Ислом

“Мусулмончилик – аста-секинлик”ми?

1316

Баъзи одамларнинг “Мусулмончилик – аста-секинлик” деганини эшитиб қоламиз. Аслида ҳам шундайми? Бу гапни қандай тушуниш керак?

“Мусулмончилик – аста-секинлик” деган гап бор. Аммо уни ўз ўрнида қўллаш керак. Масалан, фарзларни адо этишда бу иборага амал қилинмайди. Дейлик, бир киши намоз ўқишни бошлади ва “Мусулмончилик – аста-секинлик” деб, олдинига икки маҳал, кейин уч маҳал ўқиб, секин-секин беш маҳал намоз ўқишга ўтиб оламан дейиши хато!

Бу иборага амал қилиб бўлмайдиган ўринлардан яна бири ҳаром амаллардан тийилишдир. Ҳаром амалдан тийилиш фарз! Ҳаромнинг озу кўпи бўлмайди ва уни аста-секинлик билан тарк этилмайди. Бир амалнинг ҳаромлиги билинган заҳоти ундан дарҳол тийилиш лозим.

Тўғри, Исломнинг илк даврларида одамларни турли ёмон одатлардан қайтариш босқичма-босқич амалга оширилган. Аммо бу ҳолатга Расулуллоҳнинг (с.а.в.) замонларидаёқ – шариат тугал ва мукаммал бўлгач, барҳам берилган.

“Мусулмончилик – аста-секинлик” иборасини нафл ибодатларга амал қилишда қўллаш тўғри бўлади. Масалан, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) душанба ва пайшанба кунлари рўза тутар эдилар, кечалари таҳажжуд намози ўқир эдилар. Ким Расулуллоҳга (солаллоҳу алайҳи ва саллам) эргашаман, у зот (алайҳиссалом) қилган амални мен ҳам бажариб, Аллоҳнинг фазлига эришай деса, аста-секин ана шу амалларни қилишни йўлга қўйиши мумкин.

Нафл ибодатлар ҳам шундай. “Нафл” сўзи “ортиқча”, “қўшимча” деган маънони англатади. Яъни, нафл фарз, вожиб, суннат амалларга қўшимча қилинадиган зиёда амалдир. Уни қилган савоб олади, қилмаган гуноҳкор бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу амалларни бажаришни аста-секин йўлга қўйган кишига танглик йўқдир. Масалан, беш вақт намоздан ташқари Ишроқ, Зуҳо, Аввобин каби намозлар нафл ҳисобланади. Буларни адо этишни секин-секин йўлга қўйиш мумкин. Маълум вақт бир нафл амални қилиб, уни одатга айлантириб олган киши яна зиёда амал қилгиси келади. Шунда бошқа бир нафл ибодатни қилишга ҳам ўтиши мумкин. Шу йўл билан аста-секин кўп нафл ибодатларни адо этадиган бўлади. Аста-секинлик билан қилинадиган амаллар ана шулардир.

Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф

“Ирфон” тақвимидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Адий ибн Ҳотимнинг Исломга кириши

1148 12:20 28.02.2020

Англиялик мусулмон Маккага пиёда кетяпти

726 09:27 24.02.2020

Немис кишини иймонга келтирган талаба...

1643 22:00 12.02.2020

Урушдан қочган суриялик кулол Туркияда нималар қилмоқда?

937 15:20 07.02.2020

Шараф – мусулмонликда!

5027 12:25 04.02.2020
« Орқага