Мусулмонлар идораси: Қашқадарёдаги масжид ёпилмайди («Тилхат»га муносабат)

15:27 10.08.2018 2142

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْماً بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

“Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

(Агар хабар Аллоҳдан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар. Ояти каримада Аллоҳ таоло “фосиқ хабар келтирса, аниқлаб” хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло “бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”, демоқда.) ("Ҳужурот" сураси, 6-оят).

Маълумки, қадимдан хайрли ва бунёдкорлик ишларига тош отадиган ва уни кўролмайдиган кучлар, гуруҳлар, шахслар доимий равишда ҳаракатда бўлган. Инсонийликка, эзгу ва савоб ишларга қарши бўлган, уни тўхтатишга ҳаракат қиладиган ғаддор шахслар жамиятда топилган. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси диёримиздаги мўъмин-мусулмонларга хизмат кўрсатадиган, уларнинг диний масалаларида кўмакчиси, бу борадаги кундалик ибодат ва бошқа маросимларини тўлиқ бажаришларида фаол ёрдам бермокда.   

Айрим ижтимоий тармоқларда вазиятни тўлиқ ўрганмасдан ҳамда мутасадди ташкилот ва шахслардан суриштирмасдан бир нохуш хабар тарқатилган. Жумладан,  Қашқадарё вилояти, Ғузор туманидаги Ярғунчи жоме масжидининг фаолиятига доир маълумотлар келтирилиб, гўёки ушбу кунларда масжид имоми тилхат ёзиб бергани, унда бир миллион сўм пул тушумини ташкил қилмаса, ўзига нисбатан чора кўрилиши, ҳаттоки масжид фаолияти тўхтатилиши ҳақидаги “тилхат” намунаси келтирилган.

Мақолада келтириб ўтилган ҳолат аслида 2018 йил март ойида содир бўлган.  Аввало шуни таъкидлаш лозимки, масжидлар нодавлат ва нотижорат ташкилот булиб,  ўз-ўзини молиявий таъминлайди. Табиийки, бу масалада масжидга тақдим қилинаётган ҳадя ва эҳсонлар муҳим рол ўйнайди. 

Ҳозирги кунга қадар ушбу масжид молиявий харажатларини ўзи қопламайдиган қўшимча иқтисодий ёрдамга муҳтож бўлган масжидлар қаторига киради.

Бироқ масжиддаги молиявий муаммолар сабаб унинг имомига ёки ноибига нисбатан чора кўрилмаган.

Шу йилнинг май ойида Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. “Вақф”нинг асосий фаолияти аҳолининг кам таъминланган ва иқтисодий ночор қатламни иқтисодий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашдан иборат. Шу жумладан, Республикамиздаги масжид имом-хатиблари ва ходимларининг маоши ҳамда ижтимоий ҳимоясини ҳам таъминлашдан иборат.

Айнан Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Ярғунчи жоме масжидида 2018 йилнинг июн ва июл ойларида жума намози тушумларидан жами 206  минг сўм пул масжид ҳисоб рақамига келиб тушган. Ушбу маблағ “Вақф” хайрия жамоат фондининг ҳисобига ўтказилган.

Энди қуйидаги рақамларга эътибор қилайлик:

“Вақф” хайрия жамоат фонди июл-август ойларида ушбу Ғузор туманидаги Ярғунчи жоме масжидига жами 1 миллион 600 минг сўм миқдорида маблағ ўтказган. Ҳисобни тушунган ҳар қандай киши орадаги тафовутни бемалол била олади. Айни шу ҳолат мамлакатимиздаги барча масжидларга ҳам қўлланилмокда. Демак, ҳозирги кунда моддий тарафдан муҳтож масжидларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан етарли миқдорда ёрдамлар кўрсатилмоқда. Дарҳақиқат, “Вақф” хайрия жамоат фондини ташкил этишдаги бирламчи вазифалардан бири ўз ижросини топмоқда.

Азизлар! Юқоридаги оятда келтирилганидек, бирон хабарни эшитсак ёки ўқисак, “...аниқлаб кўринглар” амрига амал қилайлик!

Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси
Матбуот хизмати

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!