Мусулмон Шарқи мамлакатларининг ижтимоий-маданий ривожланиши (2-қисм)

00:00 29.08.2019 266

Орадан бир неча йил ўтиб, бошқалар, жумладан, ўша йиллари Туркистонга сафар қилган И. Ғаспиралининг саъй-ҳаракатлари билан Самарқанд ва Марказий Осиёнинг бошқа шаҳарларида янги усулдаги мактаблар очилди, кейинчалик уларни битирган ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар ва бошқа маҳаллий халқларнинг миллий зиёлилар вакиллари етишиб чиқди. Ғаспирали аввалбошданоқ Россия мусулмонларини анъанавий ҳаёт тарзининг сиқиқ доирасидан замонавий тамаддуннинг кенг дунёсига олиб чиқишга йўналтириш мақсадини қўйган эди. Шу маънода у ҳар доим Россияда миллий газеталар ададини ошириш тарафдори бўлар, чунки матбуот одамлар жаҳон ҳамжамиятининг ижтимоий ва сиёсий, иқтисодий маданий ва маънавий ҳаётида рўй бераётган аҳамиятга молик воқеалар ва ҳодисалар ҳақида ўз вақтида ахборот оладиган реал восита эканини тушунар эди. Ғаспиралининг “Таржимон” газетаси бош муҳаррири ва миллий матбаа ишларини ривожлантириш ғоясининг фаол тарғиботчиси сифатидаги фаолияти Марказий Осиёдаги кўплаб ўқимишли кишилар ва жадидларни илк газеталарни чоп эттиришга илҳомлантирди. Улар тез орада атрофига анъанавий жамиятни ислоҳ этиш ва мусулмон Шарқи халқларини интеграция қилишга бел боғлаган кишиларни жипслаштира билди.

Ислоҳотчилик ҳаракати қамраб олган Россия империясининг мусулмонлар яшайдиган ҳудудларидан ва Шарқнинг айрим чегарадош мамлакатларидан ўлкага – расмий ҳокимият турли хил тўсиқлар қўяётганига қарамай – кириб келган янги озодлик ғояларидан илҳомланган Марказий Осиё жадидлари ва тараққийпарварлари (Абдулла Авлоний, Акобир Шомансурзода, Носирхон тўра, Исҳоқхон Ибрат, Мунаввар қори, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Ашурали Зоҳирий, Убайдулла Хўжа, Обиджон Маҳмуд, А. Букейхонов, А. Бойтурсунов, М. Дулатов, С Асфандиёров, М. Тинишпаев Мустафо Чўқай) анъанавий жамиятни янгилаш ва уни ХХ шароитига мослашга қаратилган лойиҳаларини амалга ошириш йўлида саъй-ҳаракатларини аямади.

Жадидлар ва уларга ҳамдард бўлган зиёлилар маҳаллий аҳоли ва ҳукуматларнинг заифлиги ва тарқоқлигини, ҳукуматларнинг пировардида Россия босқинига айтарлик қаршилик кўрсата олмайдиган даражага тушиб қолгани сабабини анъанавий жамият, унинг бошқарув институтлари, мафкураси ва маҳаллий аҳолининг ҳаёт тарзи қолоқлигида кўрди. Яна бир сабаб ижтимоий низолар, доимий урушлар, давлатлараро ва уруғ-аймоқлар ўртасидаги душманлик эди.

Ўз даврининг энг маърифатли кишиларидан бири, Туркистон жадидчилигининг отаси деб ном олган Маҳмудхўжа Беҳбудий шу муносабат билан мана бундай деб ёзган эди: “Агар бизни мустамлакачилик қонунлари билан бошқараётган бўлишса, бунга келишмовчиликларимиз сабабдир”[14]. Тараққийпарвар кишиларнинг фикрича, Россия истилоси Туркистон жамиятини “силкитиб”гина қолмасдан, уни “узоқ карахтлик”дан уйғонишга мажбур қилди, шу билан бирга маълум маънода миллий ўзликни англаш ўсишига, нафақат империянинг улкан ҳудудларида, балки бошқа жойларда ҳам интеграция жараёнлари фаоллашуви ва унга маҳаллий мусулмонларни жалб этишга хизмат қилди.

Жадидлар минтақага янги техник ютуқлар, замонавий илмий тафаккур, жаҳон адабиёти ва маданияти асарлари кириб келишига шоҳид бўлди. Улар даврида Туркистонда ёритилган равон кўчалари, истироҳат боғлари, хиёбонлари, дорихоналари ва телеграфи бор “руслар” шаҳарлари қурилиши бошланди. Янги улов турлари, хусусан, трамвай пайдо бўлди ҳамда илк темирйўл излари ётқизилди.

