз файласуфи ва олими Э.Ренан бундай деб ёзган эди: “Мен икки ҳафта олдин шайх Жамолиддин билан танишиб қолдим. Менга таъсир кўрсатган кишилар камдан-кам. Шайх Жамолиддин – биз идеал сифатида эълон қиладиган фикрлар манбаси. Мени унинг ажойиб ақлий қобилияти, эрксеварлиги, олижаноб табиати ва очиқлиги ҳайрон қолдирди. Назаримда, кўҳна замонлар мутафаккирларидан бири билан суҳбатлашаётгандай, Ибн Сино ёки Ибн Рушд ва ёки инсоният озодлиги учун курашган буюк кишилардан бири билан бақамти тургандай эдим”[5].

Эроннинг машҳур жамоат арбоби Малкомхон (Мирза Малком Хон – асл исми Йосеф Мелкумян) ҳам маърифатпарварлик ғоялари, Ватанининг маънавий, ижтисоий ва сиёсий тикланиш ғояларига умрини бағишлаган эди. Унинг ёзишича, “Мақсад илм-фан ва билимни омма орасида ёйиш орқали диндошларимизнинг жоҳиллиги ва қолоқлигига барҳам бериш ҳамда Ватан гуллаб-яшнашига эришишдир. Мақсад озодлик ва адолат байроғини баланд кўтариш, халқимизга ўз ҳаётини қуриш имкониятини яратиб бериш, фаровонлик йўлидан бориш ва тўкис ҳаётга эришишдир”[6].

Мусулмон ислоҳотчилар бир замонлар қудратли бўлган, аммо кейинчалик Ғарб дунёси мустамлакасига айланиб қолган Шарқ давлатларининг қолоқлиги сабабларини тушунишга интилар, халқларни “узоқ карахтлик”дан уйғонишга даъват қилар эди. Шундай қилиб, ёш афғонлар ҳаракати мафкурачиларидан бири Маҳмуд Тарзий ташқи дунёдан узилиб қолганлик ҳамда таассуб ва эскирган қарашлар астойдил ҳимоячиларининг жоҳиллигини Афғонистондаги таназзулнинг сабаблари деб ҳисоблар эди. Замонавий ҳаётнинг илғор оқимларидан узилиб қолган афғонлар, Тарзийнинг фикрича, Ғарб тамаддунининг энг яхши жаҳатларини ўзлаштириш имкониятидан маҳрум эди. Улар европаликлар ўз маданиятининг фақат мустамлакаларига муносиб кўрган чиқиндиларидан фойдаланиши мумкин эди, холос.

Тарзий европаликларнинг муваффақиятини фақат ҳарбий қудратига боғлиқ деб ҳисобламаслик, бунинг сабабларини маданият, иқтисодиёт ва саноат соҳаларидан ҳам излаш кераклигини исботлаган илк афғонлардан бири бўлган. Қайд этиш лозимки, ушбу даврдаги ғоявий оқимлар ва алоҳида концепциялар кўплаб нозик фарқлар ва нимрангларнинг олачипор палитрасидан иборат эди, бироқ унинг ранглар хилма-хиллигини мусулмон дунёсининг умумий тамаддун сифатида омон қолишидай энг асосий муаммо белгилар эди.

Ислоҳотчилар мусулмон Шарқининг иқтисодий, маданий ва маънавий тикланиши йўлидаги асосий тўсиқ етакчи Европа мамлакатларининг мустамлакачилик сиёсати деб ҳисоблаган. Улар фикрича, яна бир миллий яхлитликка халақит бераётган омил мусулмон халқлари ва улар сиёсий аъёнларининг тарқоқлиги, бардамлиги йўқлиги эди. Шу муносабат билан ёш афғонларнинг “Сирож ал-ахбор” газетасида шундай деб ёзилган эди: “Европа мустамлакачилари бир-биримиз билан ишимиз йўқлигини кўриб тургани учун ҳам аста-секин биродарларимиз, оталаримиз ва боболаримиз қони билан суғорилган давлатларимиз бўлагини босиб олишга муваффақ бўлди”[7].

XIX аср охирлари – ХХ аср бошларида расмий ҳокимият неча ўн йиллар давомида босиб олинган ҳудудлар ва у ерларда яшаётган аҳолига нисбатан империя сиёсати ва ўта номувофиқ миллий сиёсат юргизиб келган Россияда мусулмон халқларининг бирлиги концепцияси ҳам амалга ошириш мумкин бўлган нарсага айлана борди.

Маълумки, ушбу бирлаштириш ғоялари Марказий Осиёга тарқалишидан олдин Россия империясининг Қрим, Кавказ, Волгабўйи ва бошқа бир қанча мусулмонлар яшайдиган минтақаларидаги етакчи ижтимоий ва сиёсий тафаккур эгалари хаёлини банд этган эди. Исми зикр этилган И. Ғаспиралидан ташқари айни ғоялар тарафдорлари сифатида Рашид Иброҳим, Ғалимжон Барудий, Мусо Биги, Юсуф Акчура, Садри Мақсудий, Гаяз Исҳоқий, Меҳмет Эмин Расулзода, Алимардонбек Тўпчибошев, Али Қояев ва бошқалар майдонга чиқди. Улар аксариятининг ўтмишдоши Ғабдиносир (Абу Наср) Курсавий (тахм. 1776-1812) – уни баъзи кишилар татарларнинг Лютери деб атайди – ва буюк татар ва мусулмон ислоҳотчиси Шигабутдин (Шаҳобиддин) Маржоний (1818-1889) бўлган эди. Лғончигa aйлaнaмиз

