Мусулмонлар идорасининг Фатво бўлими бошлиғи рўмол ҳақида: «Энди буни муаммо ёки сиёсий тазйиқ деб талқин қилиш нотўғри»

16:00 11.03.2018 10402

Аввал хабар берганимиздек, 9 март куни Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг асосий биносида «Ёшлар пресс-клуби»нинг махсус сони «Ёшлар тарбиясида диний маърифат масаласи» мавзусида мулоқот бўлиб ўтди. Кўрсатув иттифоқнинг Facebook’даги саҳифаси орқали жонли тарзда намойиш этилди.

Унда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизация марказидан вакиллар иштирок этди.

Қизиқарли ва конструктив руҳда ўтказилган бу пресс клубда ёшларнинг саволларини кўрсатув бошловчиси ўқиб эшиттирди. Жумладан, у кўпчилик мусулмонларни қийнаб келган масала, таълим муассасалари ва иш жойларида аёл-қизларнинг рўмолига бўлаётган салбий муносабат, нима учун уларнинг рўмолини ечтиришга уриниш бўлаётгани ҳақида сўради.

Ушбу саволга Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Исматбеков қуйидагича жавоб берди:

«Рўмол масаласининг кўтарилиши табиий ҳолат, биз буни тўғри жараён, деб қабул қиламиз. Бугунги кунда Юртбошимиз ташаббуси билан муаммоларнинг тубига етиб, уларни бартараф этишга доир қатор ислоҳотлар ўтказилмоқда ва улар қонун ё низомлар даражасида ўз ечимини топмоқда. Демак, бу масала ҳам секин-аста қонун ё низом даражада ўз ечимини топади деган умиддамиз».

Бошловчи муаммонинг долзарблигини билдириш учун таълим муассасалари ва иш жойларида рўмол ва ҳижобга қарши кескин сиёсат юритилаётгандан мақсад нимада, деган мазмундаги саволни яна қайтадан сўради. Шу мазмундаги савол йўллаган 22 кишининг исм-шарифини номма ном санади.

«Энди буни муаммо ёки сиёсий тазйиқ бўляпти деб талқин қилиш нотўғри. Бу жараён ҳозир кетяпти. Шу муаммо кўтарилди. Диний идора (Ўзбекистон мусулмонлари идораси-таҳрир)га ҳам мурожаатлар ўз-ўзидан мурожаатлар кучайди. Албатта, ҳозирги кунда идорамиз раҳбарлари рўмол масаласида ва «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳақида»ги қонунда кўрсатилган юқоридаги рўмол тўғрисидаги тушунчаларни қай даражада талқин қилиниши ёки уни сақлаб қолиш керакми, йўқми, шу тўғрисида таклифлар берилган. Раҳбарларимиз бориб, муҳокама қилиб, қайсидир даражада буни ҳал қилиш учун таклифлар бериляпти. Бу ўзининг ўрни билан ҳал бўлади. Энди буни бошқача талқин қилиб, динга тазйиқ ёки бошқача деб уни сиёсийлаштириш нотўғри», деб айтди Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Исматбеков.

Қайд этиб ўтиш керак, Олий таълим муассасалари ва Халқ таълим вазирлигининг одоб-ахлоқ қоидаларига киритилган баъзи бандларга кўра, аёл-қизларнинг таълим муассасасларига рўмолда келиши тақиқлангани айтиб келинади.

Жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Олий таълим муассасасининг одоб-ахлоқ қоидалари»нинг 3.2 бандида шундай дейилади: «Эътиқод эркинлиги диний маросим либосларида ОТМга ҳуқуқини кафолатламайди».

Айнан шу қоидаларнинг 3.3 бандида эса, "ОТМга диний ибодат либосида келиш тақиқланади", деб ёзиб қўйилган.

Ёрқин мисол тарзида "Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия университетиннг одоб-ахлоқ қоидалари"ни ҳам олиш мумкин.

Университет одоб-ахлоқ қоидаларининг 4.5 бандида хижоб ва бошқа диний кийим бошларни кийиши тақиқлангани очиқ-ойдин ёзиб қўйилган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!