Бироқ Россия ўлкани мустамлака қилиб олишининг кўзга ташланиб турган объектив ва ижобий натижаларини эътироф этиш баробарида миллий зиёлилар туркистонликларнинг сиёсий ва иқтисодий қарамликда ушлаб турилган шароитда бу ерда яшовчи халқларнинг ижтимоий онгида миллий тушкунлик ва ўзини тўлақонли одам деб ҳис қилмаслик ҳоллари ортиб боришини ҳамда бу Марказий Осиё халқларининг замонавий ва фаровон миллатлар сифатидаги ривожланиш суръати ва истиқболига ҳалокатли таъсир кўрсатишини яхши тушунар эди. Умуман олганда, ўзининг миллий жиҳатдан тўлақонли эмаслигини англаш жамиятнинг маънавий ҳаётида зуҳур бўлаётган эди. Ушбу англам Марказий Осиё давлатларининг Россияга ҳарбий жиҳатдан таслим бўлиши ва энди ушбу шармандалик билан яшаш ҳиссидан ўзига кела олмаётган эди.

Кўпчилик зиёлилар вужудга келган вазиятдан чиқиш йўлини миллий тарихнинг энг ёрқин ва аҳамиятли саҳифаларига қаратишда кўраётган, улар одамларни тарқоқ қилиш ўрнига бирлаштириши мумкин эди. Жадидлар миллатнинг маънавий ҳолатини белгилайдиган энг муҳим омиллардан бири сифатида жамиятнинг тарихий онги даражасини кўраётган эди. Миллий ҳаракат етакчилари инсоният тарихи билан жиддий қизиқиб қолган ва мамлакати тарихи ҳақида яхши маълумотга эга эди. Улар бир замонлар ушбу заминда қудратли давлатлар ҳукм сургани, уларда жаҳон тамаддуни тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган буюк олимлар ва мутафаккирлар яшаб ўтганидан хабардор эди. Тараққийпарварлар фикрича, ушбу ҳолатни тушуниш ватандошларга ёрдам бериши, ниҳоят, миллий жиҳатдан синиқликдай буров солиб турувчи ҳиссиётни енгишда ёрдам бериши керак эди.

Маҳаллий жадидлар ва тараққийпарвар кишиларнинг Шарқ мамлакатлари ва Россия ислоҳотчилик ҳаракатлари таниқли вакилларининг ижтимоий ва сиёсий қарашлари билан танишиш Марказий Осиё жадидчилигининг аста-секин сиёсий ҳаракатга айланиши учун зарур шарт-шароит яратганини алоҳида қайд этиш лозим. Жадидларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллиги ўсиб боришига ХХ аср бошларида Шарқда рўй берган инқилобий воқеалар – Эрондаги конституция ҳаракати (1905-1911 йй.), Ҳиндистондаги мустамлакачиликка қарши қўзғолонлар (1905-1908 йй.) ва айниқса, 1908 йили рўй берган Ёш турклар инқилоби – улкан рағбатлантирувчи таъсир кўрсатди.

Зикр этилган жараёнга бошқа воқеалар ҳам, хусусан, Россиянинг 1905 йили Японияга қарши урушда мағлубиятга учрагани туртки бергани шубҳасиз. “Осиё мамлакати бўлмиш Япониянинг ғалабаси империяни фалажлик ҳолатига тушириб қўйди… Ўч олиш ва озод бўлиш умиди Россияга таслим бўлган барча халқлар, жумладан, мусулмонларни тўлқинлантириб юборди”[15]. Мусулмонларнинг ислоҳотчилик ҳаракати биринчи рус инқилоби натижасида муайян туртки олди, ўша инқилоб “ягона ва бўлинмас” давлат тиргакларига ҳам болта урган эди.

1905 йилдан бошлаб Россия мусулмонлари сиёсий талабларини жамоа бўлиб тез-тез илгари сура бошлади. Улар оқпошшонинг 1905 йил 17 октярда қабул қилинган фармонини олқишлади. Унга кўра, сиёсий ва мафкуравий ҳаётни бир қадар эркинлаштириш учун имконият яратилган, 1-Давлат думасининг сайловолди кампанияси бошланишига йўл очилган эди. Ўша кунлари Россия мусулмонлари Давлат думасини конституцияга асосланган демократик институт деб тасаввур қилар, ишонилишича,у халққа эркинлик, тенглик ва адолат бериши керак эди.

1905-1906 йилларда империя тарихида илк марта Нижний Новгород ва Санкт-Петербург шаҳарларида Умумроссия мусулмонларининг қурултойлари бўлиб ўтди. Ушбу қурултойларда Умумроссия мусулмонлар партияси – фирқасини (“Иттифоқ ул-Муслимин”) ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Албатта, бу қурултойларнинг мусулмонларнинг бирдамлиги даъвати билан тўлиб-тошган қарорлари тобора сиёсийлашган ва ўша вақтнинг тарихий воқелигига мослаштирилган миллий ҳаракат ривожига бевосита таъсир кўрсатаётган эди.