Ғ. Курсавий билан Ш. Маржоний Бухоро билан Самарқанд шаҳарларида таълим олган[8]. Айни ҳол Марказий Осиёнинг кўҳна маданий ва диний марказлари Россия истилосига қадар мусулмон дунёсининг бошқа ҳудудлари билан қалин алоқада бўлганидан шаҳодат беради. Россиянинг замонавий тадқиқотчиларидан бири қадимий шаҳарлар, жумладан, Бухоронинг ўша даврдаги мусулмон ҳамжамияти ҳаётидаги аҳамиятини таъкидлар экан, шундан деб ёзган эди: “Бухорода ҳар доим Ислом динининг илк асрларидаги ижодий руҳни тиклашни ёқловчи кишилар бўлган… Курсавий Марказий Осиёда олган назарий билимлари асосида Бухорода ўз ғояларини илгари сурди. Яна бир нарсани унутмаслик керакки, Марказий Осиёдаги билан солиштирганда, татарлар заминида на бир олий таълим мадрасаси ва на бирор арзирли кутубхона бор эди”[9].

Татарлар жамиятида XIX аср ўрталарига қадар мавжуд анъанага кўра, Ш. Маржоний ҳам таълим олишни давом эттириш учун 1838 йили Бухорога йўл олади. Бироқ ўша вақтга келиб, Бухородаги диний таълим тобора схоластик кўриниш ола бошлайди. Шу сабабли Ш. Маржоний кўпроқ билим олиш учун 1843 йили Бухородан Самарқандга боради. У ўша ердаги Шердор мадрасасида таълим олади ва машҳур тарихчи Абу Саид ас-Самарқандий (вафоти 1848/49 йй.) билан танишади. Маржонийнинг ёзишича, “тарих фани билан шуғулланишига ва тарихий китобларни тадқиқ қилишга киришиши”га ўша киши сабабчи бўлган.

Ш. Маржоний айнан Самарқандда ўтмишдоши ва ватандоши Ғ. Курсавийнинг ислоҳотчилик ва фалсафий қарашлари шаклланишига таъсир кўрсатган асарлари билан танишади. Ш. Маржоний Самарқандда илк асари “Гирфат ал-ҳавақин ли-ирфат ал-ҳавақин”ни (“Ҳоқонларни билишга оид бир ҳовуч билим”) ёзди, Марказий Осиёнинг туркий халқлари тарихига бағишланган ушбу асар кейинги йилларда Қозонда нашр қилинди[11].

Маржонийнинг маърифатпарварлик ғоялари мусулмон ва туркий халқлар ижтимоий ҳаётини янгилашнинг турли томонларини қамраб олади. Улар сирасига мусулмон ва туркий халқларнинг дунёвий билим олиши, (антик ва араб-мусулмон тафаккурининг) ўтмишнинг, қолаверса, замонавий рус ва Ғарб Европаси маданиятининг тараққийпарвар меросини ўзлаштириш зарурати ҳақтидаги фикрлари киради[12].

Худди шундай фикрларни ўз вақтида Исмоил Ғаспирали (1851 – 1914) ҳам айтган, унинг тақдири ҳам қайсидир маънода Марказий Осиё билан боғланган эди. Мусулмон Қрим татарларининг энг йирик тараққийпарвари, яна мусулмон туркий халқларнинг маънавий отаси дея танилган Исмоил Ғаспирали Россия империясидаги мусулмон халқлар маданий ва сиёсий ривожланиши учун жуда кўп ишлар қилди. У 1883 йилдан то ўлими қадар Боғчасаройда энг машҳур “Таржимон” ҳафталик газетасини нашр этди. Унинг биринчи сонида ушбу газета “маданий ҳаётдаги соғлом ва фойдали маълумотларни мусулмонлар муҳитига ва мусулмонлар ҳаётидаги худди шундай нарсаларни бошқа жойлардаги маданий ҳаётга сингдиришга хизмат қилиши айтилган эди…”[13] И. Ғаспирали ташаббуси билан 1884 йили Боғчасаройда ўша вақтдаги мусулмонлар жамиятининг ўқимишли қатламлари талабига мос келадиган илк янги усулдаги жадидлар мактаби очилди.

 

 [1] Цит. по: Эркаев А. Духовность – энергия независимости. – Ташкент, 1998. С.79-80.

 [2] Пассионарлик – бирор мақсадни амалга оширишга қаратилган фаолиятга бўлган ички чанқоқлик. Одатда, инсон буни назорат қилиши ёки ўз-ўзига тушунтириши қийин.

[3] Неру Дж., Открытие Индии. Москва, 1955, стр. 453.

[4] Modernist islam (1840-1940), Oxfоrd, 2002.

[5] Цит. по: Хакимов И., Джамаль ад Дин аль-Афгани, философ и реформатор // Азия и Африка сегодня. Москва, 1989. №12, стр. 49.

[6] Цит. по: Талипов Н., Общественная мысль в Иране в XIX – начале ХХ в. Москва, 1988, стр. 90.

[7] Цит. по: Очильдиев Д., Младоафганское движение. Ташкент, 1985, стр. 75.

[8] См. Ибрагим Мараш. Религиозное обновление в тюркском мире (1850-1917). Казань, 2005.

[9]Хабутдинов А.Ю. Лидеры нации. Казань, 2003, С.12.

[10] Цит.по: Ибрагим Т.К.,Султанов Ф.М., Юзеев А.Н. Татарская религиозно-философская мысль в общемусульманском контексте. Казань, 2002, С.126.

[11] Ўша ерда, 127-бет.

[12] Ўша ерда, 136-бет.

[13] Цит. по: Хабутдинов А.Ю. Указ. раб., стр. 35.

Давоми бор...

Равшан Абдуллаев,

тарих фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори

Манба

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!