Доғистоннинг эркин кураш бўйича ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Арсланбек Алиев Москвада бахтсиз ҳодисада одамларни қутқаришда иштирок этди. Бу ҳақда республика спорт вазирлигининг Телеграм-каналида хабар берилган. "Мен қаттиқ овозни эшитиб, воқеа жойига югурдим. Ёнаётган машинани кўришим билан дарҳол йўловчиларни олиб чиқишга шошилдим", - дея иқтибос келтиради Алиевнинг сўзларидан спорт вазирлиги матбуот хизмати.
"221-моделдаги, давлат рақамлари бўлмаган қора Мерседес бинога келиб урилган. Унинг ичида тўла йўловчилар эди. Уларнинг деярли барчаси ҳушдан кетишган. Хавфсизлик ёстиқчалари ишлаган, лекин олдинги ўриндиқдаги одамлар ҳар томондан сиқилган ва уларда ҳаёт аломатлари кўринмади" – деб ҳикоя қилади Алиев журналистларга берган интервьюсида.
“Мен югуриб бордим. Ўша ерда бўлган бир араб, икки ўзбек, яна бир ватандошим билан бирга одамларни олиб чиқа бошладик. Улар 6 нафар йўловчини орқа ўриндиқдан тортиб олишди. Ҳайдовчи ва унинг ёнидаги қизни қутқаришнинг иложи бўлмади. Бир неча дақиқада машина аланга олди. Машинанинг бунчалик тез ёниб кетишини тасаввур ҳам қила олмадим", дейди спортчи.
Доғистон спорт вазирлиги мураббийни мукофотга тақдим қилади, деган бошқарма бошлиғи Сожид Сожидов.
Блогер Расул Тавдиряков, ўт олган машинадан одамларни қутқаришга доғистонликлар, ўзбеклар, араблар бўлгани ҳолда маҳаллий аҳоли ёрдам беришга ошиқмагани, эътибор ҳам бермаганини ёзган.