Саййидим Абдулқодир Гийлоний қуддиса сирруҳ ўзлари билан бўлган воқеани ҳикоя қилиб бундай дейди: "Бир тун саҳрода кетаётганимда кучли ташналик тутди. Шунда бирдан олд тарафим ёришиб кетди ва атрофимни ёрқин булутлар қоплаб олди. Булутлар ичидан: "Эй Абдулқодир, мен Роббингман. Сен менга мақбул мақомга етдинг ва бугундан сенга бошқаларга ҳаром этган барча нарсаларни ҳалол этдим", деган овоз эшитилди.
Шунда Аллоҳ таолонинг инсонлар саййиди бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга "Ва Роббингга то яқийн (ўлим) келгунча ибодат қил!" [Ҳижр сураси, 99-оят] дея марҳамат этгани ёдимга келди. Билдимки, бу шайтон алайҳил-лаънадир.
Бор овозим билан "Эй малъун, кўзимдан йўқол. Мен сени танидим", деб қичқирдим.
Шу он бирданига кўз олдимдан ёрқин булутлар йўқолиб, ўрнини қоронғулик қоплади".
"Алҳуббу фил Қуръан".
Муҳаммадсаид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ.
Инсон тақвода, илмда, мақомда қанчалар юксалмасин ундан шариат таклифотлари ҳеч қачон кўтарилмайди.
Аввалги-ю кейинги гуноҳлари кечирилган Пайғамбарлар алайҳимуссалом ва жаннатийлиги башорати тириклигидаёқ берилган саҳобийлар розияллоҳу анҳумдан-ки шариат таклифотлари кўтарилмадими, тамом, бошқа ҳеч ким ҳечдан ҳеч қачон кўтарилмас.
Илло, уч кимса: уйқудаги, балоғатга етмаган ва мажнун кимсалар бундан мустаснодир.
Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