Бутун Россия мусулмонлар қурултойлари, шунингдек, (айниқса, иккинчи) Давлат думасининг мусулмонлар фракцияси қабул қилган қарорлари расмий ҳокимиятни “алоҳида хавотир”га солган соҳага айланди. Ҳокимият идоралари вакиллари мусулмонлар истиқомат қиладиган минтақалардаги деярли ҳар бир ўқимишли “ғайритабаа”да[16] “бўлгинчи”, “пантуркчи” ва “панисломчи”ни кўрадиган бўлди. Ушбу ҳокимият фикрича, жадидлар билан ҳамфикрларининг энг яқин мақсади “империяда мавжуд давлат тузумига қарши сиёсий кураш олиб бориш учун барча онгли мусулмонларни жипслаштириш, ушбу тузум панисломчилар наздида мусулмонларнинг ўз миллий тақдирини ўзи белгилаши йўлидаги асосий тўсиқ” эди[17].

Россия империяси вазирлар кенгаши раиси П.А. Столипин мусулмон халқларининг маънавий ва этномаданий бирлигини тарғиб қиладиган таълимотдан келиб чиқадиган “таҳдид”га эътибор қаратар экан, қуйидагиларни алоҳида таъкидлаган эди: “Христиан халқи учун мусулмон дунёси билан тўқнашув диний эмас, давлат ва маданият курашини англатади. Панислом тарғиботининг сўнгги пайтлардаги муваффақиятини шу билан тушунтириш мумкин, унинг муваффақияти Россияда муҳим аҳамиятга эга… Россия мусулмонларининг кўпмиллионлик оммаси, айрим истисноли ҳолатларни, турли шеваларда сўзлашишини ҳисобга олмаганда, бир туркий уруққа мансублиги ва бир тилда сўзлашишини эътибордан қочириб бўлмайди. Яна ўн беш миллион мусулмон аҳоли деярли битта улкан ҳудудда яшашини, тарихий ва маданий анъаналарини унутмаганини ҳам эсдан чиқармаслик керак… Бунақа вазиятда Россияда мусулмонлар масаласига таҳдиддан бошқа нарса деб қараб бўлмайди…”[18]

Миллий ўзига хосликни сақлаб қолиш, таълим ва маданият замонавий талабларга мос бўлишини таъминлаш, маънавий бошқарув тизимини ислоҳ қилиш, шу тариқа Умумроссия демократик ҳаракати Россиянинг сиёсий ҳаётига иттифоқчи сифатида кириб бориш истаги ҳокимиятнинг мусулмон халқлари миллий ҳаракатини обрўсизлантиришга интилишига сабаб бўлди. Маҳаллий жадидлар ва тараққийпарвар кишиларга муносабат 1917 йилдаги октябрь воқеаларидан сўнг ҳам ўзгармади. Большевиклар ҳам худди ўтмишдошларига ўхшаб, миллий ҳаракат вакилларини “панисломчилик” ва “пантуркчилик” ғояларини тарғиб қилишда айблашни давом эттирди.

Тарихда у ёки бу халқлар бегона, тажовузкор ва ёт маданий кучлар таъсирида тарих саҳнасидан йитиб кетгани ҳақидаги мисоллар кўп учрайди. Бироқ Марказий Осиё халқлари бундай бўлмади. Улар ушбу босимга кучли тамаддун ресурси – бой кўҳна тарихи ва анъаналарнинг мингйиллик миллий тизими ҳамда жаҳон ҳамжамиятига замонавий ва тенгҳуқуқли миллатлар сифатида қўшилишдай ўлмас истаги билан қарши тура олди.

Ушбу мақола Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институтининг (МОТХИ) ахборотномасида эълон қилинган эди, Самарқанд, 14-нашр, 2011 йил, 47-57-бетлар.

[14] Қаранг: Беҳбудий М., Баёни ҳақиқат // Улуғ Туркистон, 1917 йил 12 июнь.

[15] Наследие мусульманского национального движения // Деловая неделя. №31 (659), 19 августа 2005 г.

[16] Ғайритабаа (инородец) – чор Россиясида руслардан бошқа халқаларга, хусусан, Шарқ халқаларига берилган ном.

[17] Климович Л., Ислам в царской России, Москва, 1936, стр. 226.

[18] Цит. по: Климович Л. Указ. раб., стр. 226.

Равшан Абдуллаев,

тарих фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори

Манба

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!